Sayt test rejimida ishlamoqda

Юлдашев Шамсиддин Мамаражабовичнинг фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
 
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Квазичизиқли иссиқлик ўтказувчанлик тенгламасини спектрал-тўр методи ёрдамида сонли моделлаштириш», 05.01.07 – Математик моделлаштириш. Сонли усуллар ва дастурлар мажмуи (физика-математика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.4.PhD/FM592.
Илмий раҳбар: Нормуродов Чори Бегалиевич, физика-математика фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Термиз давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги DSc.03/30.12.2019.FM.01.02 рақамли илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Полатов Асхад Мухамеджанович, физика-математика фанлари доктори, профессор; Назирова Элмира Шодмоновна, техника фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Тошкент ахборот технологиялари университети Нукус филиали.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: бўлакли узлукли ўзгармас коэффициентли ва квазичизиқли иссиқлик ўтказувчанлик масаласи учун қўйилган бошланғич-чегаравий масалаларни сонли моделлаштириш, айирмали методлар ҳамда спектрал-тўр методи ёрдамида сонли ечиш алгоритмини ишлаб чиқиш ва дастурий таъминотини яратишдан иборат.
II. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат: 
спектрал-тўр методи ёрдамида квазичизиқли иссиқлик ўтказувчанлик масаласини тақрибий ечимининг аниқ ечимга яқинлашиш шартлари топилган;
спектрал-тўр методида базис функциялари сони ортиши билан тақрибий ечимнинг аниқ ечимга яқинлашиш тезлигининг баҳолари олинган;
ночизиқли коэффициентга эга квазичизиқли иссиқлик ўтказувчанлик масалаларининг сонли ечиш схемалари ва алгоритмлари қурилган;
ночизиқли коэффициентга эга квазичизиқли иссиқлик ўтказувчанлик масалалари учун ечим градиенти юқори бўлган соҳаларни локаллаштириш алгоритми ва дастурий таъминоти яратилган. 
III. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
ночизиқли коэффициентга эга квазичизиқли иссиқлик ўтказувчанлик масалаларининг сонли ечиш схемалари ва алгоритмларидан А-ОТ-2021-108 «Оролбўйи минтақасида атроф-муҳитнинг экологик ҳолатини мониторинг қилиш ва прогнозлашнинг ахборот-таҳлилий тизимини ишлаб чиқиш» грант лойиҳасида тупроқларда масса алмашишининг мураккаб жараёнларини ўрганишда фойдаланилган (Термиз Давлат университетининг 2022 йил 31 мартдаги 04/12-1005/1-сонли маълумотномаси). Натижада, турли хил муҳитларда мураккаб масса узатиш масалаларини ҳал қилишда ҳисоблаш алгоритмларининг компьютерда амалга оширилиши ҳисоблаш тажрибаларини автоматлаштириш имконини берган;
иссиқлик ўтказувчанлик жараёнининг иссиқлик ўтказувчанлик коэффициентлари чизиқли бўлмаган ҳолда сонли ечиш усулларидан А-ОТ-2021-108 «Оролбўйи минтақасида атроф-муҳитнинг экологик ҳолатини мониторинг қилиш ва прогнозлашнинг ахборот-таҳлилий тизимини ишлаб чиқиш» грант лойиҳасида тупроқларда масса алмашиш жараёнларини сонли моделлаштиришда фойдаланилган (Термиз Давлат университетининг 2022 йил 31 мартдаги 04/12-1005/1-сонли маълумотномаси). Натижада, турли хил муҳитларда мураккаб масса узатиш масалаларини сонли ечиш дастурида ҳисоблаш вақтини сезиларли даражада қисқартириш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish