Sayt test rejimida ishlamoqda

Таир Играрович Гюльнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар:
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): “Ўрта Осиё икки дарё оралиғида антик ва ўрта асрларга оид маънавий маданият ва диний бағрикенглик (археологик ва ёзма манбалар асосида)” 07.00.01 – Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақами: В2016.1.Tar.287.
Илмий раҳбар: Атаходжаев Азимхўжа Музаффарович, тарих фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Фанлар академияси Тарих институти
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса, ИК рақами: Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти, DSc.02/30.12.2019.Tar.56.01.
Расмий оппонентлар: Бобоёров Ғайбулла Боллиевич, тарих фанлари доктори, доцент; Шайдуллаев Шапулат Базарович, тарих фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Ўрта Осиё иккидарёси оралиғи ҳудудида антик ва илк ўрта асрлар давридаги эътиқодий-диний ҳаётнинг ўзига хос тараққиётини ва уни тасаввур қилишнинг асосини, бу ерда шаклланган барқарор бағрикенгликнинг сабабларини ва мазкур ҳудудда рўй берган сиёсий, иқтисодий ва этномаданий жараёнларни маданий қоришув (синкретизм) контекстида очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
маданий ўтроқ ва кўчманчи халқларнинг мунтазам алоқалари ва этномаданий хилма-хилликнинг сақланиши сабабли Ўрта Осиё зардуштийлигининг қоришиқ табиати ва унинг жез-илк темир асрида ҳинд-эрон динининг аниконизм, теротеизм, архаик культлар каби қадимги анъаналарга яқинлиги асосланган;
Ўрта Осиё ҳудудида юз берган этномаданий алоқалар ва кўп худолик таълимоти тарафдорлари бўлган этник гуруҳлар томонидан йирик давлатларнинг ташкил этилиши иккидарё оралиғида диний бағрикенглик муҳитини сақланишига ва бу жараёнда зардуштийлик анъаналарининг устунлигига сабаб бўлганлиги аниқланган;
Ўрта Осиё диний ҳаётида Авеста анъаналарининг устун бўлишига қарамай, маданиятида аёл маъбуди устун бўлган кўчманчи (дахо-сармат) қабилалар ва эллин даврида Кичик Осиёнинг таъсири (Кибела-Иштар маъбуди) сабаб Бақтрия-Тохаристон, Суғд ва Хоразмдаги сиғинилган маъбудлар тизимида Буюк Нана (Нанай) маъбудаси таълимотининг ҳам етакчи ўринда бўлганлиги асослаган;
Ўрта Осиёда йирик давлатлар (Юнон-Бақтрия, Кушон, Эфталийлар давлати)ни ташкил қилган келгинди этнослар (юнон, юэчжи, эфталий) томонидан давлат ички барқарорлигини асраш учун маҳаллий диний таълимотни қабул қилиш ва дин мавқеини сақлашда мослашувчан сиёсат юритиши дунёвий ва руҳоний ҳокимият ўртасидаги муносабатларнинг характерига таъсир қилгани аниқланган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Мавзу юзасидан ишлаб чиқилган хулоса ва таклифлар асосида:
Ўрта Осиё халқларининг қадимги маънавий маданияти, Ўзбекистон ҳудудида исломгача бўлган эътиқод ва диний ҳаётнинг ўзига хос хусусиятларини оид иллюстратив материаллар ҳамда илмий хулосалардан Ўзбекистон халқлари тарихи Давлат музейининг “Ўзбекистон ҳудудида давлатчиликнинг шаклланиши ва ривожланиши милоддан аввалги I минг йиллик - милодий IV аср” ва “Ўзбекистон ҳудудида давлат шакллари V-VIII асрлар” каби экспозицияларни жиҳозлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг 16 август 2021 йилдаги 3/1255-2252-сон маълумотномаси). Музей кўргазмасидан ўрин олган мазкур экспозициялар Марказий Осиё халқларининг исломгача бўлган даврдаги диний анъаналари ва маънавий маданияти ҳақида тушунчалар олишга кўмаклашган; 
Ўрта Осиё иккидарё оралиғи халқларининг археология ва ёзма манбаларга таҳлилига кўра аниқланган антик ва илк ўрта асрларда маънавий маданияти ва конфессионал бағрикенглиги доир илмий хулосалардан “O‘zbekiston tarixi" телеканалининг “Ҳақиқат чорраҳасида” теледастурини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “O‘zbekiston tarixi" телерадиоканали ДУКнинг 17 феврал 2021 йилдаги 02-40-244-сон маълумотномаси). Бу кўрсатувларда кўтарилган илмий муаммолар кенг жамоатчиликка Ўзбекистоннинг қадимги халқлари тарихий ўтмиши ва исломгача бўлган маънавий маданияти ҳақида янги маълумотлар беришга хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish