Sayt test rejimida ishlamoqda

Камолова Наргиза Пўлатбаевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон 

I. Умумий маълумотлар
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри: Хоразм воҳасида деҳқончилик анъаналари тарихи (XIX аср – XX аср бошларигача), 07.00.01 – Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.2.PhD/Tar466.
Илмий раҳбарининг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони: Жуманиёзова Мамлакат Тажиевна, тарих фанлари номзоди, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи:  Хоразм Маъмун академияси.
 ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Урганч давлат университети, PhD.03/30.06.2021.Tar.55.05.
Расмий оппонентларнинг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони: Мавланов Ўктам Маҳмасобирович, тарих фанлари доктори, профессор; Сарыбоев Маман Ктайбекович, тарих фанлари доктори.
Етакчи ташкилот номи: Қорақалпоқ давлат университети. 
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Хоразм воҳаси аҳолисининг XIX аср − XX аср бошларидаги анъанавий деҳқончилигининг ўзига хос хусусиятларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Хоразм воҳаси маҳаллий аҳолиси деҳқончилик хўжалиги билан боғлиқ ерга ишлов бериш, сунъий суғориш ва ҳосил етиштиришда моҳир зироатчиларга айланишининг негизида аҳолининг иқлим ва табиий шарт-шароитдан келиб чиқиб, табиий ресурслардан оқилона фойдаланганликлари келгусида ҳам ернинг унумдорлигини сақлаб қолиш учун ердан фойдаланишда табиатни асраб-авайлашга катта эътибор берганликлари каби омиллар ётиши аниқланиб, экин ерларини муттасил равишда ўғитлаш, суғориш, дам олдириш, алмашлаб экиш ишларини амалга оширганликлари далилланган;
Хива хонлигида деҳқончилик ишлари, асосан, қадимий маҳаллий анъаналар негизида ривожланганлиги кўрсатилиши билан бирга, Сирдарё ҳавзалари, Еттисув ва Шарқий Туркистон сингари Марказий Осиёнинг шимоли-шарқий ҳудудларига хос қадимий анъаналар, хусусан, ўтроқ туркийларга хос деҳқончилик анъаналари Хоразм воҳаси хўжалик ҳаётида ҳам муҳим ўрин тутганлиги “атиз”, “қайир”, “тўқиртқа” сингари ерга ишлов бериш ва суғориш билан боғлиқ қадимги туркий атамалар ушбу воҳада ҳам кенг ёйилгани аниқланган;
ўрта асрларда бир қисми кўчманчи чорвадор бўлган туркий элат ва уруғларнинг Хива хонлиги даврида ўтроқ деҳқончилик хўжалик тарзига ёппасига ўта бошлагани, бу Ёвмут, Қиёт, Қўнғирот, Найман, Уйғур, Кенагас каби туркман, қорақалпоқ ва ўзбекларнинг кўчманчи уруғлари билан боғлиқ ўнлаб топонимларнинг, айниқса, кўплаб гидронимларнинг юзага келишига асос бўлганлиги далилланган;
Хива хонлиги деҳқончилигининг ривожланишида тақвимларнинг муҳим ўрин тутганлиги аниқланиб, бу масалада воҳанинг маҳаллий аҳолиси бўлмиш туркий (мучал), қадимги эроний (зардуштийларга хос) ва мусулмон (арабча тақвим) анъаналарининг ўзаро уйғунлашуви кўзга ташланиши очиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Хоразм воҳасида деҳқончилик анъаналари тарихи (XIX аср – XX бошларигача)ни ўрганиш асосида:
Хива хонлигида деҳқончилик ишлари асосан, қадимий маҳаллий анъаналар негизида ривожланганлиги кўрсатилиши билан бирга, Сирдарё ҳавзалари, Еттисув ва Шарқий Туркистон сингари Марказий Осиёнинг шимоли-шарқий ҳудудларига хос қадимий анъаналар, хусусан, ўтроқ туркийларга хос деҳқончилик анъаналари Хоразм воҳаси хўжалик ҳаётида ҳам муҳим ўрин тутганлиги “атиз”, “қайир”, “тўқиртқа” сингари ерга ишлов бериш ва суғориш билан боғлиқ қадимги туркий атамалар ушбу воҳада ҳам кенг ёйилгани мисолида тасдиқланганлиги каби маълумотлардан Ўзбекистон Республикаси Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамғармаси Хоразм вилояти бўлимида “Авесто ва Хоразм” рисоласини қайта нашр қилишда фойдаланилган (Халқаро “Олтин мерос” хайрия фондининг 2021 йил 23 ноябрдаги 10-сон маълумотномаси). Натижада Хива хонлиги суғорма деҳқончилигига оид кўпгина атамаларнинг  илмий муомалага киритилиши,  музей фондлари маълумотларини янгилаш ва уни истеъмолга киритилган;
Хива хонлигида деҳқончилик ишлари, асосан, қадимий маҳаллий анъаналар негизида ривожланганлиги, Марказий Осиёнинг шимоли-шарқий ҳудудлари − Шарқий Туркистон, Еттисув ва Сирдарё бўйига хос қадимий анъаналар ҳам воҳа хўжалик ҳаётида муҳим ўрин тутиб, ерга ишлов бериш ва суғориш билан боғлиқ ўтроқ туркийларга хос анъаналар Хоразм воҳаси деҳқончилигида катта ўрин тута бошлаганлиги, қадим ва ўрта асрларда бўлганидек, Хива хонлиги даврида ҳам дастлаб бир қисми кўчманчи чорвадор бўлган бир қатор туркий элат ва уруғлар ўтроқ деҳқончилик хўжалик тарзига ёппасига ўта бошлаб, воҳада Ёвмут, Қиёт, Қўнғирот, Найман, Уйғур, Кенагас каби туркман, қорақалпоқ ва ўзбекларнинг кўчманчи уруғлари билан боғлиқ ўнлаб топонимлар, айниқса, гидронимлар юзага кела бошлаганлиги каби маълумотлардан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон тарихи” телеканалида эфирга узатилган “Тақдимот” ва “Тарихий савол” кўрсатувларини тайёрлашда фойдаланилган (“Ўзбекистон” телерадиоканали” давлат унитар корхонасининг 2021 йил 22 ноябрдаги 40-40-1765-сон маълумотномаси). Натижада Хоразм суғорма деҳқончилик маданиятининг  қадимийлиги ва мамлакатимиз ҳамда жаҳон деҳқончилигининг тарихий ривожигидаги аҳамияти ҳақида муайян илмий хулосаларнинг шаклланишига хизмат қилади.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish