Эргашев Одил Турсуновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Кўкаёз ботиғининг тошга ишлов бериш устахоналари (техник-типологик тадқиқот)», 07.00.06–Археология (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.PhD/Tar58.
Илмий раҳбар: Жўрақулов Мавлон Жўрақулович, тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Фанлар академияси Археологик тадқиқотлар институти, DS 27.06.2017.Tar.45.01.
Расмий оппонентлар: Сулаймонов Рустам Хамидович, тарих фанлари доктори; Мирсоатова Сайёра Турғуновна, тарих фанлари номзоди.
Етакчи ташкилот: Нукус давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади: Янги услублар асосида Кўкаёз 1–8 тошга ишлов бериш устахоналарининг маданий-даврий хусусиятларини аниқлашдан иборат.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Марказий Қизилқум археологик ёдгорликлари қаторига ибтидоий жамоалар тарихига оид 5 та тошга ишлов бериш устахоналари аниқланган;
Кўкаёз 1–8 ёдгорликлари палеолит даврига оид бифас-тиғлар ишлаб чиқишга ихтисослашган устахоналар эканлиги археологик топилмалар асосида исботланган;
Марказий Осиё тош даври меҳнат қуроллари типологиясида биринчи марта бифас-тиғлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган, кўкаёз типидаги леваллуа ўзаклари аниқланган;
дунё палеолитшунослигида илк маротаба Ўзбекистон Кўкаёз 1–8 материаллари асосида тош даври ихтисослашган устахоналарнинг ўрта ва сўнгги палеолит ҳамда неолит даври ривожланиш эволюцияси ишлаб чиқилган;
Кўкаёз 1–8 ёдгорликлари Марказий Осиёда алоҳида мустақил маданиятга ажратилиб, Ўзбекистон сўнги палеолит даври Тошкент ва Зарафшон воҳалари маданиятлари қаторида ўзига хос тараққиёт йўлига эга бўлган учинчи Кўкаёз маданияти аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларнинг жорий қилиниши:
Кўкаёз ботиғининг тошга ишлов бериш устахоналари» мавзусидаги фалсафа доктори илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертацияси бўйича қўлга киритилган илмий натижалар асосида:
Кўкаёз 1–8 ёдгорликлари палеолит даврига оид бифас-тиғлари Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси «Тош даври» экспозициясига киритилган (Маданият вазирлигининг 2017 йил 3 октябрдаги 01-11-08-4669-сон маълумотномаси). Музей экспонатлари орасидан жой олган тош артефактлар тош даври аҳолисининг турмуш тарзи ва уларнинг моддий маданияти ҳақида музейга ташриф буюрувчиларга зарур маълумотларни беришда хизмат қилган;
Кўкаёз 1-8 ёдгорликларининг палеолит даврига оид ихтисослашган устахоналарнинг ўрни ва аҳамиятига доир янги маълумотлар «Марказий Осиёда ўрта палеолитдан сўнгги палеолитга ўтиш ва илк замонавий одамнинг пайдо бўлиши муаммолари» мавзусидаги давлат грантида (2012–2016 йй.) фойдаланилган (Фан ва технологиялар агентлигининг 2017 йил 25 сентябрдаги 726-сон маълумотномаси). Бунда Кўкаёз ёдгорликлари палеолит даврига оид бифас-тиғлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган устахоналар эканлиги ва бу ерда янги чақмоқлаш техникаси қўлланилганлиги ёритиб берилган. Олинган маълумотлардан «Ўзбекистон археологик ёдгорликлари мажмуаси»нинг Навоий вилояти бўйича жилдини тузишда, устахоналарнинг археологик харитасини яратишда қўлланилган.