Кадиров Хасан Иргашевичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Коррозия ва минерал тузлар тўпланишига қарши янги ингибиторлар синтези ва технологияси», 02.00.14–Органик моддалар ва улар асосидаги материаллар технологияси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B.2017.1.DSc/T17.
Илмий маслаҳатчи: Туробжонов Садриддин Маҳамаддинович, техника фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент кимё-технология институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Тошкент кимё-технология институти, DSc.27.06.2017.Т.04.01.
Расмий оппонентлар: Магрупов Фарход Асаддулаевич, кимё фанлари доктори, профессор; Саидахмедов Игамберди Мухторович, техника фанлари доктори; Мухиддинов Баҳодир Фахриддинович, кимё фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот номи: Ўзбекистон кимё-фармацевтика илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: маҳаллий хомашёлар асосида коррозия ва минерал тузлар тўпланишига қарши ингибиторлар таркиби ва технологиясини яратишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
полидентант бирикмалар синтезининг қулай усуллари ва бифукционал хусусиятли бирикмалар амидлар, аминлар, аминоспиртларнинг альдегидлар билан конденсатланиш реакцияларининг оптимал шароитлари аниқланган;
карбамид ва формальдегиднинг конденсатланишидан, оптимал ҳарорат 82–84°С ва дастлабки реагентлар 1:2,8 моль нисбатларида каталитик миқдор кислота ва асос иштирокида протон ажралиши ва метилолкарбамид аниони орқали 69% билан метилолҳосилалар ҳосил бўлиши исботланган;
карбамид метилолҳосилаларининг уротропин, пентаэритрит, моно-, ди- ва триэтаноламинлар, моноэтаноламин куб қолдиғи, органофосфонатлар билан композициялари 4,0 мг/л концентрацияда минерал тузлар тўпланишидан ингибирлаш самарадорлиги 93,0% гача етишлиги аниқланган;
карбамид ва анилинни натрий пиросульфиди иштирокида формальдегид билан хомашё нисбатлари 1:2:2 мол ва 70°Сда босқичли нуклеофил бирикишидан 76% сульфометилен ҳосилалари, хлорсирка кислота билан карбоксилашдан ишқорий усулда рН=8-10, 11 соат давомида, 70–75 oС да 64%, этерификация усулида 6 соат давомида 81% карбоксиметиленлар ҳосил бўлиши исботланган;
аминлар ва амидларни сульфометиллаш ҳамда карбоксиметиллаш маҳсулотлари саноат ингибиторлари билан эквимолекуляр 2 мг/л нисбатларда фойдаланилганда минерал тузлар тўпланишидан ингибирлаш самарадорлиги 94–98,5%ни ташкил этиши аниқланган;
кўп атомли спиртлар ва лимон кислотаси иштирокида олинган оксиэтилидендифосфон кислота рух комплексонати кристалларининг молекулалараро ва ичкимолекуляр боғлар орқали тузилганлиги, минерал тузлар тўпланишига қарши ингибитор сифатида сувнинг қаттиқлиги 12 мг-экв/л бўлган шароитларда 8 мг/л дозаларда фойдаланилганида ҳимоялаш самарадорлиги 70°C – 98,0%, 80°C – 94,0% ва 90°C – 89,0% бўлишлиги исботланган;
коррозиядан ҳимоялаш даражаси 97,9% (Zn-ОЭДФ : ОДЭФ : ПКИ-3) ва 92,0% (ОДЭФ : цинкат-ОЭДФ : КОМЭА) бўлган таркиблар яратилиб, ПКИ-3 иштирокида тайёрланган композицияларнинг ҳимоялаш даражаси юқорилиги аминокротонолдаги углерод-азот мустаҳкам боғларнинг мавжудлиги ва металл юзасида мустаҳкам ҳимоя қатламларининг ҳосил қилиши билан исботланган;
амидлар ва аминларнинг гидрокси-, карбокси- ва сульфокси-ҳосилалари, аминоспиртлар ва ОЭДФ рух комплексонати асосида МЭАКҚ, ПКИ-3, ЭФК қўшиб композициялар ҳолатида коммунал хўжалик, кон-металлургия, нефть қазиб чиқариш ва қайта ишлаш саноати сув таъминотлари учун коррозия ва минерал тузлар тўпланишига қарши ингибиторлар олиш технологиялари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Коррозия ва минерал тузлар тўпланишига қарши янги ингибиторлар синтези ва технологиясини яратиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
коррозия ингибитори олиш усулига Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган (IAP 02926, 2002). Натижада сув ва углеводородларда эрийдиган коррозия ингибиторлари олиш имкониятини берган;
минерал тузлар тўпланишига қарши ингибитор «ИОМС-экстра-1» ишлаб чиқаришга техник шарт «Ўзстандарт» агентлиги томонидан тасдиқланган (Тsh-64-03115643-01:2008). Натижада коммунал хўжалиги иссиқлик манбалари буғ қозонларида ишлатилувчи ИОМС-1, Оптион -353 ингибиторларини алмаштириш имконини берган;
минерал тузлар тўпланишига қарши ингибитор «ИОМС-экстра-2-1» ишлаб чиқаришга техник шарт «Ўзстандарт» агентлиги томонидан тасдиқланган (Тs 03115643-01-2015). Натижада нефть-газ саноати сув таъминоти қурилмаларини минерал тузлар тўпланишидан ҳимоялаш имконини берган;
коррозия ва минерал тузлар тўпланишига қарши ингибитор «SUMONO-DЮ» ишлаб чиқаришга техник шарт «Ўзстандарт» агентлиги томонидан тасдиқланган (Тs 15459299-01:2017). Натижада коммунал хўжалик, кон-металлургия, нефть қазиб чиқариш ва қайта ишлаш саноати сув таъминотлари қурилмаларида коррозия ва минерал тузлар тўпланишидан ҳимоялаш имконини берган;
маҳаллий хомашёлар асосида коррозия ва минерал тузлар тўпланиши ингибитори таркиби ва технологияси ишлаб чиқаришга Электрокимё заводида жорий қилинган («Ўзкимёсаноат» АЖнинг 2017 йил 1 ноябрдаги 01/3-5608/А-сон маълумотномаси). Натижада республикамизда ингибитор ишлаб чиқариш имконини берган;
яратилган «SUMONO-DЮ» ингибитори қурилмаларни коррозиядан ҳимоялаш ва минерал тузлар тўпланишидан ингибирлаш учун Навоий кон-металлургия комбинати технологик жараёнларига жорий қилинган (Навоий кон-металлургия комбинатининг 2017 йил 3 ноябрдаги 1/01-2093-13463-сон маълумотномаси). Натижада ҳозирда олиб келинадиган Deropt ингибитори миқдорини 60% га алмаштириш имконини берган.