Sayt test rejimida ishlamoqda

Рахимова Муаттара Абдусаттаровнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Давлатлараро минтақавий иқтисодий ҳамкорликнинг халқаро  ҳуқуқий аспектларини такомиллаштириш», 12.00.10 –Халқаро ҳуқуқ (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.DSc/Yu24. 
Илмий маслаҳатчи: Адилхожаева Сурайё Махкамовна, юридик фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: DSc.11/30.12.2019/ Tar/Yu/I/S/24.01
Расмий оппонентлар: Иномжон Ибрагимович Бобоқулов, юридик фанлар доктори; Феруза Фархадовна Эшматова, юридик фанлар доктори, доцент; Иркин Мирзахидович Умарахунов, юридик фанлар доктори, доцент. 
Етакчи ташкилот номи: Юристлар малакасини ошириш маркази.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади давлатлараро минтақавий иқтисодий ҳамкорликнинг халқаро ҳуқуқий аспектлариини очиб бериш ва халқаро минтақавий иқтисодий ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикаси билан ҳамкорлигини ривожлантиришга йўналтирилган таклифлар ҳамда амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
давлатлараро минтақавий ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишда узоқ муддатга мўлжалланган минтақавий стратегик ҳамкорлик ҳужжатини қабул қилиш орқали қўшма иқтисодий зоналарни ташкил этиш, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, рақамли иқтисодиётни ва ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, транспорт-коммуникация ҳамда Марказий Осиё минтақаси транзит салоҳиятини ошириш каби масалаларни ҳал этиш асослаб берилган;
халқаро минтақавий ҳамкорлик соҳасини ривожлантиришда «аҳдлашувчи томон» (халқаро шартноманинг мустақил томони сифатида иштирок этаётган ҳамда у кучга кириши ёки кирмаслигидан қатъи назар, ушбу халқаро шартнома ўзи учун мажбурий эканлигига розилик билдирган халқаро ташкилот ва (ёки) халқаро шартномалар тузиш ҳуқуқига эга бўлган  субъект) тушунчасини ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда қўллаш ва қонунчиликда белгилаш зарурати асослаб берилган;
Ўзбекистон Республикасининг етакчи давлатлар билан кенг қамровли ҳамкорлигини стратегик даражага олиб чиқишда халқаро ташкилотлар билан кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимларни келишиш орқали минтақавий ва халқаро масалалар бўйича Ўзбекистон ташаббусларини илгари суриш асослаб берилган;
халқаро минтақавий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган халқаро стандартларга мувофиқ «халқаро ташкилот», халқаро минтақавий ҳамкорлик соҳасида «халқаро иқтисодий ҳамкорлик», «ташқи иқтисодий фаолиятнинг асосий йўналишлари», «Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташкилот билан халқаро шартномаси» тушунчаларига муаллифлик таърифи ишлаб чиқилган ва қонунчиликда белгилаш асослаб берилган;
давлатлар ўртасидаги муносабатларни кўп тарафлама халқаро ҳуқуқий тартибга солиш орқали минтақавий иқтисодий ҳамкорликни янада чуқур англаган ҳолда, минтақавий ўзаро ҳамкорликни мураккаблаштирадиган давлатларнинг танланган ривожланиш моделлари, миллий қонунчилиги, ташқи иқтисодий фаолият мақсадларига ёндашишдаги фарқларини ҳисобга олишда халқаро иқтисодий ташкилотларнинг тутган ўрни очиб берилган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Давлатлараро минтақавий иқтисодий ҳамкорликнинг халқаро ҳуқуқий аспектлари бўйича олиб борилган тадқиқот натижалари асосида:
қўшма иқтисодий зоналарни ташкил этиш, инвестицион ҳамкорликни кенгайтириш, рақамли иқтисодиётни ва ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, транспорт-коммуникация ҳамда Марказий Осиё минтақаси транзит салоҳиятини ошириш каби соҳаларни қамраб олган ҳолда узоқ муддатга мўлжалланган минтақавий стратегик ҳамкорлик ҳужжатини қабул қилиш орқали давлат минтақавий ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш асослаб берилган хулосалардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон Фармони билан тасдиқланган «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси»нинг 94-мақсадини «Марказий Осиёда хавфсизлик, савдо-иқтисодий, сув, энергетика, транспорт ва маданий-гуманитар соҳалардаги яқин ҳамкорликни сифат жиҳатидан юқори босқичга олиб чиқиш» ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2022 йил 10 февралдаги 4/32-1/575-сон далолатномаси). Натижада, Ўзбекистон Республикаси амалиётида мавжуд ҳамда шаклланаётган халқаро минтақавий хамкорликнинг турли шакл ва турларини тартибга солиш имконияти яратилган;
халқаро минтақавий ҳамкорлик соҳасини ривожлантиришда «аҳдлашувчи томон» (халқаро шартноманинг мустақил томони сифатида иштирок этаётган ҳамда у кучга кириши ёки кирмаслигидан қатъи назар, ушбу халқаро шартнома ўзи учун мажбурий эканлигига розилик билдирган халқаро ташкилот ва (ёки) халқаро шартномалар тузиш ҳуқуқига эга бўлган субъект) тушунчасини ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда қўллаш ва қонунчиликда белгилаш зарурати асослаб берилган хулосалардан  Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 6 февралда янги таҳрирда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги ЎРҚ-518-сонли Қонунининг 4-моддасига ўзгартириш киритишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2019 йил 20 сентябрдаги 10/1-758-сон далолатномаси). Натижалар ушбу халқаро иқтисодий ҳамкорлик соҳасини ривожлантиришга ёрдам беради ҳамда мазкур ҳамкорликда халқаро ташкилотлар иштирокининг тутган ўрнини кўрсатишга хизмат қилган;
