Шакарбаев Улуғбек Абдулакимовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзбекистон шимоли-шарқий сув ҳавзалари моллюскаларида (Gastropoda: Pulmonata) трематода церкарияларининг фаунаси ва экологияси», 03.00.06–Зоология (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.PhD/B22.
Илмий раҳбар: Акрамова Фируза Джалолиддиновна, биология фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Зоология институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Зоология институти ва Ўзбекистон Миллий университети, DSc.29.08.2017.В.52.01.
Расмий оппонентлар: Дадаев Сайдулла, биология фанлари доктори, профессор; Зокиров Исломжон Илҳомжонович, биология фанлари номзоди.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат педагогика университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Ўзбекистоннинг шимоли-шарқий чучук сув моллюскаларидаги (Gastropoda: Pulmonata) трематодалар церкарияларининг таксономик таркиби ва биоэкологиясини аниқлаш ҳамда ҳайвонлар трематодозларининг олдини олиш чора-тадбирларини такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Ўзбекистоннинг шимоли-шарқидаги сув ҳавзаларидан Lymnaeidae ва Plаnorbidae оилаларига мансуб 13 турдан иборат чучук сув моллюскаларининг рўйхати тузилган;
моллюскаларнинг турли таксономик гуруҳларга мансуб трематода церкариялари билан умумий зарарланиши Lymnaeidae 10,7% ва Plаnorbidae 17,8% эканлиги аниқланган;
илк бор Ўзбекистоннинг шимоли-шарқидаги чучук сув моллюскаларида 2 та кенжа синф, 10 та туркум, 12 та оила, 20 та авлодга мансуб 25 та тур трематода церкариялари фаунаси аниқланган, шулардан, Ўзбекистон фаунаси учун 1 та тур (Cуclocoelum sp.) ва ҳудуд учун 8 та авлодга мансуб 10 та тур трематода церкарияси аниқланган;
Ўзбекистоннинг шимоли-шарқида Calicophoron erschowi ва Schistosoma turkestanicumтрематодаларининг биологик цикли аниқланган;
церкария популяцияларнинг эмиссия ритмлари, ташқи муҳитда церкариялар ҳаётининг асосий босқичлари, хўжайин билан ўзаро алоқалари очиб берилган;
илк бор церкарияларнинг хўжайин-умуртқалилар ҳайвонларни зарарлаш стратегиясининг асосий типлари очиб берилган;
Radix auricularia моллюскаси организмига Schistosoma turkestanicum трематода личинкаларининг таъсири асосланган;
умуртқали ҳайвонларнинг айрим трематодоз касалликлари билан зарарланишида ўз вақтида ҳимоя қилиш ва унга қарши кураш чора-тадбирлари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Ўзбекистоннинг шимоли-шарқий ҳудуда церкариялар фаунасини тадқиқ қилишда олинган илмий натижалар асосида:
йирик ва майда шоҳли ҳайвонларнинг ориентбильгарциоз паразитар касаллигини даволаш ва профилактикасига доир амалий тавсиялар ишлаб чиқишга жорий этилган (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2017 йил 2 февралдаги 02/12-46-сон маълумотномаси). Натижалар чорва молларида ориентбильгарциоз касаллигини 85,7-100% гача бартараф этиш ва чорва моллари маҳсулдорлигини ошириш имконини берган;
церкарияларнинг хўжайин-ҳайвонларни зарарлаш стратегиясининг асосий типлари бўйича маълумотлар ветеринария амалиётига жорий этилган (Давлат ветеринария қўмитасининг 2017 йил 2 ноябрдаги 02/13-388-сон маълумотномаси). Натижалар чорва ҳайвонларини фасциолёз, шистосомоз (ориентобильгарциоз) ва парамфистомозлар касалликларидан ҳимоя қилиш ва уларга қарши курашиш имконини берган.
Gastropoda синфининг Pulmonata кенжа синфига мансуб 13 та турга мансуб 600 га яқин моллюска намуналари республикада етакчи бўлган «Зоология коллекцияси» ноёб объектига киритилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2017 йил 2 ноябрдаги 4/1255-2327-сон маълумотномаси). Натижалар моллюскалар ва моллюска организмидан ажралиб чиқаётган церкарияларининг тур хилма-хиллигини ҳамда трематода церкарияларнинг кўпайиши ва ривожланиши хусусиятларини аниқлаш имконини берган.