Норматова Шахноза Анваровнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Аҳоли овқатланишида сут ва сут маҳсулотларининг ўрнини ва уларни ишлаб чиқаришда хавфсизлигини баҳолаш», 14.00.07–Гигиена (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.PhD/Tib38.
Илмий раҳбар: Бахритдинов Шахоб Самарович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиали.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент тиббиёт академияси, DSc.27.06.2017.Tib.30.03.
Расмий оппонентлар: Худайберганов Анатолий Сагатбаевич, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Искандарова Шахноза Тулкиновна, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади: иссиқ иқлим шароитида сут маҳсулотларини ҳақиқий истеъмоли, тайёр сут маҳсулотининг сифат ва хавфсизлигини доимий тизимли назоратини гигиеник параметрларини асослаш, сут корхоналарида технологик жараённи ўрганиш ва меҳнат шароитини соғломлаштириш бўйича гигиеник тавсияларни ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Фарғона водийси аҳолиси овқатланиши тизимида илк бора сут маҳсулотларининг иқлим, ёш ва жинсга нисбатан ҳақиқий истеъмол ҳолати аниқланган ҳамда кунлик овқат рационидаги сутнинг кимёвий ва биологик моддалар қолдиқлари билан ифлосланиши асосланган;
иссиқ иқлим шароитини инобатга олган ҳолда сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сақлаш ва ташиш бўйича гигиеник тавсиялар ишлаб чиқилган ҳамда сутнинг ифлосланиш даражаси бактерицид, нордон сут бижғиш ва аралаш бижғиш босқичларида асосланган;
сут маҳсулотларини ишлаб чиқаришдан истеъмолчигача бўлган жараёнларда аҳоли саломатлиги муҳофазасига қаратилган маҳсулот сифати ва хавфсизлигини таъминловчи тизим такомиллаштирилган;
сут ишлаб чиқариш корхоналарида ишловчиларнинг иш шароитини оптималлаштириш борасида доимий мониторингини олиб боришни ташкил этиш бўйича санитар-гигиеник тадбирлар тизими ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Аҳоли овқатланишида сут ва сут маҳсулотларининг ўрнини ва уларни ишлаб чиқаришда хавфсизлигини баҳолаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
сут ва сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнида сифати ва хавфсизлигини яхшилаш мақсадида «Сут ва сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сифатини текширишнинг назоратини ташкил этиш» услубий қўлланмаси ишлаб чиқилган ва соғлиқни сақлаш амалиётига жорий қилинган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2017 йил 10 октябрдаги 8н-д/33-сон маълумотномаси). Мазкур қўлланма сут ишлаб чиқариш корхоналарини санитар-гигиеник талаблар асосида лойиҳалаштириш ва қуриш, сут ва сут маҳсулотларининг органолептик, микробиологик ва кимёвий жиҳатдан хавфсизлигини таъминлаш имконини берган;
озиқ-овқат маҳсулотлари таркибида пестицидларнинг қолдиқ миқдорларини аниқлаш мақсадида «Атроф-муҳитда ва озиқ-овқат маҳсулотларида пестицидларининг гигиеник меъёрлари» (СанМваҚ 0308-13 қўшимча) тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2017 йил 10 октябрдаги 8н-д/33-сон маълумотномаси). Мазкур ҳужжат атроф-муҳитда ва озиқ-овқат маҳсулотларининг таркибида пестицидларнинг қолдиқ миқдорини аниқлаш ва даврий равишда назорат қилишга имкон берган;
аҳоли овқатланишида сут маҳсулотларининг ўрнини ва уларни ишлаб чиқаришда хавфсизлигини баҳолаш бўйича олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш амалиётига, жумладан, Фарғона, Андижон ва Наманган вилояти ДСЭНМлари, Андижон «Rash Milk» сут заводи, шунингдек, Фарғона вилоятидаги сут-товар фермаларига жорий қилинган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2017 йил 9 ноябрдаги 8н-з/35-сон маълумотномаси). Олинган илмий натижаларнинг амалиётга жорий қилиниши Фарғона водийси аҳолисининг кунлик овқат рациони таркибида сут ва сут маҳсулотларининг ўрни исботланган, сут ишлаб чиқариш корхоналаридаги кузатув назорат нуқталарини ўрнатиш ва тизимли мониторинг олиб бориш натижасида сутнинг сифати ва хавфсизлик кўрсаткичларининг 20% га ижобий томонга ўзгаришига имкон яратган.