Алланазаров Султанбек Рейпназаровичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Чилпиш муддатлари ва усулларига боғлиқ ҳолда дефолиантларнинг самарадорлигини баҳолаш», 06.01.08–Ўсимликшунослик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.2.PhD/Qx71.
Илмий раҳбар: Тешаев Фатулло Жўрақулович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти, DSc.27.06.2017.Qx.42.01.
Расмий оппонентлар: Атабаева Ҳалима Назаровна, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Ибрагимов Одилжон Олимжонович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Самарқанд қишлоқ хўжалик институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Тошкент вилоятининг типик бўз тупроқлари шароитида парваришланаётган ўрта толали ғўза навида чилпиш ўтказиш агротадбирига боғлиқ ҳолда маҳаллий «УзДЕФ» ва «Самара» дефолиантларининг мақбул меъёрларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Тошкент вилоятининг типик бўз тупроқлари шароитида истиқболли ўрта толали «Наврўз» ғўза навида чилпиш муддатлари ва усулларига боғлиқ ҳолда маҳаллий «УзДЕФ» ва «Самара» дефолиантларининг мақбул қўллаш меъёрлари аниқланган;
чилпиш муддати ва усулларига боғлиқ ҳолда «Наврўз» ғўза навининг барг сатҳи, ҳосил элементларининг ҳар хил бўлиши ҳамда кўсаклар очилиш муддати турлича бўлиши исботланган;
чилпиш муддатлари ва усулларига боғлиқ ҳолда дефолиация ўтказишнинг ғўза барглари тўкилиши, кўсаклар очилиши, бир дона кўсакдаги пахта вазни, пахта ҳосили ва биринчи терим салмоғи ҳамда пахта толаси ва чигитнинг сифат кўрсаткичларига таъсири аниқланган;
турли муддатларда ва усулларда чилпиш ўтказилиши натижасида дефолиантларнинг ғўзани генератив ва вегетатив органларида қуруқ модда ҳосил бўлиши ҳамда тўпланган азот миқдорининг ўзгаришига таъсири аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Ғўза кўсакларининг физиологик етилишини инобатга олган ҳолда ғўзанинг чилпиш муддатлари ва усулларига боғлиқ ҳолда дефолиантларнинг мақбул қўллаш меъёрлари бўйича олиб борилган тадқиқотлар натижалари асосида:
чилпиш муддатлари ва усулларига қараб дефолиантларни қўллаш борасида «Ғўза дефолиациясини сифатли ўтказиш бўйича тавсиялар» ишлаб чиқилган (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2017 йил 8 ноябрдаги 02/20-578-сон маълумотномаси). Ушбу тавсиянома республикада пахта етиштирувчи фермер хўжаликларида қўлланма сифатида хизмат қилмоқда;
мақбул чилпиш муддатлари ва усулларини инобатга олган ҳолда дефолиантларни қўллаш технологияси Тошкент вилояти фермер хўжаликлари пахта майдонларида 6600 гектарга жорий этилган (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2017 йил 8 ноябрдаги 02/20-578-сон маълумотномаси). Натижада дефолиациядан самарали фойдаланилиб, барглар тўкилиши 92,5–95,2 фоизни, кўсаклар очилиши 89,0–93,0 фоизни ташкил этган ҳолда, биринчи терим салмоғи 14–21 фоизга, пахта ҳосилдорлиги гектарига 1,7–2,8 центнерга ошиб, дефолиация ҳисобига иқтисодий самарадорлик гектарига 90–110 минг сўмни ташкил этган.