Sayt test rejimida ishlamoqda

Турниязов Беҳзод Нигматовичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Каузатив қурилмалар синтактик деривацияси», 10.00.11 – Тил назарияси. Амалий ва компьютер лингвистикаси (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.1.DSc/Fil177.      
Илмий раҳбар: Сайфуллаева Раъно Рауфовна, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат чет тиллар институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Андижон давлат университети, PhD.03/30.12.2019.Fil.60.02.
Расмий оппонентлар: Рустамов Дилшодбек Абдувахидович, филология фанлари доктори, доцент; Ҳакимов Муҳаммад Хўжахонович, филология фанлари доктори, профессор; Усмонова Ҳуринисо Шараповна, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ўзбек тили материаллари асосида сўз, кўмакчи феълли сўз қўшилмалари, содда гап, МСҚ (мураккаб синтактик қурилма), макроматн шаклидаги микро- ва макрокаузатив қурилмаларнинг деривацион ҳамда макрокаузациянинг прагматик хусусиятларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ўзбек тилидаги тобе компоненти мазмунига кўра шарт, тўсиқсизлик, натижа ифодаловчи мураккаб синтактик қурилмалар, ундаш маъносидаги гаплар, феълнинг орттирма, ўзлик нисбати, буйруқ-истак майли категориялари каузадеривациянинг иш механизмларини ташкил этиши далилланган;  
деривациянинг каузадеривация тури мавжудлиги аниқланиб, бу вазиятда оператор асосий унсур вазифасини бажаргани туфайли каузатив қурилмалар таркибий қисмларини дериватив муносабатга олиб кирувчи воситаларнинг каузаоператор мақомида келиши исботланган;
аналитик воситалар морфологиянинг ўрганиш объекти бўлганлиги боис, аналитик усулдаги каузативликнинг синтактик эмас, балки морфологик каузациянинг аналитик тури эканлиги исботланган;
макроматн қамровида ҳам каузативизация вазияти юзага келиши мумкинлиги ва бунда фактивлик ҳамда пермиссивлик ҳолатлари намоён бўлиши очиб берилган;
каузативликнинг ифодаланишида прагматик жиҳатдан паралингвистик воситалар операндлари ҳам дериватив муносабатга кириша олиши, бунда каузасемантик деривация воқеланиши, мазкур жараён мантиқийликнинг ҳодисавий таҳлил моделига таяниши асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Каузатив қурилмалар синтактик деривациясини тадқиқ этиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
тобе компоненти мазмунига кўра шарт, тўсиқсизлик, натижа ифодаловчи мураккаб синтактик қурилмалар, ўзбек эртак ва достонларда учрайдиган каузатив қурилмаларни таҳлили орқали олингин хулосалардан Ф1-ФА-0-43429, ФА-Ф1, Г002 «Қорақалпоқ фольклори ва адабиёти жанрларининг назарий масалаларини тадқиқ этиш» мавзусидаги фундаментал тадқиқот лойиҳасининг назарий қисмида фойдаланилган (ЎзР ФА Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтининг 2021 йил 15 октябрдаги 17.01/236-сон маълумотномаси). Натижада халқ озаки ижоди намуналарини каузадериватив режада синтактик, семантик, прагматик жиҳатдан таҳлил этишга эришилган;
қадимги қабилалар ижодий маҳсули бўлган пиктографик ёзув асосидаги матнларда тотемлар тасвири билан ифодаланган каузатив қурилмалар таҳлили хулосаларидан ФА-Ф1-005 «Қорақалпоқ фольклоршунослиги ва адабиётшунослиги тарихини тадқиқ этиш» мавзусидаги фундаментал илмий лойиҳасининг назарий қисмида фойдаланилган (ЎзР ФА Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтининг 2021 йил 15 октябрдаги 17.01/236-сон маълумотномаси). Натижада қорақалпоқ фольклоршунослиги ва адабиётшунослиги тарихини ўрганишда каузативликка асосланган қадимги матнларнинг тадқиқи алоҳида ўрин эгаллаши аниқланган;
сабаб, натижа, ундаш маъноларини ифодаловчи синтактик қурилмалар ҳамда феълнинг буйруқ майли, орттирма нисбати шакллари, каузатор, каузант, консеквент муносабатлари, микро- ва макрокаузатив қурилмаларнинг дериватив воқеланиши хусусидаги натижалардан Tempus Project 544161-TEMPUS-1-2013-1-UK-Tempus-JPCR Aston Universiti DeTEL «Developing the Teaching of European Languages: Modernizing Language Teaching throung the development of blended Masrers Programmes» лойиҳасининг амалий қисмида фойдаланилган (Самарқанд давлат чет тиллар институтининг 2021 йил 9 ноябрдаги 2834/30.02.01-сон маълумотномаси). Натижада мазкур лойиҳа доирасида олиб борилган тадқиотларнинг таҳлил қисмида сабаб, натижа, ундаш маъноларини ифодаловчи синтактик қурилмалар ҳамда феълнинг буйруқ майли, орттирма нисбати шакллари каузатив деривациянинг иш механизмларини ташкил этиши аниқланди. Ушбу натижалардан магистратура талабалари учун ташкил этилган онлайн курсларда ўқув материали сифатида фойдаланилган;
макроматн қамровида ҳам каузативизация вазияти юзага келиши мумкинлиги ва бунда фактивлик ҳамда пермиссивлик ҳолатлари таҳлили натижасидан 561624-ЕРР-1-2015-UK-EPPKA2-CBHE-SP-ERASMUS + CBHE IMEP: «Ўзбекистонда олий таълим тизими жараёнларини модернизациялаш ва халқаролаштириш» номли инновацион тадқиқотлар лойиҳасининг амалий қисмида фойдаланилган (Самарқанд давлат чет тиллар институтининг 2021 йил 9 ноябрдаги 2835/30.02.01-сон маълумотномаси). Натижада каузатив қурилмалар синтактик деривацияси хусусидаги илмий назариянинг ўзбек тили материаллари асосида илк бор ёритилиши билан тилшуносликнинг мазкур соҳасини халқаролаштиришда катта ҳисса қўшилган;
замонавий тилшуносликда алоқа воситаларининг белгилари семиотика бўлимида ўрганилиши, инсоннинг белгига бўлган муносабати эса прагматик омиллар нуқтаи назаридан текширилиши, бу каузативликнинг коммуникатив жараён билан чамбарчас боғлиқ эканлиги ҳақидаги таҳлилий фикрлар ва назарий хулосалардан И-204-4-5 «Инглиз тили мутахассислик предметларидан ахборот-коммуникацион технологиялари асосида виртуал ресурслар яратиш ва ўқув жараёнига жорий этиш» номли инновацион тадқиқот лойиҳасининг назарий қисмида фойдаланилган (Самарқанд давлат чет тиллар институтининг 2021 йил 9 декабрдаги 3331/30.02.01-сон маълумотномаси). Натижада инглиз тили мутахассислик предметларидан ахборот-коммуникацион технологиялари асосида виртуал ресурслар яратишни ўрганишда, ахборот-коммуникацион технологияларининг тараққий этишида структур тилшунослик методларидан деривацион метод етакчилик қилиши асосланган ва у каузатив деривация тўғрисидаги назарий фикрлар билан бойитилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish