Sayt test rejimida ishlamoqda

Худайбергенов Азамат Абдиқаликовичнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри: «Маданиятлараро мулоқотда инсон характерини ифодаловчи фразеологик бирликларнинг ўзига хос хусусиятлари (инглиз ва қорақалпоқ тиллари мисолида)», 10.00.06 – Қиёсий адабиётшунослик, чоғиштирма тилшунослик ва таржимашунослик (филология фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2021.1.PhD/Fil1674.
Илмий раҳбарининг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони: Ахмедов Ойбек Сапорбаевич, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Нукус давлат педагогика институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институти, DSc.02/25.08.2021.Fil.137.01. 
Расмий оппонентларнинг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони: Нажимов Пердебай Айманович, филология фанлари доктори, катта илмий ходим; Жураева Ирода Ахмедовна, филология фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот номи: Урганч давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади инглиз ва қорақалпоқ тилларидаги инсон характерини ифодаловчи фразеологик бирликларнинг лингвомаданий, миллий ва миллатлараро муносабатлардаги умумий ва фарқли жиҳатларини лингвомаданий таҳлил асосида очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
инглиз ва қорақалпоқ тиллари фразеологик бирликларнинг лингвомаданий хусусиятларини аниқлаш орқали ҳар икки тилнинг тафаккури, ментал олами, урф-одатлари, тарихи ва дунёқарашининг инсон характерини ифодаловчи фразеологик олам тасвирида бевосита акс этиши кросс-маданий усул орқали исботланган;
инсон характерини ифодаловчи фразеологик бирликларнинг структур-семантик хусусиятларини аниқлаш орқали инглиз ва қорақалпоқ тиллари кесимида инсон характеринии ифодаловчи фразеологик бирликлар орасидаги парадигматик алоқалар алоҳида семантик-мавзуий майдонда очиб берилган;
чоғиштирилаётган тилларда инсон характерини ифодаловчи фразеологик бирликларни мавзуий гуруҳларга ажратиш орқали уларнинг стилистик, структур-семантик тузилиши ва мулоқот жараёнида намоён бўладиган коммуникатив-прагматик хусусиятларининг антропоцентрик боғлиқлиги исботланган;
қиёсланаётган тилардаги инсон характерини ифодаловчи фразеологик бирликларнинг ижобий ва салбий коннотация доирасидаги алломорф ва изоморф хусусиятларини белгилаш орқали уларнинг узуал, окказионал маъноларини аниқлашнинг лингвокогнитив усуллари ва моделлари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Инглиз ва қорақалпоқ тиллари маданиятлараро мулоқотида инсон характерини ифодаловчи фразеологик бирликларнинг лингвомаданий, когнитив ва прагматик хусусиятларини аниқлашга қаратилган илмий натижалар асосида:
инглиз ва қорақалпоқ тиллари фразеологик бирликларнинг лингвомаданий хусусиятларини аниқлаш орқали ҳар икки тилнинг тафаккури, ментал олами, урф-одатлари, тарихи ва дунёқарашининг инсон характерини ифодаловчи фразеологик олам тасвирида бевосита акс этишига оид хулосалардан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтида 2012-2014 йилларда бажарилган ФА-А1-Г007 «Қорақалпоқ нақл-мақоллари лингвистик тадқиқот объекти сифатида» мавзусидаги амалий тадқиқот лойиҳасида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлимининг 2022 йил 12 январдаги 14/1-сон маълумотномаси). Натижада инглиз ва қорақалпоқ тилларида инсон характерини ифодаловчи фразеологик бирликларнинг ҳосил бўлиши, сўздан, сўз бирикмалари ва гапдан фарқли жиҳатларини аниқ чегаралаш, инсон характерининг турли томонларини образли ифодалаши, уларни инглиз тилидан қорақалпоқ тилига таржима қилишга хизмат қилган;
инсон характерини ифодаловчи фразеологик бирликларнинг структур-семантик хусусиятларини аниқлаш орқали инглиз ва қорақалпоқ тиллари кесимида инсон характеринии ифодаловчи фразеологик бирликлар орасидаги парадигматик алоқаларга оид хулосалардан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти томонидан муҳим манба сифатида фойдаланилган (Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Давлат тилини ривожлантириш департаментининг 2021 йил 17 июндаги 11-06/5-06/891-сон маълумотномаси). Натижада ҳар иккала тил фразеологизмларининг ўхшаш ва ноўхшаш жиҳатларининг лисоний самаралари маданий алоқаларда амалиётга жорий этишга хизмат қилган;
қиёсланаётган тилардаги инсон характерини ифодаловчи фразеологик бирликларнинг ижобий ва салбий коннотация доирасидаги алломорф ва изоморф хусусиятларини белгилаш орқали уларнинг узуал, окказионал маъноларини аниқлашнинг лингвокогнитив усуллари ва моделларига оид илмий-амалий хулосаларидан Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейида фойдаланилган (ҚР Тарихи ва маданияти давлат музейининг 2021 йил 18 июндаги 259-сон маълумотномаси). Натижада меҳмонларга тақдим этиладиган ёзма манбаларда, буклетларда, ташриф қоғозларида қорақалпоқ халқи турмуш тарзи, урф-одатлари, тарихи, дунёқараши, маданияти ва мифологияси билан тўлақонли таништиришга имконият яратилган;
чоғиштирилаётган тилларда инсон характерини ифодаловчи фразеологик бирликларни мавзуий гуруҳларга ажратиш орқали уларнинг стилистик, структур-семантик тузилиши ва мулоқот жараёнида намоён бўладиган коммуникатив-прагматик хусусиятларининг антропоцентрик боғлиқлигига хос илмий-амалий хулосалардан Қорақалпоғистон телерадиокомпаниясининг «Мусиқий дам олиш дастурлари» бош муҳарририяти томонидан тайёрланган «Ассалом, Қорақалпоғистон», «Хайрли тонг», «Адабий портрет» эшиттиришларида фойдаланилган (Қорақалпоғистон Телерадиокомпаниясининг 2021 йил 15 июндаги 01-04-348-сон маълумотномаси). Натижада маданий мулоқотда субординацияга эътибор бериш, ўзаро ҳурматни жойига қўйиш каби инсоний фазилатларни унутмасликка даъват этиш ва ёш авлодни тилшуносликка, бадиий адабиётга қизиқтиришга, китобхонлик маданиятини ўстиришга тарғиб этишга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish