Исхакова Саида Суннатовнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Психотроп воситаларнинг долзарб синфлари ва каннабиноидларни сиртий ионлашув услублари билан тадқиқ қилиш”, 01.04.04 – Физик электроника (физика-математика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: - B2020.3.DSc/FM163
Илмий маслаҳатчи: Усманов Дилшадбек Турсунбаевич, физика-математика фанлари доктори, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ион-плазма ва лазер технологиялари институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ион-плазма ва лазер технологиялари институти ҳузуридаги DSc.02/30.12.2019.FM.65.01 рақамли Илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Эгамбердиев Бахром Эгамбердиевич, физика-математика фанлари доктори, профессор; Максимов Сергей Евлантинович, физика-математика фанлари доктори, катта илмий ходим; Ташатов Алланазар Қаршиевич, физика-математика фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат техника университети
Диссертация йўналиши: амалий ва назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади вакуум ва атмосфера шароитида қийин эрувчи металл оксидлари сиртидаги гиёҳванд ва психотроп воситаларнинг долзарб синфлари ва каннабиноидлар молекулаларининг сиртий ионлашув қонуниятларини аниқлаш ва уларни турли хил намуналарда - муҳитларда из қолдиқларини олдиндан хроматографик ажратишларсиз аниқлаш ва таҳлил қилиш учун сиртий ионлашув масс- ва термодесорбцион спектрометрия услубларини ривожлантиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
биринчи марта масс-спектрометрик усулда эмиттернинг қайноқ сиртида ҳаво атмосферасида психотроп моддаларнинг сиртий ионлашуви масс-спектрлари таркиби ва юз берадиган гетероген реакциялар каналларига таъсири тадқиқ қилинди;
илк бор психотроп дориларнинг атмосфера шароитида олинган сиртий ионлашув масс-спектрларида асосий ион чизиғи ассоциатив [М+Н]+ иони эканлиги, [М-R]+ ионлар билан бир қаторда М[М-R]+ дан М[М-Н]+ ва М [М-Н]+НCl гача аддуктив (ёки кластер) ионлар чизиқлари топилди, уларнинг ҳосил бўлиш механизми таклиф этилди;
биринчи марта вакуум шароитида сиртий ионлашув масс-спектрометрик услуби асосида янги психотроп моддалар вакилларининг сиртий ионлашуви тадқиқ қилинди, уларнинг ионлашуви қонуниятлари ва самарадорлиги аниқланди. Моддалардан карбамазепин дори воситасининг масс-спектри камчизиқли эканлиги ва фақат [M-CONH2]+структурали иондан иборат эканлиги аниқланди;
илк бор вакуум шароитида сиртий ионлашув услубида азот гетероатомига эга бўлмаган фитоканнабиноид молекулаларининг сиртий ионлашуви тадқиқ қилинди. Адсорбция схемалари ва гетероген реакция каналларининг адсорбция марказига боғлиқлиги ўрганилди, масс-спектрда водородсизланиш гетероген реакциялари маҳсулотларида ароматик цикллар ва қўшбоғли алкил занжирларининг ҳосил бўлиши туфайли молекулалардан 9 тагача водород атомларини [М-Н-2nH]+ йўқотилиши кузатилди;
термодесорбцион сиртий ионлашув спектрометрида мусбат ионлар манбаи сифатида ишлатиладиган Ir билан легирланган оксидланган Мо, термоэмиттерларининг “айниш” табиати аниқланди;
ТДСИ спектрометрияси услубида молекулаларнинг топилган Tsmах ва Tdmах қийматлари бўйича уларнинг сублимация ва десорбция иссиқликларини аниқлашнинг математик модели ва оксидланган металл юзасида фитоканнабиноидлар (10 К/мольгача), антидиабетик препаратлар (50 К/мольгача), янги психотроп препаратлар ва синтетик каннабиноидлар (100 К/мольгача), тропан ҳосилалари (350 К/мольгача) юқори самарадорлик билан ионлашуви топилди;
