Sayt test rejimida ishlamoqda

Сабирова Эъзоза Шуҳрат қизининг фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
 
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да ҳуқуқий терминларнинг берилиши, 10.00.01 – Ўзбек тили (филология фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.4.PhD/Fil2045.
Илмий раҳбар: Менглиев Бахтиёр Ражабович, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, DSc.03/30.12.2019.Fil.19.01.
Расмий оппонентлар: Кўчимов Шуҳрат Норқизилович, филология фанлари доктори, профессор; Самихон Аширбоев, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади ўзбек тилидаги ҳуқуқий терминларнинг ўзбек тилининг изоҳли луғатларида берилиши, семантик тавсифини такомиллаштириш асосида уларни ўзбек тили миллий корпусида семантик теглаш лингвистик муаммосини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да 93/54 та ҳуқуққа оид термин статистик тавсифланиб, этимологик жиҳатдан уларнинг 24/30 %и  туркий, 30/41 %и арабий, 6/6 %и форсий, 30/24 %и  европа тилларидан ўзлашганлиги, деривацион жиҳатдан 60/29 таси туб, 32/26 таси ясама, структур жиҳатдан 59/29 таси содда, 10/5 таси мураккаб эканлиги аниқланган;
“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да берилган терминларнинг лексикографик изоҳланиши бўйича термин изоҳининг ҳавола усули орқали бошқа сўзга йўналтирилиши, бирикма ҳолатда берилган терминнинг маъноси терминга мос келмайдиган ҳосила маънода берилиши каби такомиллаштирилиши лозим бўлган ҳолатлар аниқланиб, уларни бартараф этиш учун тўлиқлик, аниқлик, ихчамлик, соддалик каби тамойиллар далилланган;   
изоҳли луғатга ҳуқуқий терминларни танлаб олиш учун ҳуқуқий мазмуний гуруҳга, янгилик бўёғига, фаоллик даражасига кўра танлаш каби мезонлар ишлаб чиқилиб, шу асосда пора, норма, нигилизм, непотизм, мусодара каби жами 104 та бирликка лексикографик баҳо бериш орқали “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да ҳуқуқий термин сифатида берилиши далилланган;
изоҳли луғатда ҳуқуқий терминлар учун иллюстратив мисоллар бериш бўйича далилнинг соҳага доир матнлардан олиниши зарурийлиги, ўзакдош сўз-терминларга лексик пометанинг қўлланиши шартлиги каби амалий ҳамда миллий ва махсус корпусларда ҳуқуқий терминларни семантик теглашга доир prsn.lgl.pstn., lgl.fld., lgl.act., lgl.st.mtn.prcs., lgl.rltd. шаклида алгоритмлаш  каби тавсиялар ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбек тилининг изоҳли луғатларида берилган юр. ва ҳуқ. пометали терминологик бирликлар таҳлили, тавсифи ҳамда тадқиқи бўйича олинган илмий натижалар асосида:
ўзбек тилининг изоҳли луғатларида келтирилган ҳуқуқшуносликка оид терминларнинг статистик, этимологик ҳамда структур тузилишига оид хулосалардан  ФА-Ф1-Г003 рақамли “Ҳозирги қорақалпоқ тилида функционал сўз ясалиши” (2016-2020)  ҳамда ФА-А1-Г007 рақамли “Қорақалпоқ нақл-мақоллари лингвистик тадқиқот объекти сифатида” (2016-2020) мавзуларидаги фундаментал ва илмий-амалий лойиҳаларнинг назарий қисмида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлимининг 2021 йил 19 октябрдаги 17.01/269-сон маълумотномаси). Натижада ясалиш ҳодисасининг терминларга тегишли хусусиятларини ёритиш орқали лойиҳани бажариш иши якдил хулоса асосида олиб борилишига эришилган;
ҳуқуқий терминларнинг бир ва кўп маъноли эканлик хусусияти, семантик муносабатларга кўра терминларнинг ўзига хос жиҳатлари, шунингдек, ҳуқуқий терминларнинг маъновий гуруҳларга бирлашишига оид хулосалардан 5221000 – Филология ва тилларни ўқитиш (ўзбек тили) бакалавр таълим йўналиши талабалари учун тайёрланган, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан дарслик сифатида тавсия этилган “Ҳозирги ўзбек тили” дарслигида (2018) фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 04/1-1974-сон маълумотномаси). Натижада дарслик сўзлардаги моносемия ва полисемия, бош ва ҳосила маъноларини тавсифлаш, хусусан, мазкур ҳодисаларнинг умумистеъмол сўзлардан фарқли равишларда терминларда юзага чиқадиган ўзига хосликлар, сўз ясалишига оид “ясалиш” ва “ҳосил бўлиш” ҳодисаларига доир мулоҳазалар, семантик, неотерминологик ҳамда фаоллик хусусиятига кўра танлаш асосида луғатларга терминологик бирликларни киритишга оид фикрлар билан бойитилган;
ҳуқуқий терминологияга оид бўлган, хусусан, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да келтирилган бирликларнинг ишлатилишига оид статистик таҳлил натижалари, ҳуқуқий терминларда семантик ўзига хослик, уларда моносемия ва полисемия ҳодисаларига оид таҳлил ҳамда терминлар синонимияси, ҳуқуқий терминларни тил корпусида семантик теглаш учун ишлаб чиқилган алгоритмлар, луғат учун соҳавий терминологик бирликни танлаб олиш учун тавсия қилинган мезонларга оид хулосалардан И-ОТ-2019-42 рақамли “Ўзбек ва инглиз тилларининг электрон (Инсон қиёфаси, феъл-атвори, табиат ва миллий тимсоллар тасвири) поэтик луғатини яратиш” мавзусидаги инновацион амалий лойиҳасида (2020-2021) фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 04/1-1994-сон маълумотномаси). Натижада лойиҳа иши унда кўзда тутилган инсон қиёфаси, феъл-атвори, табиат ва миллий тимсоллар тасвирини электрон луғатда беришга доир назарий ва амалий жиҳатдан бойитилишига асос бўлган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish