Sayt test rejimida ishlamoqda

Наджимитдинов Жасур Хатамджановичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Миссионерликнинг ижтимоий-тарихий мазмуни ва ўзбекистонда намоён бўлишининг ўзига хос жиҳатлари”, 07.00.04 – Диншунослик (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2021.4.PhD/Tar354.
Илмий раҳбар: Исламов Зохиджон Махмудович, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон халқаро ислом академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон халқаро ислом академияси, DSc.35/30.12.2019.IsI./Tar/F.57.01.
Расмий оппонентлар: Хасанов Ахаджон Ахмаджонович, тарих фанлари доктори, профессор; Тўраев Бахтиёр Омонович, фалсафа фанлари доктори, профессор. 
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади миссионерликнинг ижтимоий-тарихий мазмуни ва Ўзбекистонда намоён бўлишининг ўзига хос жиҳатларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
жаҳон динларининг тарихий ривожланиш босқичларида “миссионерлик” тушунчаси турлича талқин қилиниб, Ўрта Асрларда динлар тарқалиши табиий жараён сифатида қабул қилинган пайтда – ижобий, бироқ кўпконфессияли бугунги глобал жамиятда халқлар ўз анъана ва қадриятлари, ғоя ҳамда тафаккур тарзини сақлаб қолишга интилаётган бир даврда – салбий баҳоланиши очиб берилган;
диний миссияни етказиш масаласи жаҳон динларидан буддавийликда ихтиёрий аҳамиятга эгалиги ва “тор доира” вакилларига юклангани сабабли мазкур дин кенг тарқалмай қолганлиги, насронийликда эса, “Худонинг даъватини ҳамма жойга етказиш” миссияси бирламчи вазифа сифатида белгиланганлиги натижасида ушбу диннинг кенг тарқалгани исботланган;
“миссионерлик” диний манба ва илмий адабиётларда диний тарғиботнинг бир кўриниши сифатида қабул қилинса-да, бугунги кундаги айрим секталар ва “янги диний ҳаракатлар” томонидан ушбу тушунча остида анъанавий ижтимоий тизимларга таъсир ўтказиш, давлат институтлари фаолиятига аралашишга ҳаракат қилаётгани натижасида сиёсий мазмун касб этгани далилланган;
ўзбек жамиятидаги исломгача мавжуд бўлган анъаналардан миллий либосларда учрайдиган “хочсимон” нақшлар, маййитни дафн этишдан олдин сақлаб туриш – «ўлик қўндириш» (маййитни 3 кунгача дафн этмаслик) маросими ҳамда ўзбек адабиётининг анъанавий услуби бўлган «талмеҳ» (تلميح) жанридаги шеърларни масиҳийлик билан боғлаш ҳолатлари замонавий миссионерларнинг тарғибот воситаларига айлангани аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Миссионерликнинг ижтимоий-тарихий мазмуни ва ўзбекистонда намоён бўлишининг ўзига хос жиҳатлари бўйичa ишлaб чиқилгaн тaклифлap acocидa: 
жаҳон диншунослиги терминологияси тажрибасидан келиб чиқиб, ўзбек тилида «секта» (sequi – эргашиш, гуруҳ), «тоталитар секта» (“totalitarian sect” – тўлиқ бошқарув, аъзолари ҳаётини тўлиқ бошқарувчи секталар), «культ» (cult – гуруҳ), «деструктив культ» (“descructive cult” – бузғунчиликка йўналтирилган) сўзлари изоҳланган ҳамда «секта» нейтрал, «культ» ва «деструктив культ» атамалари салбий маънода қўлланилиши аниқлангани тўғрисидаги илмий хулосалардан буюртма асосида тайёрланган «Диншунослик» қомусий луғати, «Дунё динлари тарихи», «Диншунослик» ўқув қўлланмаларини мазмунига сингдирилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 16 мартдаги 02-03/1776-сон маълумотномаси). Натижада ўқувчиларда динлараро бағрикенглик ва тотувликка таҳдид солаётган хуружларнинг олдини олиш, ёшларни соғлом эътиқод ва бағрикенглик руҳида тарбияланишига хизмат қилган;
миссионерлар Марказий Осиёдаги фаолиятларида маҳаллий қадриятларни  христианликка мослаштириш – «interpritatio christana» (масалан «ўлик қўндириш» таъзия маросимини), масиҳийлик тарғиботида миллий шеърият элементларидан фойдаланиш (inculturatio), муқаддас матнларни «Ваҳийнома», «Муқаддас хушхабар» тарзида «ўзбекчалаштириш» (contextualizatio) услубларидан фойдаланаётгани очиб берилгани тўғрисидаги илмий хулосалардан буюртма асосида чоп этилган «Глобаллашув шароитида тинчлик ва барқарорликка таҳдид солувчи ғоявий, мафкуравий ва ахборот хуружларига қарши курашнинг маънавий-маърифий усуллари ва воситалари» китобини мазмунига сингдирилган (Республика Маънавият ва маърифат марказининг 2022 йил 14 мартдаги 32/1-сон маълумотномаси). Натижада аҳоли, айниқса ёшлар орасида миссионерлик ва прозелитизм шаклидаги турли ёт ғояларнинг тарқалиши, маънавий ҳаётимизга жиддий таҳдид туғдириши мумкинлигига оид қарашлар шаклланишига хизмат қилган;
евангелизм жараёнини янада жадаллаштириш мақсадида Ўзбекистонда миссионерлик тарғиботида 3 тамойил – маҳаллий тилларда диний адабиётларни нашр этиш, черковлар сонини кўпайтириш ҳамда ўзбек забон руҳонийларни етиштириш асосида амалга оширилаётгани исботлангани тўғрисидаги илмий хулосалардан давлат ижтимоий буюртмаси асосида тайёрланган «Ўзбекистон – бағрикенг диёр» номли китоб мазмунига сингдирилган (Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг 2022 йил 14 мартдаги 02/128-сон маълумотномаси). Натижада ўқувчида Ўзбекистон бағрикенглик диёри сифатида жаҳоннинг кўп мамлакатларига намуна бўлиши, миссионерлик ҳаракатлари айнан шу – динлараро тотувликка салбий таъсир қилиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотлар шаклланишига таъсир қилган;
XVII-XIX асрлардаги европалик сайёҳ-миссионерлар кундаликларини ўрганиш орқали Марказий Осиёдаги хонликлар марказий ҳокимиятининг заифлашуви натижасида миссионерлик фаолияти кучайиб, мустамлакачилик сиёсатига ҳам хизмат қилгани очиб берилгани ҳақидаги хулосалардан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг «Жаҳолатга қарши маърифат» экспозицияси бўлими экспонатларини тайёрлашда фойдаланилган. (Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг 2022 йил 11 мартдаги 171/22-сон маълумотномаси). Ушбу илмий натижа жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёш авлодни бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва эҳтиром руҳида тарбиялашга асос бўлишига хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish