Абдувалиева Дилноза Акрамовнанинг
фалсафа доктори (PhD)диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Алишер Навоий тарихий асарлари лексикаси», 10.00.01–Ўзбек тили.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.PhD/Fil12.
Илмий раҳбар: Дадабоев Ҳамидулла Арипович, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Жиззах давлат педагогика институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, DSc.27.06.2017Fil.19.01.
Расмий оппонетлар: Аширбоев Самихон, филология фанлари доктори, профессор; Ҳусанов Нишонбой Абдусатторович, филология фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: «Тарихи анбиё ва ҳукамо» ҳамда «Тарихи мулуки Ажам» асарлари сўз бойлигининг тарихий-этимологик, функционал-семантик ва семантик-стилистик хусусиятларини очиб беришдан иборат.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
тарихий асарлар луғат таркибидаги ўз ва ўзлашган қатламга оид лексик бирликларнинг лингвостатистикаси аниқланган;
асарларда ишлатилган лексик қатламларнинг қадимги туркий тил, эски туркий тил ва ҳозирги ўзбек адабий тилига муносабати, лексемалар семантикасида содир бўлган маъно кенгайиши, маъно торайиши ҳодисалари мисоллар асосида очиб берилган;
тарихий лексикологиянинг назарий қоидаларига таянган ҳолда тарихий асарлар лексикасидаги турли мавзуий гуруҳларга оид лексик бирликларнинг қўлланиш доираси далилланган;
асарлардаги синонимларнинг ўз ва ўзлашган қатламга тегишли сўзлардан иборат эканлиги аниқланган;
ТАҲ ва ТМАдаги омолексемалар морфологик қурилиши жиҳатдан от+от, сифат+сифат, от+от+феъл, от+сон, от+сифат, от кўмакчи+феъл шаклларида воқелангани белгиланган;
асарлар матнидаги антонимик уяларга оид сўзларнинг лексик-семантик хусусиятлари очиб берилган;
тарихий асарлар лексикасидаги полисемия ҳодисаси, асосан, от, феъл, сифат туркумларига оид лексик бирликлар доирасида рўй бергани ҳамда тасвир жараёнида муаллифнинг, асосан, метафора, метонимия ва синекдоха каби маъно кўчиш усулларидан фойдалангани далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Алишер Навоий қаламига мансуб тарихий асарлар лексикасининг тарихий-этимологик, функционал-семантик, семантик-стилистик хусусиятларини очиб бериш жараёнида маънавий-маърифий тизимни такомиллаштириш бўйича белгиланган тадбирлар асосида:
Алишер Навоийнинг тарихий асарлари лексикасида аниқланган ҳужжат билан боғлиқ тушунча номлари (васиқат, нома, лойиҳа, мактуб, ҳужжат-ул ислом, аҳднома, сулҳ, қонун, васиятнома, насиҳатнома) ва турларини таснифлашга оид назарий хулосалар Ф-1-136 рақамли «Илк ва ўрта асрларда яратилган туркий ҳужжатларнинг ўзбек давлатчилиги тарихидаги ўрни (дипломатика, сфрагистика, палеография ва матн интерпретацияси масалалари)» (2012–2016) номли фундаментал лойиҳага татбиқ этилган (Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлигининг 2017 йил 27 июлдаги ФТА-02-11/402-сон маълумотномаси). Илмий натижалар туркий тиллар тарихида амалда бўлган ҳужжатлар мазмунини тўғри талқин этиш, ҳужжат номларини қўллаш билан боғлиқ хатоликларни бартараф этиш имконини берган;
мумтоз ўзбек адабиёти вакиллари асарларининг қўлёзма нусхаларини тадқиқ этиш, Алишер Навоий асарлари архивини илмий тавсиф қилиш, нашрга тайёрлаш ҳамда нашр қилдириш, қўлёзма манбалар билан боғлиқ Навоий асарларида қўлланган лексик қатлам таҳлили бўйича маълумотлар тайёрлаш каби илмий тадқиқот натижаларидан Ф1-ФА-055746 рақамли «Марказий Осиё халқлари қўлёзма ёдгорликларини тадқиқ этиш. Ўзбекистон шоир ва ёзувчилари архивини илмий тавсифи ва нашр қилиш» (2012–2016) фундаментал лойиҳасида тадқиқот хулосаларидан назарий манба сифатида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлигининг 2017 йил 7 ноябрдаги ФТА-02-11/1033-сон маълумотномаси). Тадқиқотдаги Навоий тарихий асарлари («Китоби таворихи анбиё», «Китоби таворихи мулук», Сулаймония кутубхонаси, Фотиҳ фонди, Навоий куллиёти, № 4056 инвентарь рақамли қўлёзма)дан олиниб таҳлилга тортилган мисоллар мазкур асарларнинг музей қўлёзмалар фондида сақланаётган бошқа нусхалари билан қиёсий ўрганиш имконини берган;
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси «Madaniyat va ma’rifat» телеканалининг «Бир байт шарҳи» ва «Тил зийнати» каби телелойиҳаларини тайёрлашда тадқиқотда таҳлилга тортилган Навоий шоҳбайтларида тарихий давр руҳини ифодаловчи тил бирликлари ва уларнинг этимологиясига доир изоҳлар, шунингдек, тарихий асарлар лексикасининг тарихий-этимологик, функционал-семантик аспектлардаги тадқиқи, адибнинг кўп маъноли сўзлар (tüz=, sal=, tart=, ilik, yїγač, dеvār ва ҳк.)дан фойдаланиш маҳорати, шоир қўллаган бир қатор лексемалар (balаlа=, üzät=, bilik)нинг эски ўзбек адабий тили давридаги маъно тараққиёти, шоир асарлари лексикасидаги ўз ва ўзлашган қатламнинг маъно хусусиятлари ҳақидаги илмий хулосалардан фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси «Madaniyat va ma’rifat» телеканалининг 2017 йил 6 ноябрдаги 01-17/801-сон маълумотномаси). Натижада бу Навоий асарлари мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, ёшларнинг бу борадаги илмий билимларини оширишга хизмат қилган.