Ўзбекистон Республикасининг етакчи давлатлар билан кенг қамровли ҳамкорлигини стратегик даражага олиб чиқишда халқаро ташкилотлар билан кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимларни имзолаш орқали минтақавий ва халқаро масалалар бўйича Ўзбекистон ташаббусларини илгари суриш асослаб берилган хулосалардан Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 6 февралда янги таҳрирда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги ЎРҚ-518-сонли Қонунининг 4-моддасига ўзгартириш киритишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2019 йил 20 сентябрдаги 10/1-758-сон далолатномаси). Бу эса халқаро иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш билан бирга, халқаро ташкилотлар миқёсида ҳамкорлик алоқаларининг фаоллашувига, уларнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилган;
муаллифнинг тушунчаларини аниқлаштириш бўйича таклифлари «Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташкилот билан халқаро шартномаси» тушунчасига берилган таърифдан ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 6 февралдаги янги таҳрирда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги ЎРҚ-518-сонли Қонунининг халқаро ташкилотлар билан халқаро шартномалар тузиш, фойдали алоқалар ўрнатиш ва кенгайтиришга қаратилган ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш ҳақидаги таклифлардан 4-моддасига ўзгартириш киритишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2019 йил 20 сентябрдаги 10/1-758-сон далолатномаси); «халқаро ташкилот» тушунчасига берилган муаллифлик таърифидан Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 6 февралда янги таҳрирда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги ЎРҚ-518 Қонунининг 4-моддасини «халқаро ташкилот — ўзининг таъсис ҳужжатига мувофиқ халқаро хусусиятга эга муайян вазифаларни бажариш учун ташкил этилган ва халқаро ҳуқуқнинг субъекти бўлиш ҳуқуқига эга бўлган давлатлараро (ҳукуматлараро) ташкилот» тушунчаси билан тўлдиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2019 йил 20 сентябрдаги 10/1-758-сон далолатномаси). Бу эса Қонуннинг 4-моддасида мазкур соҳадаги давлат сиёсатининг йўналишларини халқаро стандартларга мос равишда аниқ белгилашга хизмат қилган; 
минтақавий ташкилотлар доирасида Ўзбекистон миллий манфаатларини фаол илгари сурувчи савдо-иқтисодий, молиявий, маданий-ижтимоий, сайёҳлик, экология соҳаларидаги алоқаларни ривожлантиришга қаратилган халқаро ҳуқуқий маслаҳатлашувнинг ҳамкорлик шаклларини қўллаб-қувватлаш асослаб берилган хулосалардан янги таҳрирдаги «Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида»ги ЎРҚ-77-II-сонли Қонуннинг 9, 10-моддаларига ўзгартириш киритишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2019 йил 12 октябрдаги 4/42-5-6771-сон далолатномаси). Натижалар «халқаро иқтисодий ҳамкорлик», «ташқи иқтисодий фаолиятнинг асосий йўналишлари» тушунчаларининг моҳиятини тўлиқ ёритишга ҳамда ушбу ҳамкорликда халқаро ташкилотлар иштирокининг ўрнини кўрсатишга, минтақавий миқёсда ҳамкорлик алоқаларининг фаоллашувига, уларнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилган;
давлатлар ўртасидаги муносабатларни кўп тарафлама халқаро ҳуқуқий тартибга солиш орқали минтақавий иқтисодий ҳамкорликни янада чуқур англаган ҳолда, минтақавий ўзаро ҳамкорликни мураккаблаштирадиган давлатларнинг танланган ривожланиш моделлари, миллий қонунчилиги (халқаро шартномаларни ратификация қилиш жараёнининг босқичлари, бу жараёнда иштирок этувчи шахсларнинг жавобгарлиги), ташқи иқтисодий фаолият мақсадларига ёндашишдаги фарқларини ҳисобга олишда халқаро иқтисодий ташкилотларнинг тутган ўрни очиб берилган хулосалардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон Фармони билан тасдиқланган «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси»нинг 93-мақсадини «Мамлакатнинг халқаро муносабатлардаги тенг ҳуқуқли субъект сифатидаги ролини ошириш» ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2022 йил 10 февралдаги 4/32-1/575-сон далолатномаси) ва . Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 6 февралда янги таҳрирда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги ЎРҚ-518-сонли Қонунининг 18-моддасини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2019 йил 20 сентябрдаги 10/1-758-сон далолатномаси). Натижада, Ўзбекистон Республикаси амалиётида мавжуд ҳамда шаклланаётган халқаро минтақавий хамкорликнинг турли шакл ва турларини тартибга солиш имконияти яратилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish