Sayt test rejimida ishlamoqda

Давлатова Адиба Рахматовнанинг фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
 
I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Абдулла Орипов шеъриятида поэтик тафаккур тадрижи”,  10.00.02 – Ўзбек адабиёти (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.3.DSc/Fil182.
Илмий маслаҳатчи: Жабборов Нурбой Абдулҳакимович, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Dsc.03/30.12.2019.Fil.19.01.
Расмий оппонентлар: Милиев Сувонқул, филология фанлари доктори; Каримов Баҳодир Нурметович, филология фанлари доктори, профессор; Афоқова Нодира Маҳмудовна, филология фанлари доктори. 
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат педагогика университети. 
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Абдулла Орипов адабий меросининг комплекс текширилиши орқали шоир шеъриятида поэтик тафаккур тадрижи, ижодкор асарларининг психобиографик негизларини очиб беришдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
поэтик тафаккур тадрижи масаласи ижод психологияси, ижодий лаборатория, лирик қаҳрамон ва шоир бирлиги асосида текширилиб, халқ оғзаки ижоди ва мумтоз шеърият анъаналари Абдулла Орипов поэтик тафаккури ривожининг адабий-эстетик асоси экани аниқланган;
шоир поэтик тафаккури шаклланиши ва тадрижида жаҳон адабиётининг роли масаласи текширилиб, “Юзма-юз” асари Софокл, Данте Алигьери, Шекспир сингари дунё эътирофига сазовор шоиру адиблар ижодида бўлгани каби тақдир, одам қадри, инсон камолоти каби азалий саволларга жавоб қидирилгани билан маънан яқин туриши далилланган;
Абдулла Орипов поэтик тафаккурида фалсафий, ижтимоий мазмун чуқурлаша боргани, шахсий ҳаёт воқелигидан ўзи яшаб турган жамият, глобал дунё муаммолари даражасига юксалгани, шунинг баробарида, шоир истеъдоди камолга етгани сари халқ даҳоси билан уйғунлашиб, халқнинг орзу-интилишлари, кўнгил кечинмаларини миллий руҳият ва бадиий тасвир мутаносиблигида ифода этгани аниқланган;
ижодкор асарлари мисолида вазн, жанр, банд, туроқ сингари поэтик шаклга асосланган бадиий тасвир воситалари, бадиий нутқ масалалари текширилиб, бир асарнинг ўнлаб матний ўзгаришлари, бир шеър ғоясининг турли версиялари, ўзига хос оригинал интертекстлар кўплаб учраши аниқланган, шоир шеъриятида кўп қўлланган кема, бекат, поезд каби образларнинг пайдо бўлиши, фалсафий мазмуни очиб берилган; 
Абдулла Орипов шеъриятида лирик қаҳрамон образининг поэтик такомили қиёсий-типологик негизда далилланиб, Ватан ва халқ образларининг поэтик янгиланишида индивидуал ижодий тафаккурнинг ўрни далилланган;
шоир поэтик тафаккурининг статистик ва психобиографик хусусиятлари аниқланиб, ижод лабораторияси, шеър ишлаш техникаси, сўз қўллаш маҳорати, автоцензураси негизида қарийб олтмиш йиллик ижодий жараён динамикаси аниқланган.          
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Абдулла Орипов шеъриятида поэтик тафаккур тадрижи мавзуси доирасида олиб борилган илмий тадқиқот натижалари асосида: 
Абдулла Орипов поэтик концепцияси ва индивидуал ижодий тафаккурининг генезиси ва такомил босқичлари; шоир асарларининг илмий талқини, лирик меросининг ўзбек адабиётида тутган ўрни, фалсафий тафаккури тадрижи; шоир ижодий лабораториясининг хос хусусиятлари, шеър ишлаш техникаси, сўз қўллаш маҳорати, автоцензураси тадқиқи асосидаги қарийб олтмиш йиллик ижодий жараён динамикасига доир таҳлилий фикр ва хулосалардан OT-Ф1-030 рақамли “Ўзбек адабиёти тарихи” кўп жилдлик монографияни (7-жилд) чоп этиш” (2017-2020) мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2021 йил 6 декабрдаги 04/1-2446-сон маълумотномаси). Натижада лойиҳа ўзбек шеъриятида поэтик тафаккур тадрижига доир илмий қарашлар янги назарий маълумотлар билан бойитилган; 
Абдулла Орипов поэтик тафаккури тадрижида Алишер Навоий ахлоқий-фалсафий ва ирфоний қарашларининг ўрни, шоир ғазаллари поэтикаси такомилида улуғ мутафаккир бадиий-эстетик қарашлари замин вазифасини ўтагани ҳамда ижодкор шеърияти образлар тизими мукаммаллашувида буюк салафи ижод лабораториясидан олинган сабоқлар асосий омил бўлгани ҳақидаги илмий хулосалардан “ПЗ-20170926459 рақамли  “Навоийшунослик тарихи” (ХХ-ХХI асрлар)” (2018-2020) мавзусидаги амалий лойиҳада фойдаланилган (Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2021 йил 9 декабрда имзолаган 04/1-2445-сон маълумотномаси). Натижада Абдулла Орипов поэтик тафаккури такомилида буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий бадиий-эстетик қарашларининг синтезини аниқлашга доир илмий-назарий тамойиллар ишлаб чиқилган.
Абдулла Орипов шеъриятида глобаллашув муаммоларининг бадиий талқини ва замондош образи талқини, жамиятда илдиз отган шахссизлик (“Ранжком” достони), ижтимоий тармоқларнинг инсон омилига ножўя таъсири (“Интернет” шеъри), ахлоқий тубанлик танқиди (“Европа”) каби глобал муаммоларнинг киноявий танқиди билан боғлиқ илмий-назарий қарашлар ҳамда шоир шеъриятида миллий руҳ тасвири, ижодкорнинг ҳаёт фалсафаси талқинига доир индивидуал ёндашув концепцияси бўйича чиқарилган хулосалардан ОТ-Ф1-80 рақамли “Глобаллашув муаммоларининг бадиий талқини ва замондош образи” (2017-2020) мавзусидаги фундаментал лойиҳанинг назарий қисмида фойдаланилган Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректорининг 2021 йил 7 декабрдаги 04/1-2447-сон маълумотномаси). Натижада ўзбек шеъриятида глобаллашув ҳамда фалсафий-ахлоқий муаммоларнинг поэтик талқини билан боғлиқ илмий-назарий қарашлар янгиланган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish