Sayt test rejimida ishlamoqda

Юнусова Барчиной Маҳмудхоновнанинг фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
 
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): “Алпомиш” достони ономастик бирликларининг лексик-семантик ва услубий тадқиқи”, 10.00.01 – Ўзбек тили (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.4.PhD/Fil1038.
Илмий раҳбар: Улуқов Носиржон Муҳаммадалиевич, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Наманган давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи: Наманган давлат университети, PhD.03/04.06.2020.Fil.76.04. 
Расмий оппонентлар: Юлдашев Маъруфжон Муҳаммадович, филология фанлари доктори, профессор; Юлдашев Дониёр Тахирович, филология фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети. 
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади “Алпомиш” достони матнига хос антропоним, этноним, мифоним, теоним, топоним ва зооним каби ономастик бирликларнинг лексик-семантик ва услубий хусусиятларини очиб беришдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
“Алпомиш” достонидаги антропоним, топоним, зооним, мифоним  каби  ономастик бирликларнинг асар мавзу ва ғоясига мутаносиб тарзда шакл ҳамда маъно уйғунлиги тамойилида яратилганлиги далилланган; 
достондаги антропоним, мифоним, этноним каби ономастик бирликларнинг халқ ва унинг оғзаки поэтик ижоди такомилидаги социолингвистик, миллий, маданий, диний анъаналарни ифодалаш билан боғлиқ лингвокультурологик ҳамда поэтонимлар номланишининг ўзбек халқининг қадимий уруғ-қабилалари анъанларига алоқадор этнолингвистик жиҳатлари очиб берилган; 
достондаги антропоним, топоним, зооним ва мифоантропоним, мифотопоним ҳамда мифозооним каби ономастик бирликларнинг луғавий асосларига доир лексик-семантик, тарихий-этимологик, этник жиҳатлар билан боғлиқ  миллий-маданий номинацион-мотивацион хусусиятлар очиб берилган;
“Алпомиш” достонидаги бош тимсолларнинг ўзбек лингвомаданиятида халқнинг миллий анъаналари, ғурури, шон-шарафи, орзу-истак ҳамда эзгуликларини ифодаловчи баҳодирлик, паҳлавонлик, мардлик, гўзаллик, вафодорлик эталони ва рамзи сифатидаги лингвофольклористик қирралари далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. “Алпомиш” достонидаги ономастик бирликлар тадқиқи бўйича олинган илмий натижалардан: 
“Алпомиш” достонидаги атоқли отларнинг лисоний таснифи ва тавсифи, социолингвистик, лингвокультурологик, этнолингвистик, лингвофольклористик таҳлили ва бадиий, услубий аҳамиятига доир хулосаларидан Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2017-2020 йилларда бажарилган ПЗ-20170927147 – “Қадимги даврлардан XIII асргача бўлган туркий ёзма манбалар тадқиқи” мавзусидаги лойиҳани бажаришда фойдаланилган (Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2021 йил 28 октябрдаги 04/1-2076-сон маълумотномаси). Натижада “Алпомиш” достони мавзуси, ғоявий мазмуни ва тимсолларига доир таҳлиллар мукаммаллашган;
достоннинг ономастик бирликларининг лексик-семантик ва услубий тадқиқига доир хулосалар, илмий-назарий қарашлардан Қорақалпоғистон гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтида Ф1-ФА-0-43429 “Қорақалпоқ фольклори ва адабиёти жанрларининг назарий масалаларини тадқиқ этиш” мавзусидаги лойиҳани бажаришда фойдаланилган (Ўзбекистoн Республикaси Фaнлaр Aкaдемияси Қoрaқaлпoғистoн бўлимининг 2021 йил 14 aпрелдаги 17.01/54-сoн мaълумoтнoмaси). Натижада “Алпомиш” достонининг ўзбекча ва қорақалпоқча вариантларидаги ономастик бирликларнинг қиёсий тадқиқи мукаммаллашган;
“Алпомиш” достони тимсолларини ифодаловчи Довонбий, Алпинбий, Ҳакимбек, Алпомиш, Барчин, Бойбўри, Бойсари, Ултонтоз каби антропонимлар, қўнғирот, қалмоқ этнонимлари ва улар билан боғлиқ хоронимлар (юрт номлари) ва Бойчибор, Қоранор зоонимларининг лексик-семантик, этимологик, лингвомаданий таҳлилига доир илмий хулосалардан 2019-2020 йилларда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “O‘zbekiston” телерадиоканалининг “Бедорлик”, “Адабий жараён”, “Таълим ва тараққиёт” эшиттиришларининг сценарийсини ёзишда фойдаланилган (Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг 2020 йил 2 декабрдаги 142-сон маълумотномаси). Натижада тингловчиларнинг “Алпомиш” достонидаги атоқли отларнинг лисоний хусусиятлари ҳамда матндаги вазифаларини ўрганишларида алоҳида аҳамиятга эга бўлган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish