Sayt test rejimida ishlamoqda

Рахимий Шариф Уктамовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Лоб- ва билобэктомиядан кейин бронхиал оқмаларни хирургик даволаш тактикасини ва профилактика усулларини оптималлаштириш», 14.00.27 – Хирургия (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.2.PhD/Tib1284.
Илмий раҳбар Эшонходжаев Отабек Джураевич, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасаноми, ИК рақами: академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази Dsc.04/30.12.2019.Tib.49.01.
Расмий оппонентлар: Беркинов Улугбек Базарбаевич, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Гулямов Олим Мирзохитович,тиббиёт фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Краснодар ўлкаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Профессор. С.В. Очаповский номидаги 1-сон ўлка клиник шифохонаси - илмий тадқиқот институти” ДССБМ (Россия Федерацияси).
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: бронхиал оқмаларнинг олдини олиш усуллари ҳамда хирургик даволаш тактикасини такомиллаштириш орқали лобэктомия ва билобэктомиядан кейин беморларни жарроҳлик йўли билан даволаш натижаларини яхшилашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
ўпка резекциясининг салбий натижаси предикторларига аниқлик киритилган ҳамда бўлак бронхлари чўлтоғига ишлов беришнинг турли усулларига боғлиқ ҳолда лобэктомия ва билобэктомиядан кейинги қониқарсиз натижалар билан сабаб-омилли алоқаси аниқланган;
ҳар бир нозологик гуруҳ учун турли даволаш усулларига кўрсатмаларни унификация қилиш билан юзага келган бронхоплеврал оқмаларнинг хусусияти ва муддатларига боғлиқ ҳолда бўлак бронхларининг чўлтоғи етишмовчилиги ривожланишини башорат қилишнинг специфик мезонлари аниқланган;
бронх чўлтоғининг етишмовчилиги ва бронхоплеврал оқма ривожланиши хавфи юқори бўлган беморлар учун кўрсатмаларни кенгайтиришга қаратилган лобэктомия ва билобэктомиядан сўнг бўлак бронхлари чўлтоғини қоплашнинг модификацияланган усули ишлаб чиқилган;
бўлак бронхлари чўлтоғини қоплашнинг модификацияланган усули қўлланилганда резекция қилинган бронх соҳасида фибробластларнинг эрта шаклланиши билан шиллиқ қаватнинг асосан пролифератив гиперплазияси қайд этилиши морфологик тадқиқотлар орқали исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Ўпка резекцияси амалга оширилган беморларга кўрсатилаётган юқори технологияли ёрдам сифатини ошириш бўйича олиб борилган илмий тадқиқот натижалари асосида:
“Бўлак бронхини мустаҳкамлаш усули” ишлаб чиқилган (FAP 01575-сонли фойдали модел учун патент, 27.01.2021). Таклиф этилган усул бронх чўлтоғи чокининг зичлигини ишончли тарзда оширишга ва ўпка резекциялари ва унга боғлиқ плевра эмпиемасидан кейинги чўлтоқ етишмовчилиги ва бронхоплеврал оқма ривожланиш ҳолатларини камайтиришга имкон берган;
ўпканинг анатомик резекцияси натижаларини яхшилаш бўйича тадқиқотнинг илмий натижалари асосида ишлаб чиқилган “Ўпканинг анатомик резекцияси натижаларини яхшилаш йўллари” номли услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2022 йил 28 майдаги №08-14614 маълумотномаси). Таклиф этилган тавсиялар бронхоплеврал оқмалар билан касалланган беморларни хирургик даволашни ва кейинги реабилитациясини мақбуллаштиришга асосланган бўлиб, бу беморларнинг ушбу оғир тоифасининг ҳаёт сифатини яхшилашга имкон берган;
бронхоплеврал оқмалар билан касалланган беморларга кўрсатиладиган хирургик ёрдам сифатини яхшилаш бўйича олинган илмий натижалар соғлиқни сақлашнинг амалий фаолиятига, жумладан, академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказига, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро ва Хоразм филиалларининг хирургия ва эндоскопия бўлималарига жорий этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2022 йил 28 майдаги №08-14614 маълумотномаси). Лоб - ва билобэктомиядан кейин бронхоплеврал оқма билан касалланган беморларни хирургик даволашда таклиф этилган тактик-техник ёндашувларни қўллаш асоратлар частотасини 20,5% дан 8% гача камайтириш билан оператив аралашувлар структурасини ўзгартиришга, умуман олганда, аъло ва яхши натижалар улушини оширишга, ногиронликни камайтиришга ва беморларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга имкон берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish