Sayt test rejimida ishlamoqda

Абдуллаев Сардор Туйчиевичнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Гўзаллик инсон маънавий борлиғининг шакли сифатида”, 09.00.01 – Онтология, гносеология ва мантиқ (фалсафа фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.1.PhD/Fal255.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Самарқанд давлат университети, DSc.03/30.12.2019.F.02.02 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.
Илмий раҳбар: Тураев Бахтиёр Оманович, фалсафа фанлари доктори, профессор. 
Расмий оппонентлар: Туленова Карима Жандаровна, фалсафа фанлари доктори профессор; Нишонова Озода Жалолитдиновна, фалсафа фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади гўзаллик инсон маънавий борлиғининг ўзига хос шакли эканлигини мифология, дин, фалсафа ва фан тараққиёти билан боғлиқ онтологик эволюциясини илмий-фалсафий жиҳатдан очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
инсон маънавий борлиғида гўзаллик мумтоз парадигмада барча нарсанинг мезони, фалсафий асоси бўлиб, кейинчалик у утилитар (моддий фойда), когнитив (ҳақиқат), аҳлоқий (эзгулик) қадриятлар билан экспрессив боғлангани фалсафий жиҳатдан асосланган;
гўзаллик категорияси инсон тафаккурида объектив ва субъектив муносабат, идеал образ сифатида уйғунлик, симметрия ва мутаносибликда намоён бўлишини манфаатсиз мақсадга мувофиқлик тамойили асосида очиб берилган;
гўзаллик жамиятнинг мураккаб тизимларида симметрик ва асимметрик ҳолатини акс эттириб, инсон маънавий борлиғидаги флуктуация (меъёрдан четга чиқиш), гўзалликнинг девиантлиги (ахлоқий меъёридан оғиши) ҳолатида намоён бўлиши мантиқий исботланган;
гўзаллик тарбиясига инновацион ёндашув инсоннинг нафосат оламини ҳиссиёт-эмоционал қабул қилиши, образли тасаввурни ривожлантириши, санъат ва ҳаётда гўзалликни хунукликдан ажрата олиш кўникмасини ҳосил қилишдаги устуворлиги далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Гўзаллик инсон маънавий борлиғининг ўзига хос шакли эканлигини таҳлил этиш бўйича  ишлаб чиқилган онто-гносеологик ғоялар асосида:
инсон маънавий борлиғида гўзалликнинг мумтоз парадигмада ҳамма нарсанинг мезони, фалсафий асоси бўлиб, кейинчалик у утилитар (моддий фойда), когнитив (ҳақиқат), ахлоқий (эзгулик) қадриятлар билан экспрессив боғлангани асослаб берилганлигига доир таклиф ва тавсиялардан “Авестони тизимли тадқиқ этиш ва “Зардуштийлик ва Хрестоматия”ни нашр этиш” мавзусидаги А-1-92 рақамли амалий лойиҳаси ижросини таъминлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 28-декабрдаги 89 03 5571-сон маълумотномаси). Натижада, гўзаллик инсон маънавий борлиғида ўзига хос шаклларда намаён бўлиши, гўзалликнинг янгича ёндошувлар асосида ёритилиши устувор аҳамиятга эга бўлишига хизмат қилган; 
гўзаллик категорияси инсон тафаккурида объектив ва субъектив муносабат, идеал образ сифатида уйғунлик, симметрия ва мутаносибликда намоён бўлишини манфаатсиз мақсадга мувофиқлик тамойили асосида очиб берилганлигига оид таклиф ва хулосаларидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази томонидан нашр этилган “Ўрта аср шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий-фалсафий мероси” номли энциклопедияни тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот марказининг 2020 йил 24 декабрдаги 02/373-сон маълумотномаси). Натижада, давлатимизнинг миллий тарихига оид фикр ва қарашларнинг мазмунини, аждодларимизнинг халқимизга қолдирган моддий ва маънавий меросини янада ривожлантириш ва ёритишга хизмат қилган;
гўзаллик жамиятнинг мураккаб тизимларида симметрик ва асимметрик ҳолатини акс эттириб, инсон маънавий борлиғидаги флуктуация (меъёрдан четга чиқиш), гўзалликнинг девиантлиги (ахлоқий меъёрдан оғиши) ҳолатида намоён бўлишига оид  таклиф ва тавсияларидан Самарқанд вилоят мусиқа ва драма театри тадбирлар режаси ва сценарийсини шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2021 йил 9 февралдаги 02-12-06-657-сон маълумотномаси). Натижада, гўзаллик эстетик ҳодиса сифатида бадиий фаолиятда, санъатда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бадиий-эстетик ижод натижасида гўзаллик қонуниятларининг ўрни, уларнинг ижобий ва салбий таъсирини асослашга хизмат қилган;
гўзаллик тарбиясига инновацион ёндошув инсоннинг нафосат оламини ҳиссиёт-эмоционал қабул қилиши, образли тасаввурни ривожлантириши, санъат ва ҳаётда гўзалликни хунукликдан ажрата олиш кўникмасини ҳосил қилиши зарурлигига оид таклиф - тавсияларидан  Самарқанд вилоят телерадиокомпаниясининг 2020 йил 4 август куни эфирга узатилган “Ассалом Самарқанд” теледастури ва 10 октябрда эфирга узатилган “Маънавият кўзгуси” кўрсатувларни навбатдаги сонининг сценарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Самарқанд вилоят телерадиокомпаниясининг 2020 йил 26 ноябрдаги 09-01/353-сон маълумотномаси). Натижада, кенг жамоатчиликка гўзалликнинг инсон нафосат оламидаги таъсирини етказишга хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish