Sayt test rejimida ishlamoqda

Очилов Алишер Тўлис ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Қуйи Зарафшонда тарихий жараёнлар ва қадимги антропоген ландшафтнинг ривожланиши (антик даврига қадар)”, 07.00.01- Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.1.PhD/Tar413.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Бухоро давлат университети, PhD.03/27.02.2020.Таr.72.07.
Илмий раҳбар: Cагдуллаев Анатолий Сагдуллаевич, тарих фанлари доктори, профессор, академик.
Расмий оппонентлар: Ғаффоров Шокиржон Сафарович, тарих фанлари доктори, профессор; Раимқулов Абдусаид Аъзамович, тарих фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Қарши давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Қуйи Зарафшон воҳасининг қадимги давр тарихи ва моддий маданиятини, воҳада милоддан аввалги IV асрга қадар кечган тарихий-жараёнлар ва қадимги антропоген ландшафтнинг ривожланиши масалаларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг  илмий янгилиги:
Қуйи Зарафшон воҳасида мезолит-неолит даврларида овчилар, балиқчилар ва термачилар жамоаларига хос хўжалик-маданий типнинг ўзга дашт ҳудудлари (Марказий Қизилқум, Оролбўйи) сингари бир хиллиги, ўхшаш табиий-географик шароитда умумий ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёни билан белгиланганлиги аниқлаштирилган;
Қуйи Зарафшон воҳасида тош, бронза ва илк темир даври тарихий географияси, ижтимоий-иқтисодий муносабатлар ва воҳада кечган тарихий-маданий жараёнлар,  инсон ва атроф-муҳитнинг ўзаро муносабатлари ҳамда таъсири натижасида антропоген ландшафтнинг ривожланиши, ишлаб чиқарувчи хўжалик турларининг тараққиёт омиллари, тарихий-маданий жараёнларнинг ўзгариш динамикаси ва қадимги уруғ-қабилалар жамоаларининг турмуш тарзи ва моддий маданиятидаги ўзгаришлар асослаб берилган;
Бронза давридан бошлаб, Қуйи Зарафшон ва Жанубий Қизилқум ҳудудларида табиий ресурсларни нисбатан жадаллик билан ишлатиш натижасида маданий ландшафтнинг умумий кўриниши янгиланганлиги ҳамда Қуйи Зарафшон воҳасидаги қадимги этник гуруҳларнинг бошқа жамоалар билан иқтисодий-маданий алоқалари, ташқи миграцияларнинг таъсири натижасида воҳада янги маданият ва этник гуруҳларнинг (Андронова маданияти вакиллари таъсири натижасида) вужудга келганлиги далилланган;
илк темир даври манзилгоҳлари (қўрғонлари, қалъалар, қишлоқлар)дан Суғднинг марказий ва жанубий вилоятларига нисбатан Ғарбий Суғд (Қуйи Зарафшон ҳавзаси) аҳолисининг кам сонлилиги, воҳа жадал ўзлаштирилмаганлиги, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан нотекис ривожланганлиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Қуйи Зарафшонда тарихий жараёнлар ва қадимги антропоген ландшафтнинг ривожланиши тарихини тадқиқ этиш бўйича қўлга киритилган натижалар, илмий хулоса ва таклифлар асосида:
Қуйи Зарафшон воҳасида мезолит-неолит даврларида овчилар, балиқчилар ва термачилар жамоаларига хос хўжалик-маданий типнинг ўзга дашт ҳудудлари (Марказий Қизилқум, Оролбўйи) сингари бир хиллиги, ўхшаш табиий-географик шароитда умумий ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёни бўйича маълумотлардан “Ўзбекистон тарихи” телеканалида жонли тарзда эфирга узатиладиган “Тарихий савол” ток-шоусида фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон телерадиоканали” Давлат унитар корхонасининг 2021 йил 11 октябрдаги 44-40-1097-сон маълумотномаси). Натижада телетомошабинларга Қуйи Зарафшоннинг қадимги давр тарихи,  воҳада антропоген ландшафтнинг шаклланиши ва ривожланиш омиллари бўйича тасаввурларини бойитишга хизмат қилган;
Қуйи Зарафшон воҳасида тош, бронза ва илк темир даври тарихий географияси, ижтимоий-иқтисодий муносабатлар ва воҳада кечган тарихий-маданий жараёнлар,  инсон ва атроф-муҳитнинг ўзаро муносабатлари ҳамда таъсири натижасида антропоген ландшафтнинг ривожланиши, ишлаб чиқарувчи хўжалик турларининг тараққиёт омиллари, тарихий-маданий жараёнларнинг ўзгариш динамикаси ва қадимги уруғ-қабилалар жамоаларининг турмуш тарзи ва моддий маданиятидаги ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотлар Бухоро вилоят Маданий мерос бошқармасига тақдим этилган (Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фондининг 01-31-08.10.2021-сон маълумотномаси). Натижада Бухоро вилояти Маданий мерос бошқармаси томонидан археологик объектларни хатловга олиш ва улар ҳақида маълумотлар тайёрлаш имконияти яратилган;
Бронза давридан бошлаб, Қуйи Зарафшон ва Жанубий Қизилқум ҳудудларида табиий ресурсларни нисбатан жадаллик билан ишлатиш натижасида маданий ландшафтнинг умумий кўриниши янгиланганлиги ҳамда Қуйи Зарафшон воҳасидаги қадимги этник гуруҳларнинг бошқа жамоалар билан иқтисодий-маданий алоқалари, ташқи миграцияларнинг таъсири натижасида воҳада янги маданият ва этник гуруҳларнинг (Андронова маданияти вакиллари таъсири натижасида)  вужудга келганлигига доир кўргазма ташкил этишда қўлланилган (Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлигининг 2021 йил 27 октябрдаги 03-46/9646-сон маълумотномаси). Ушбу натижалар музей экспонатларини даврий жиҳатдан кенгайтиришга ва бойитишга хизмат қилишдан ташқари, “Бухоро давлат музей-қўриқхонаси”га келувчиларга хизмат қиладиган Гидларнинг илмий билимларини кенгайтиришга хизмат қилган;
илк темир даври манзилгоҳлари (қўрғонлари, қалъалар, қишлоқлар)дан Суғднинг марказий ва жанубий вилоятларига нисбатан Ғарбий Суғд (Қуйи Зарафшон ҳавзаси) аҳолисининг кам сонлилиги, воҳа жадал ўзлаштирилмаганлиги, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан нотекис ривожланганлиги  тўғрисидаги маълумотлардан «Ўрта Осиё икки дарё оралиғи тош, илк металлар ва антик даврлари ёдгорликларини тизимли тадқиқ этиш, ҳамда Ўзбекистон халқлари тарихий мероси объектларини сақлаш» (2017-2020 йй)  мавзусидаги ФА-Ф-1-001 рақамли амалий илмий лойиҳани бажаришда кенг фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Миллий археология марказининг 2021 йил 28 октябрдаги 356-сон маълумотномаси). Натижада Қуйи Зарафшон воҳаси археологик ёдгорликларини ўрганиш, сақлаш бўйича ишларни режалаштириш имконияти яратилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish