Рашидова Феруза Мусаевнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзбекистон узлуксиз таълим тизимида CEFRни татбиқ этишнинг концептуал-методик асосларини такомиллаштириш (инглиз тили мисолида)», 13.00.02–Таълим ва тарбия назарияси ва методикаси (инглиз тили) (педагогика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.2.DSc/Ped34.
Илмий маслаҳатчи: Боқиева Гуландон Хисамовна, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, DSc.27.06.2017.Ped.27.01.
Расмий оппонентлар: Хошимова Дилдора Уринбаевна, педагогика фанлари доктори, профессор; Хошимов Ганижон Мирзаахмедович, филология фанлари доктори; Шарипова Диляра Джуманиязовна, педагогика фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат чет тиллар институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Ўзбекистонда мавжуд чет тилларини ўрганиш тизимини СEFR асосида такомиллаштиришнинг концептуал-методик асосларини инглиз тили мисолида ўрганиш.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
янги педагогик технологиялар асосида яратилган ўқув-методик материаллар воситасида чет тили мутахассисликлари интеграциясини таъминлаш методикаси ишлаб чиқилган;
Давлат таълим стандартини такомиллаштириш ҳамда чет тилини ўрганиш, ўргатиш ва билиш даражасини баҳолаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилган;
таълимининг ҳар бир босқичи учун ишлаб чиқилган мезонлар асосида чет тилини билиш даражасини ички ва ташқи баҳолашни тенглаштириш тизими яратилган;
педагогларнинг касб маҳоратини такомиллаштириш асосида сифат самарадорлигига йўналтирилган дастур, баҳолаш тизими ва усулларини ўзида мужассамлаштирган педагогларнинг квалиметрияси ишлаб чиқилган;
янги педагогик технологияларга асосланган методлар асосида чет тилини касбга йўналтирилган ва фан билан итеграллашуви механизмининг В1, В1+, В2 ва С1 даражалари яратилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ўзбекистон узлуксиз таълим тизимида CEFRни татбиқ этишнинг концептуал-методик асосларини такомиллаштириш бўйича олинган илмий тадқиқот натижалари асосида:
Ўзбекистон Давлат таълим стандартини такомиллаштириб бориш, чет тилини ўрганиш, ўргатиш ва билиш даражасини баҳолашга доир тавсиялар илмий-текшириш институтларида, олий, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, халқ таълими малака ошириш институтларида жорий қилинган, шунингдек ўқув-услубий материалларни яратишда, ўқитувчиларнинг аттестацияси ва таълим муассасаларининг аккредитация жараёнларида фойдаланилган (Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг 2017 йил 31 майдаги маълумотномаси). Таклиф этилган материаллар Давлат таълим стандартини амалга ошириш доирасида чет тиллар учун ўқув-методик комплексларни ишлаб чиқиш ва татбиқ қилиш самарадорлигини илмий асослашга хизмат қилган;
таълимнинг ҳар бир босқичи учун яратилган мезонлар асосида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида инглиз тили мисолида чет тилини билиш даражасини ички ва ташқи баҳолашни тенглаштириш тизими ва методлари жорий қилинган (Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг 2017 йил 31 майдаги маълумотномаси). Натижада материаллар халқаро стандартларга мувофиқ чет тилини ўзлаштириш даражасини баҳолашнинг миллий тизими асосида баҳолаш методикасини ишлаб чиқишга хизмат қилган;
фан ва мутахассислик доирасида чет тилининг интеграцияси усуллари бўйича ишлаб чиқилган натижалар ИТД-1, А-1-219 рақамли “CEFR С1 даражаси асосида ўқув-услубий мажмуа яратиш” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон давлат таълим стандартининг В1, В1+, В2, С1 даражалари учун ўқув-услубий материаллар ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг 2017 йил 14 октябрдаги 06/958-сон маълумотномаси). Натижада ўрта махсус, касб ҳунар таълими ўқувчиларининг билим даражаларини ўқув услубий материаллар ёрдамида босқичма-босқич такомиллаштириш имконини берган;
узлуксиз таълим тизимида чет тили бўйича таълим сифати кафолатини таъминлаш инструментлари ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими мисолида амалиётга (инглиз тили бўйича) татбиқ этилган (Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг 2017 йил 31 майдаги маълумотномаси). Таклиф этилган материаллар ўрта махсус, касб ҳунар таълими муассасаларида чет тилларини ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, ўқитишнинг янги технологияларини жорий этиш, янги авлод адабиётларидан фойдаланиш, чет тили ўқитувчиларининг маҳоратини оширишга хизмат қилган.