тадқиқ қилинган фаол органик бирикмалар синфлари учун сублимацион максимал температураларининг Tsmах фарқи синтетик каннабиноидлардан индазол ҳосилаларида 206-220°С ни, индол ҳосилаларида 250-265°С ни, табиий каннабиноидларда 130 - 140°С ни, тропан ҳосилаларида 120-130°С ни ташкил этиб, термодесорбциянинг чизиқли динамик диапазони 2.2 дан 4.5 тартибгача бўлиши аниқланди;
биринчи марта термодесорбцион сиртий ионлашув спектрлари ёрдамида мусодара қилинган опий намуналарида уларни етиштириш ва ишлаб чиқарилиш минтақасини, уларнинг битта ёки кўп партияга тегишлилигини ва бир пайтда турли синфларга тегишли дори воситаларини истеъмол қилганда бионамуналарни таҳлил қилиш имконияти кўрсатилди, газ хромато – масс-спектрометри орқали олинган маълумотларга мос равишда таҳлил қилинган намуналарни идентификация қилиш ва миқдорий анализ қилиш имкониятини берувчи, термодесорбцион сиртий ионлашув спектрлари ва калибровка чизиқлари бўйича электрон маълумотлар базаси яратилди.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: Психотроп воситаларнинг долзарб синфлари ва каннабиноидларни вакуум ва атмосфера шароитида сиртий ионлашув услублари билан тадқиқ қилиш асосида:
психотроп воситалар, наркотиклар ва каннабиноидларни масс-спектрометрик ва термодесорбцион сирт ионлашув спектрометрия услуби орқали аниқланган натижалари асосида такомиллаштирилган юқори сезгирликдаги «ИК-Искович» термодесорбцион сирт-ионлашув спектрометри ЎзР Ички ишлар вазирилигининг Бош эксперт криминалистика марказида, синовдан ўтказилиб жорий қилинган. (Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазирлигининг 2022 йил 10 январдаги 21/75 - сон маълумотномаси). Илмий натижалар асосида такомиллаштирилган спектрометрдан фойдаланиш криминалистик объектларда наркотик, психотроп, фито ва синтетик каннабиноидларни аниқлаш имконини берган;
психотроп воситалар, наркотиклар ва каннабиноидларни масс-спектрометрик ва термодесорбцион спектрометрия натижалари экспресс ва юқори сезгирликда аниқловчи термодесорбцион сирт-ионлашув спектрометрия услубини ривожлантиришга асос бўлиб хизмат қилган ва шу услуб асосида кичик серияда ишлаб чиқарилган “Искович” индикатори ТошФарм институтининг "Суд токсикологияси" ва "Фармацевтик ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва сифатини бошқариш" кафедраларида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш учун жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги Тошкент фармацевтика институтининг 2022 йил 27 январдаги 01/81 -сон маълумотномаси). Натижада, бу спектрометрни қўллаш бионамуналарда психотроп воситалар, наркотиклар ва каннабиноидларни тез ва юқори сезгирликда аниқлаш имконини берган;
масс-спектрометрик ва термодесорбцион сирт- ионлашув натижалари тезкор ва юқори сезгирликка эга янги теродесорбцион сиртий ионлашув услуби ва шу услубда ишлайдиган "Искович" индикатори яратилишига асос бўлди. Шу услубда ишлайдиган "Искович" индикаторининг 14 донаси Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни Сақлаш Вазирлигининг вилоятлар, Тошкент шаҳар, Қорқалпоғистон республикаси суд-тиббиёт экспертизаси бюроларининг суд-кимё лабораторияларига бионамуналарда суистеъмол қилинадиган моддаларни тез ва юқори сезгирликда аниқлаш учун жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни Сақлаш Вазирлигининг 2022 йил 11 февралдаги 08-09/4598 – сон маълумотномаси). Натижада, бу спектрометрлар ва усулни қўллаш бионамуналарда наркотик ва психотроп дори воситаларини тез ва юқори сезгирликда аниқлаш имконини берган.