Sayt test rejimida ishlamoqda

Журакулов Алишер Рустамовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи):    
«Уран ишлаб чиқариш техноген объектларининг экологик мониторинги», 01.04.01 – Экспериментал физиканинг асбоблари ва усуллари (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.2.PhD/Т1500.
Илмий раҳбар: Курбанов Бахтияр Ибрагимович, техника фанлари доктори, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Фанлар акдемияси Ядро физикаси институти ва Навоий давлат кончилик институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ядро физикаси институти, DSc.02/30.2019.FM/T.33.01 рақамли Илмий кенгаш 
Расмий оппонентлар: Раджапов Сали Аширович, физика-математика фанлари доктори, катта илмий ходим; Ярматов Бахром Хайдарович, техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), катта илмий ходим, 
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади уран қазиб олиш ва қайта ишлаш жараёнидаги радиацион омилларнинг таъсири катталикларини баҳолаш ва салбий таъсирларни камайтириш услубларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Навоий кон-металлургия комбинатининг уран уюмлари, уран чиқиндилари омбори ва уранни ер остида танлаб эритиш майдонлари тупроқлари намуналаридаги 238U, 230Th, 226Ra, 40К табиий радионуклидларнинг локал тарқалиш концентрациялари қийматлари ушбу техноген ҳудудларда 238U бўйича 59,8-93,2 Бк/кг, 230Th бўйича 136-264 Бк/кг, 226Ra бўйича 556-983 Бк/кг, 40К бўйича 830-1200 Бк/кг оралиқларда аниқланган;
гамма-нурланиш экспозицион доза қуввати қийматларининг маҳаллий сирт тақсимоти параметрларини тезкор баҳолаш учун самарали ҳисоблаш ЭҲМ дастури ишлаб чиқилган ва унинг ёрдамида илк бор техноген ҳудудларнинг кузатув нуқталарида – Учқудуқда -0,43 мкЗв/соат, Зафарободда -0,24мкЗв/соат, Навоий шахрида (ГМЗ-1) -0,16 мкЗв/соат экспозицион доза қуввати аниқланган;
уран ишлаб чиқариш ҳудудларининг ер ости сувларида ҳосилавий 222Rn радионуклиди ҳажмий активлиги ва она ядро 226Rа радионуклиди ҳажмий активлиги орасидаги боғланиш бузилган ҳолатлар кузатиладиган техноген ҳудудлар илк бор аниқланган ҳамда шу ҳудудлардаги ер ости сувларида радионуклидларнинг ҳажмий активликлари тажриба йўли билан топилган: Учқудуқ – 226Rа-55Бк/л, 222Rn-213Бк/л, Нурбулоқ –  226Rа-16Бк/л, 222Rn-130Бк/л, Қарнаб – 226Rа-23Бк/л, 222Rn-115Бк/л, Зафаробод – 226Rа-11Бк/л, 222Rn-230Бк/л, Шуробод – 226Rа-282Бк/л, 222Rn-74Бк/л, Нуробод – 226Rа-381Бк/л, 222Rn-120Бк/л, № 9 Жанубий қудуқ – 226Rа-124Бк/л, 222Rn-516Бк/л;
илк бор Навоий кон-металлургия комбинатининг уран ишлаб чиқариш техноген ҳудудларидаги ҳар хил кимёвий таркибли ер ости сувлари учун 222Rn радионуклиди дегазациясининг рухсат этилган санитар меъёри 60 Бк/л гача тушадиган оптимал вақт қийматлари 8-14 соат оралиғида эканлиги тажрибада аниқланган; 
илк бор Навоий кон-металлургия комбинатида ишлаб чиқарилган уран маҳсулотларини сақлаш жойлари атмосфера ҳавосида 222Rn радионуклиди аралашган аэрозолларнинг экспозицион доза қуввати 3000 мкЗв/соатдан 300 мкЗв/соатгача ва радоннинг мувозанатли ҳажмий активлиги 250 Бк/м3 дан 15 Бк/м3 гача камайишини таъминлаш учун контейнерларни улар орасидаги масофани 15 см, ердан баландлигини 1 метргача кўтарилган ҳолатда жойлаштириш кераклиги асослаб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Уран ишлаб чиқариш техноген объектларининг экологик мониторинги бўйича олинган  натижалар асосида:
Навоий кон-металлургия комбинатининг уран маъданлари, уран чиқиндихоналари ва уранни ер остида танлаб эритиш майдонлари, тупроқ намуналаридаги уран табиий емирилиш занжиридаги радионуклидлар локал тарқалиш концентрацияларини аниқлаш натижалари кон-металлургия комбинатининг Марказий илмий тадқиқот лабораториясида амалиётга тадбиқ қилинган (Навоий кон-металлургия комбинатининг 2021 йил 24 майдаги № 02-06-04/5454-сон маълумотномаси). Натижаларни тадбиқ этиш ушбу объектлардаги радионуклидларнинг маълумотлар базасини яратишга имкон берган;
гамма-нурланиш экспозицион доза қуввати қийматларининг маҳаллий сирт тақсимоти параметрларини ҳисоблаш бўйича ишлаб чиқилган дастур Ўзбекистон Республикаси интеллектуал мулк Агентлигида рўйхатдан ўтказилган (Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк Агентлигининг ЭҲМ дастурини расмий қайд этиш тўғрисидаги Гувоҳномаси № DGU 09817. 23.12.2020й.). Ишланманинг қўлланилиши уран отваллари, ГМЗ-1 уран чиқиндилари омбори ва уранни ер остида танлаб эритиш майдонларида гамма-нурланиш экспозицион доза қуввати қийматларининг маҳаллий сирт тақсимоти параметрларини аниқлаш имконини берган; 
НКМК уран ишлаб чиқариш техноген ҳудудлари ер ости сувларида ҳосилавий 222Rn радионуклиди миқдори ва она ядро 226Rа радионуклиди миқдори орасидаги боғланиш қонуниятлари, радон дегазацияси вақтининг оптимал қийматлари ва сув танқис чўл ҳудудларида юқори радиация кўрсаткичига эга бўлган ер ости сувларидан хавфсиз фойдаланиш бўйича ишлаб чиқилган тавсиялар Навоий КМКнинг Марказий илмий тадқиқот лабораториясида амалиётга тадбиқ этилган (Навоий КМК Марказий илмий тадқиқот лабораториясининг 2021 йил 21 майдаги  № 1901-03-11/976 -сон жорий қилиш тўғрисидаги далолатномаси). Натижада Навоий вилоятининг сув танқис чўл ҳудудларида ер ости сувларидан хавфсиз фойдаланиш имконияти асослаб берилган;
омборхона ҳавосида  аниқланган 222Rn радионуклиди йиғилиш даражасини ва омборхона ҳавосида 222Rn йиғилишини олдини олиш учун уран тайёр маҳсулотлари контейнерларини жойлаштириш бўйича аниқланган самарали геометрияси Навоий КМКда амалиётга тадбиқ этилган (Навоий кон-металлургия комбинатининг 2021 йил 24 майдаги № 02-06-04/5454-сон маълумотномаси). Натижада тайёр уран маҳсулотларини сақлаш омборларида радионуклид аэрозолларининг экспозицион доза қувватини камайтириш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish