Sayt test rejimida ishlamoqda

Улугова Сафаргул Файзуллаевнанинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Доривор маврак (Salvia officinalis L.)ни турли тупроқ–иқлим шароитларида  етиштириш технологияси”, 06.03.03 – Доривор ўсимликлар интродукцияси, етиштириш технологияси ва агрофармэкологияси (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.4.PhD/Qx599.
Илмий раҳбар: Рузметов Умид Исмаилович, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўрмон хўжалиги илмий–тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти, PhD.05/30.10.2020.Qx.126.01 (Бир марталик ИК).
Расмий оппонентлар: Тухтаев Бобоқул Ёрқулович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Миршарипова Гулжахон Камаловна, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўсимликлар генетик ресурслари илмий–тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади турли тупроқ–иқлим шароитларида доривор мавракнинг (Salvia officinalis L.) ўсиши, ривожланиши ва ҳосилдорлигига экиш, суғориш ва ўғитлаш меъёри ҳамда муддатларининг дориворлик хусусиятларига таъсирини аниқлаш, сифатли хомашё етиштириш технологиясини ишлаб чиқиш ҳамда иқтисодий самарадорлигини баҳолашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор доривор маврак ўсимлигининг турли экиш муддатлари ва меъёрларида, уруғкўчат ҳамда қаламчалардан етиштиришда оч тусли бўз тупроқлар шароитида минерал ўғит меъёрлари N90P60K40 кг/га, суғориш ЧДНС га нисбатан тупроқ намлиги 70–80% бўлганда мавсумда 10 маротаба, барг ҳосилдорлиги 14260 кг/га; типик бўз тупроқлар учун N60P60K40 кг/га, суғориш ЧДНС га нисбатан тупроқ намлиги 60–70% бўлганда мавсумда 8 маротаба, барг ҳосилдорлиги 18556 кг/га; тўқ тусли бўз тупроқлар учун N60P60K40 кг/га, суғориш ЧДНС га нисбатан тупроқ намлиги 50–60% бўлганда мавсумда 6 маротаба, суғорилганда унинг ўсиши, ривожланиши, фазаларнинг ўтиши яхшиланиб, барг ҳосилдорлиги 19273 кг/га юқори бўлганлиги исботланган; 
маврак ўсимлиги оч тусли бўз тупроқларда барглар сони 4525 дона, барг сатҳи 17,5 см2; типик бўз тупроқларда барглар сони 5204 дона, барг сатҳи 20,3 см2; тўқ тусли бўз тупроқларда барглар сони 4853 дона, барг сатҳи 19,4 см2 ошиши аниқланган;
доривор маврак ўсимлиги суғориладиган оч тусли бўз тупроқларда шароитида гул ҳосилдорлиги 1973 кг/га; суғориладиган типик бўз тупроқларда гул ҳосилдорлиги 3562 кг/га; суғориладиган тўқ тусли бўз тупроқлар учун гул ҳосилдорлик 3604 кг/га олинган;
маврак ўсимлигини етиштиришда минерал ўғитлардан фойдаланишнинг мақбул меъёри (N60P60K40, N90P60K40 кг/га) барг чиқарганда, ғунчалаш ва гуллаш даврларида қўлланилганда маврак баргидаги эфир мойлари меъёрий миқдори 1,33–1,44% юқори бўлганлиги аниқланган;
доривор маврак ўсимлиги барг ва гули таркибида флавоноидлар миқдори мг/100г (баргда – рутин 11,70–26,73; норвагенин 0,48–0,82; гиперазид 0,67–1,50; галл кислота 44,28–50,67), (гулда – рутин 9,61–11,17; норвагенин 0,32–0,51; гиперазид 0,91–0,99; галл кислота 45,51–58,52) борлиги ҳамда баргда РР, С, В2, В12; гулида В2, В12 витаминлар ва қирқдан ошиқ макро ва микро элементлар борлиги исботланган;
маврак ўсимлиги уруғ таркибида ёғ миқдори 14,1% борлиги исботланган; 
маврак етиштиришда биргаликда қўлланилган агротехнологияларининг иқтисодий самарадорлиги оч тусли бўз тупроқларда рентабеллик назоратга нисбатан барг – 51%, гул – 40%, уруғ – 72%; типик бўз тупроқларда барг – 60%, гул – 70%, уруғ – 68%; тўқ тусли бўз тупроқларда барг – 63%, гул – 68%, уруғ – 58% юқори бўлиши аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Маврак кўчатларига қўлланилган ўғит ва сув меъёрларининг таъсирини аниқлаш бўйича турли тупроқ–иқлим шароитларида ўтказилган тадқиқот натижалари асосида:
доривор маврак ўсимлигини етиштиришда минерал ўғитларнинг N90P60K40 кг/га, суғориш тартибининг ЧДНСга нисбатан 70–80% меъёрлари Сирдарё давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида 2,5 гектар майдонда жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг 2022 йил 16 мартдаги 03/21–1418–сонли маълумотномаси). Бунинг натижасида маврак ўсимлиги барги хомашёси ҳосилдорлиги 1,5 баробарга ошган ва олинган даромад 497 200 сўм/га ни ташкил этган; 
маврак ўсимлиги кўчатларини етиштиришда минерал ўғитларнинг N60P60K40 кг/га, суғориш тартибининг ЧДНСга нисбатан 60–70% меъёрлари Ботаника боғи тажриба майдони шароитида 0,025 гектарда жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг 2021 йил 30 декабрдаги  4/1255–3650–сонли маълумотномаси). Натижада барг хомашё ҳосилдорлигини 1,6 баробарга ва олинган даромад 647 560 сўм/га тенг бўлган; 
маврак кўчатларига минерал ўғитларнинг N60P60K40 кг/га, суғориш тартибининг ЧДНСга нисбатан 50–60% меъёрлари Тошкент вилояти, Саксонота давлат ўрмон ишлаб чиқариш корхонаси “Чотқол” бўлимида 1,5 гектар майдонда жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг 2022 йил 16 мартдаги 03/21–1418–сонли маълумотномаси). Натижада барг хомашёси ҳосилдорлигини 1,6 баробарга оширган ва олинган даромад 672 655 сўм/га ташкил этган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish