Sayt test rejimida ishlamoqda

Маруфова Зулфия Набиевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Мумтоз бадиий матнларда “гўзаллик” концептининг вербаллашуви”, 10.00.01 – Ўзбек тили (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.4.PhD/Fil2040.      
Илмий раҳбар: Искандарова Шарифа Мадалиевна, филология фанлари доктори, профессор. 
Диссертация бажарилган муассаса номи: Фарғона давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Фарғона давлат университети, DSc.03/30.12.2019.Fil.05.02.
Расмий оппонентлар: Одилов Ёрқинжон Рахмоналиевич, филология фанлари доктори, профессор; Жамолиддинова Дилноза Мирҳожиддиновна, филология фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ўзбек мумтоз бадиий матнларида “гўзаллик” концептининг вербаллашуви ҳамда мазкур концепт билан ўзаро ассоциациядаги бирликларни очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
мумтоз бадиий матнлар асосида шарқона “гўзаллик” тушунчасининг миллий-этник, эмоционал-экспрессив хусусиятлари, белгиланган давр бадиий матнларида “гўзаллик” концепти асосан илоҳий ёки мажозий ишқ воситасида воқеланиши, гўзаллик эталони ошиқ нуқтаи назаридан субъектив баҳо доирасида асосланган;
ўзбек мумтоз матнларида “гўзаллик” концептининг когнитив, ассоциатив-вербал нуқтаи назардан намоён бўлиши, “гўзаллик” концепти семантик майдонининг ядросига тааллуқли от-лексемалар ва перифериядаги сифат ва феъллар аниқланиб, инсон ва наботот, инсон ва ҳайвонот қиёсида ассоциатив боғланишлар табиати далилланган;
“гўзаллик” концептининг лисоний воқеланишида жонивор номлари (зоонимлар), ўсимлик номлари (фитонимлар), диний антропонимлар, илоҳий тимсоллар, барқарор  услубий хос сўзлар ва ижтимоий мавзуларга оид лисоний бирликлар миллий-маданий хусусиятларининг концептуал жиҳатлари очиб берилган;
“гўзаллик” тушунчаси мавзуий жиҳатдан табиат гўзаллиги ва инсон гўзаллигига ажратилиб, инсон гўзаллигида аёл гўзаллигининг ўрни очиб берилган;
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. XV асрга хос бадиий матнларнинг поэтик хусусиятлари, эмоционал-эстетик қадриятларнинг матнлардаги ифодасини тадқиқ қилиш натижасида олинган илмий маълумотлар асосида:
ўзбек мумтоз матнларида “гўзаллик” концептининг когнитив, ассоциатив-вербал нуқтаи назардан намоён бўлиши, “гўзаллик” концепти семантик майдонининг ядро ва перифериялари аниқланиб, асссоциатив боғланишлар табиати борасидаги хулосалардан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институти томонидан олиб борилган ФА-А1-Г006 рақамли “Қорақалпоқ халқ қўшиқлари қўлёзма нусхаларини текстологик таҳлил қилиш ва нашрга тайёрлаш” (3-жилд) мавзусидаги фундаментал илмий лойиҳада фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг 17.09.2021 йилдаги 17.01/230-сон маълумотномаси). Натижада қўлёзма нусхалар таҳлили миллий-этник маданиятга оид илмий маълумотлар билан бойитилган;
“гўзаллик” концептининг лисоний воқеланишида жонивор номлари (зоонимлар), ўсимлик номлари (фитонимлар), диний антропонимлар, илоҳий тимсоллар, барқарор  услубий хос сўзлар ва ижтимоий мавзуларга оид лисоний бирликлар миллий-маданий хусусиятларининг концептуал жиҳатларига оид натижалардан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институти томонидан олиб борилган ФА-А1-Г007 рақамли “Қорақалпоқ нақл ва мақоллари лингвистик тадқиқот объекти сифатида” мавзусидаги амалий-илмий лойиҳаларда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг 2022 йил 3 февралдаги 17.01/21-сон маълумотномаси). Нaтижaдa Қорақалпоқ халқ қўшиқларига хос қўлёзма манбалар таҳлилида бир қатор бадиий матнлар, уларда қўлланилган луғавий бирликларнинг маъно хусусиятлари бойитилган;
мумтоз бадиий матнлар асосида шарқона “гўзаллик” тушунчасининг миллий-этник, эмоционал-экспрессив хусусиятлари, белгиланган давр бадиий матнларида “гўзаллик” концепти, асосан, илоҳий ёки мажозий ишқ воситасида воқеланиши, гўзаллик эталони ошиқ нуқтаи назаридан субъектив баҳо доирасига оид тадқиқот материалларидан “O`zbekiston” телерадиоканали ва унинг таркибидаги “O`zbekiston tarixi” телеканалида “Тақдимот”, “Ўзликка йўл”, “Зиёли минбари” кўрсатувларининг сценарийларини тайёрлашда фойдаланилган (“O`zbekiston” телерадиоканалининг 2022 йил 25 мартдаги 02-13-650-сон маълумотномаси), “Yoshlar” телерадиоканалининг 2022 йил 8 март куни эфирга берилган “Биз томонларда...” кўрсатувида фойдаланилган (“Yoshlar” телерадиоканалининг 2022 йил 25 мартдаги 14-01-94–сон маълумотномаси), “Mening yurtim” телерадиоканалининг 2022 йил 10 март куни эфирга берилган “Ҳудуд” кўрсатувида фойдаланилган (“Mening yurtim” телерадиоканалининг 2022 йил 26 мартдаги 263/22-сон маълумотномаси). Натижада телекўрсатувларнинг ўзбек мумтоз бадиий матнлар тилини, адабиётини, тарихимизни ёш авлодга чуқур сингдиришда, уларни миллий маданиятимиз, мумтоз адабий меросимизга ҳурмат руҳида тарбиялашдаги аҳамияти янада ортган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish