Sayt test rejimida ishlamoqda

Бекмирзаев Илҳомжон Исроилжоновичнинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «X–XIII асрлар Мовароуннаҳр ижтимоий муносабатларига оид процессуал ва нотариал ҳужжатлари», 07.00.05 – Ислом тарихи ва манбашунослиги (тарих фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.DSc/Tar36.

Илмий маслаҳатчи: Исломов Зоҳиджон Маҳмудович, филология фанлари доктори.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент ислом университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент ислом университети, DSc.27.06.2017.Tar/F/Fil.14.01.

Расмий оппонентлар: Уватов Убайдулла Мурадович, тарих фанлари доктори, профессор; Муминов Аширбек Курбанович, тарих фанлари доктори, профессор; Ражабова Мавжуда Абдуллаевна, юридик фанлар доктори, профессор.

Етакчи ташкилот номи: Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: X-XIII асрларда Мовароуннаҳр қозилик маҳкамаларида юритилган расмий ҳужжатларга оид манбаларда акс этган процессуал ва нотариал ҳужжатларни ҳаётга татбиқ этиш механизмларининг ўзига хос хусусиятларини очиб беришдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

ўзбек давлатчилиги тарихида қозилик инстанциясининг шаклланиши, ўрта асрларда Мовароуннаҳрда расмийлаштирилган қатор ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижтимоий, иқтисодий, маънавий-ҳуқуқий жиҳатдан жамиятни бошқариш ва тартибга солишдаги ўрни мавжудлиги исботланган;

X–XIII асрларга хос ҳуқуқий ҳужжатлар ва унга оид манбаларга бағишланган тадқиқотларнинг манбашунослик хусусиятлари тизимли-функционал тамойил асосида очиб берилган;

ҳанафий таълимотининг маҳаллийлашуви ҳамда мазҳаб фақиҳларининг ҳуқуқ ижодкорлари сифатида жамиятда адолат тамойилларини қарор топтиришга бўлган интилишлари асосланган;

қўлёзма манбаларнинг палеографик ва кодикологик хусусиятлари, уларда келтирилган процессуал (маҳзар, сижил) ва нотариал (шурут) ҳужжат турлари илк бор таснифланган;

X–XIII асрларга хос канцеляризм ва формулярлар генезиси, процессуал ва нотариал ҳужжатларни расмийлаштириш тамойиллари ҳамда уларни ижтимоий ҳаётга татбиқ этиш механизмлари исботланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

X–XIII асрлар Мовароуннаҳр ижтимоий муносабатларига оид процессуал ва нотариал ҳужжатларни тадқиқ этиш натижасида ишлаб чиқилган илмий хулосалар ва таклифлар асосида:

исломдаги ҳуқуқий мактаблар, Мовароуннаҳр қозилиги тажрибалари ва тарихий ҳужжат материаллари юзасидан олинган илмий натижалардан «Ислом ҳуқуқи» номли дарсликнинг IV, V, VIII мавзуларини ёритишда фойдаланилган (№82-020). Мазкур мавзуларнинг дарсликка киритилиши исломшунослик ва ҳуқуқшунослик йўналишида таҳсил олаётган талабалар, шунингдек, соҳа мутахассислари учун Шарқда шаклланган ҳужжатшунослик мактаблари, уларни расмийлаштириш ва ижро механизми, Ўзбекистон давлати ва ҳуқуқи, дипломатика, ислом дунёсига хос юксак ҳуқуқий маданият тарихини бирламчи манбалар асосида очиб берган;

Мовароуннаҳрда ёзилган ҳанафий фиқҳига оид манбалар бўйича олинган илмий натижалар Алберт Людвиг университетининг шарқшунослик бўлими ва Фрайбург исломшунослик марказининг «Ислом дунёси ва ислом билимлари ривожи» номли халқаро тажриба алмашиш ўқув дастурини (Германия) тайёрлашда фойдаланилган (Алберт Людвиг университети ва Фрайбург исломшунослик марказининг 2016 йил 12 декабрдаги маълумотномалари). Ушбу илмий натижалар германиялик исломшунос мутахассисларга Ўзбекистонда ислом билимларининг жамият ҳаётига таъсири ва ҳанафийликнинг мўътадил мазҳаб сифатида ўзбек халқи ҳаётидан муносиб ўрин эгаллаганлиги, X–XIII асрлардаги Ўзбекистон ҳудудида давлатчилик анъаналари, жамият бошқаруви, ижтимоий ҳаётни тартибга солишда расмий ҳуқуқий ҳужжатларнинг аҳамиятини кўрсатиб берган;

X–XIII асрлар Мовароуннаҳр мулкий муносабатларига оид даъво ва низоларнинг ҳуқуқий асослари билан боғлиқ хулосалардан БВ-Ф8-068 рақамли «Ислом ҳуқуқида мулкий муносабатларнинг тартибга солиниши» (2007–2011) фундаментал тадқиқот лойиҳасида, мотуридия ақидавий мактабининг асосчиларидан Абу Жаъфар Таҳовийнинг илмий мероси ҳамда унинг ҳуқуқий қарашларига оид таклифлардан А-1-050 рақамли «Мовароуннаҳрда мотуридия ақидавий мактабининг пайдо бўлиш тарихи ва унинг ҳозирги кундаги экстремистик оқимларга қарши курашдаги мафкуравий аҳамияти» (2015–2017) амалий лойиҳасида, Абу Наср Самарқандий, Ҳусомуддин Садр Шаҳид, Бурҳонуддин Маҳмуд Бухорий каби аждодларимизнинг илмий мероси бўйича маълумотлардан А1-ФҚ-0-96622А-1-051 рақамли «Исломшунослик муаммоларини бирламчи манбалар ва аждодларимиз диний-маърифий меросини тизимли таҳлил қилиш асосида ёш авлодда соғлом эътиқодни шакллантириш» (2012–2014) амалий лойиҳасида фойдаланилган (Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасининг 2016 йил 27 июндаги ФТК-0213/415-сон маълумотномаси). Ушбу хулоса, таклиф ва маълумотлар орқали Ўзбекистон тарихида мулкка эгалик қилиш ва у билан боғлиқ савдо битимлари мустаҳкам ҳуқуқий асосларга эга бўлганлиги, ислом догматик дин эмаслиги, аксинча, ушбу динда ҳам бағрикенглик, ҳурфикрлилик мавжудлиги ва фуқаролик муносабатларининг ақидавий асослари, ижтимоий муносабатларга доир умуминсоний ғоялар, дунё тамаддуни ривожига муносиб ҳисса қўшган ҳамда ҳозирги вақтда кенг жамоатчиликка яхши маълум бўлмаган буюк алломаларимизнинг шахсияти ва илмий мероси бўйича илмий хулосаларнинг такомиллашувига хизмат қилган;

X–XIII асрлар Мовароуннаҳр марказий шаҳарларида фаолият юритган қозиларнинг тажрибалари, жамиятда тутган ўрни, ҳуқуқий маданияти бўйича илмий хулосалар Ўзбекистон Республикаси Ҳакамлик судлари ассоцияцияси ҳузуридаги академиянинг «Ўзбекистонда процессуал ва нотариал ҳужжатлар тарихи», «Ўзбекистонда ҳакамлик судлари тарихи» фан дастурларини тайёрлашда фойдаланилган (ЎзҲСАнинг 2016 йил 29 февралдаги 01/47-сон маълумотномаси). Мазкур хулосалар орқали Ўзбекистондаги ҳуқуқ ижодкорлиги ва Ўзбекистон тарихида суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ҳамда уларнинг даврий ривожланиш босқичлари Ўзбекистон ва жаҳон қўлёзма фондларида сақланаётган қўлёзма манбалар ҳамда ҳуқуқий ҳужжатлар асосида очиб берилган;

Ўзбекистон тарихида мавжуд диний бағрикенглик анъаналари, соф исломий тушунчалар, миллий давлатчилик ва тарихий ҳужжат тузиш тажрибалари бўйича билдирилган хулосалар «Ўзбекистон» телеканалида махсус тайёрланадиган «Зиё», «Диний экстремизм ва мутаассибликка қарши чора-тадбирлар» туркумидаги кўрсатувлар, «Ёшлар» телеканалининг «Сўз ёшларга», «Китоб ва офтоб», «Тошкент» телеканалининг «Тошкент вақти», «Маданият ва маърифат» телеканалининг «Академик соат» каби илмий-оммабоп кўрсатувлари ҳамда «Маҳалла» радиосининг «Обод манзиллар», «Ҳамма учун» каби эшиттиришларининг сценарийларини тайёрлашда (2011–2016) фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 2015 йил 15 декабрдаги 05-15/3448-сон маълумотномаси). Мазкур кўрсатув ва эшиттиришлар фуқароларнинг X–XIII асрлар Мовароуннаҳр расмий ҳужжатлари тарихи, аждодларимиз илмий меросига доир янги илмий маълумотлар билан танишиши, тарихий билимларининг ошиши ва уларда миллий ғурур туйғусининг шаклланишига хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish