Sayt test rejimida ishlamoqda

Жабборов Хўжамуроднинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи  номи): «Ўзбек тилининг деҳқончилик лексикаси», 10.00.01 –Ўзбек тили (филология фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.2. DSc/Fil54.   

Илмий маслаҳатчи: [Бегматов Эрнест Азимович], филология фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Қарши давлат университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, DSc.27.06.2017.Fil.19.01.

Расмий оппонентлар: Тожиев Ёрмат, филология фанлари доктори, профессор; Маматов Абдимурод Эшанқулович, филология фанлари доктори, профессор; Собиров Абдулҳай Шукурович, филология фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот: Наманган  давлат университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: ўзбек тили деҳқончилик лексикасининг тил, луғат тизимидаги салмоғини белгилаш, уларнинг бойиш манбалари ва усуллари, тарихий-тадрижий тараққиёти ҳамда тарихий-қиёсий, функционал-стилистик, субстанциал-прагматик хусусиятларини очиб беришдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

тарихий ёзма манбалардаги деҳқончилик лексикасига оид луғавий бирликлар билан ҳозирги ўзбек адабий тилидаги деҳқончилик лексикасининг фарқлари аниқланган;

деҳқончилик лексикаси шаклланишидаги асосий лисоний ва нолисоний омиллар аниқланган ва шу орқали уларнинг адабий тил ва соҳа адабиётларида қўлланиши очиб берилган;

деҳқончилик лексикасининг мотивланиш белгиларига кўра номланиши аниқланиб, макро ва микро, мавзуий ва луғавий-маъновий гуруҳлари ёритилган;

деҳқончилик лексикасининг шаклланиши ва тараққиёт манбалари асосида лексик қатламлари, сўз ясалиши билан боғлиқ хусусиятлари аниқланган;

деҳқончилик лексикаси тараққиётида моддий асос вазифасини ўтаган ер, сув, экин майдонитушунчаларининг ўзбек тилидаги лексик-семантик, функционал-услубий хусусиятлари очиб берилган;

деҳқончилик лексикасининг ўзбек адабий тили лексикасида тутган ўрни ва аҳамияти асосланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Ўзбек тилининг деҳқончилик маданияти билан боғлиқ лексикасининг лингвистик хусусиятларига бағишланган тадқиқот бўйича олинган илмий натижалар асосида:

ДЛдаги сувчи, сувчилик, сув ресурси, сув сарфи, сув заҳираси, сув ҳажми, сув  юзаси, сув  иншооти, ҳавза, ҳовуз, тупроқ, суғорма, тўғон, оқим, кўл, канал, суғориш, ариқ, ирмоқ, қувур каби 95 дан ортиқ сўз ва сўз  бирикмаларидан ОТ-Ф6-062 рақамли «Орол ҳавзасида кечаётган гидрологик ва табиий географик жараёнларнинг айрим қонуниятларини тадқиқ этиш» фундаментал лойиҳа доирасида фойдаланилган (Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасининг 2016 йил 2 ноябрдаги ФТК-03-13/740-сон маълумотномаси). Илмий натижалар асосида кўплаб ДЛга оид луғавий бирликларнинг изоҳлари мукаммаллаштирилган;

тадқиқотнинг илмий натижаларидан «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»нинг учинчи жилдидаги «Н», «О», «П», «С» ҳарфлари билан бошланувчи нав, ниш; обканд, обпартав; пайнов, палак, сабза, сардоба, тўртинчи жилдидаги «Т», «У» ҳарфлари билан бошланувчи тариқ, тарош, таррак; уват, узумчи, уруғ; бешинчи жилдидаги «Ш», «Э», «Ў», «Қ», «Ғ», «Х» ҳарфлари билан бошланувчи шўр, шудгор; эгат, экинчи, экма; ўпқон, ўрим, ўғит, ўқариқ; қовунчи, қўш, қўшчи; ғарам, ғалла, ғўра; ҳашарчи, ҳосил, ҳосилот каби 80 дан ортиқ луғавий бирликларнинг  маънолари ва лексикографик изоҳлари  бойитилган;

 муалифнинг 3062 та сўзни жамлаган «Деҳқончилик сўзларининг қисқача изоҳли луғати»да берилган 45 дан ортиқ сўзлар (гулсув, дармон сув, зовурсув, сувёпгич каби), 30 га яқин мақоллар (Асад суви асал суви, Балиқнинг тириклиги сув билан, деҳқоннинг тириклиги ер билан, Гапнинг онаси қулоқ, сувнинг онаси   булоқ, Деҳқоннинг иши ер билан, ернинг иши сув билан каби),40 дан ортиқ фразеологик бирликлар(сиркаси сув кўтармайди, сувдан қуруқ чиқмоқ каби)дан «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»даги лексикографик талқинларнинг янада асосли бўлиши ва бойитилишида фойдаланилган.  (Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасининг 2016 йил 13 октябрдаги ФТК-03-13/690-сон маълумотномаси). Натижада кўплаб луғавий бирликлар, мақоллар, фразеологик бирликларнинг изоҳлари мукаммаллашган, иллюстратив мисоллар билан бойиган;

Қашқадарё вилояти телерадиокомпаниясининг «Деҳқончилик ва фермерчиликка кенг йўл», «Агросабоқ», «Тараққиёт сари» каби кўрсатувлари, «Деҳқончилик тараққиёти – фаровонлик гарови», «Ислоҳот ва самара», «Сув – ҳаёт манбаи» каби кўрсатув ва эшиттиришларида сув ғўзанинг жони, ўғит унинг дармони, ариқ сувин лойқатма, давлат молин чайқатма, асад суви асал суви,  хайров тароши билан, қиз бола қоши биланкаби мақоллар ҳамда лоток, қоқ, ўпқон, жўяк, эгат, сув заҳираси, пайнов, сардоба, мироб, партов, чил, обикор, шира, бўз ер, хокоб, шохоб, хайров, хайров оши, сув хўжалиги, боғчи, каканак, мирғай, суржуна, хамма, това, думбиқ, тобчи каби 285дан ортиқ сўзлардан фойдаланилган ҳамда тадқиқотчининг деҳқончилик маданияти билан боғлиқ айрим мулоҳазалари, деҳқончиликнинг илмий ва амалий асослари, расмий ҳужжатларда деҳқончилик соҳасидаги сўзларнинг маъносини тўғри қўллашга эътибор бериш каби фикрлари билан бойитилган (Қашқадарё телерадиокомпаниясининг 2017 йил 2 октябрдаги 12-09-811-сон маълумотномаси). Натижада кўрсатув ва эшиттиришларнинг сценарийлари илмий манбалар билан бойиган, телетомошабинлар ва радиотингловчиларнинг ушбу масалалар юзасидан кўпроқ маълумот олишларига хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish