Sayt test rejimida ishlamoqda

Умаров Фаррух Улугбековичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Фарғона водийси қориноёқли моллюскалари (Mollusca: Gastropoda)нинг экологияси», 03.00.10 – Экология (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.2.PhD/В470.
Илмий раҳбар: Пазилов Абдуваеит, биология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Андижон давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон миллий университети, DSc.03/27.02.2020.В.01.15.
Расмий оппонентлар: Алимжанова Холисхон, биология фанлари доктори, профессор; Иззатуллаев Зувайдулло, биология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Фарғона давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Фарғона водийси ҳудудида тарқалган қориноёқли моллюскаларининг экологиясини очиб бериш, камёб турларни аниқлаш ва уларни муҳофаза қилиш чора-тадбирларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Фарғона водийси ҳудудида сув қориноёқли моллюскаларнинг 29 тури, қуруқлиқ моллюскаларининг 34 туридан иборат таксономик рўйхати тузилган ҳамда фан учун 1 тур (Pseudonapaeus kuchbayvi) ва тадқиқот ҳудуди фаунаси учун 5 тур (Acroloxus lacustris, Fruticicola perlucens, Monacha cartusiana, Macrochlamys schmidti, Helix lucorum) аниқланган;
сув ҳавзалари ва баландлик минтақаларидаги турли биотопларда қориноёқли моллюскаларнинг тақсимланиш хусусиятлари очиб берилган;
моллюскаларни биотоп ва стация мослашувчанлигига кўра экологик гуруҳларга ажратилган;
илк бор Фарғона водийсида қориноёқли моллюскаларининг Шеннон индекси бўйича биохилма-хиллик кўрсаткичлари аниқланган;
абиотик омилларнинг қориноёқли моллюскалар тарқалишига ва улардаги конхологик ўзгарувчанликка таъсири исботланган;
сувларнинг сапроблик даражасини белгилашда қориноёқли моллюскаларнинг индикаторлик хусусиятлари очиб берилган;
муҳофазага муҳтож моллюскаларнинг чекловчи омиллари исботланган ва уларни муҳофаза қилишга оид тавсиялар ҳамда тарқалиши бўйича геоахборот маълумотлари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Фарғона водийси қориноёқли моллюскаларининг экологияси, тарқалиши ва биохилма-хиллиги бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Фарғона водийси қориноёқли моллюскаларининг тарқалиш ҳудудлари, муҳофазага муҳтож турларининг популяцион ҳолати ва уларни сақлаб қолиш бўйича ишлаб чиқилган тавсиялар Андижон вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Хўжаобод тумани инспекциясининг фаолиятига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг 2021 йил 4 октябрдаги 10-11/1-сон маълумотномаси). Натижада, Хўжаобод туманида тарқалган қуруқлик моллюскаларнинг тур таркибини аниқлаш, уларнинг геоахборот маълумотларини шакллантириш, табиий экосистемаларда биохилма-хилликни ва ноёб моллюска турларини сақлаб қолиш ҳамда ҳайвонот дунёси давлат кадастрини юритиш имконини берган;
Lymnaeidae, Physidae ва Planorbidae оилаларига мансуб сув қориноёқли моллюска турларининг индикаторлик хусусиятлари асосида сув ҳавзаларининг сапроблик даражасини аниқлаш бўйича тавсиялар Андижон вилоятининг Улуғнор туманидаги «Bahriddin Ota Xon Balig'i» балиқчилик фермер хўжалиги фаолиятига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2021 йил 14 октябрдаги 03-02/8-1590-сон маълумотномаси). Натижада, балиқ ҳовузларидаги сувларни сапроблик даражасини аниқлаш ва экологик баҳолаш имконини берган;
Фарғона водийси қориноёқли моллюскаларининг тарқалиши тўғрисидаги геоахборот маълумотлар ва ноёб моллюска турларини сақлаб қолиш бўйича ишлаб чиқилган тавсиялар Андижон давлат ўрмон хўжалигининг “Шерқўрғон”, “Имом ота” ва “Лўғумбек” ўрмон участкалари фаолиятига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг 2021 йил 7 октябрдаги 04/21-4066-сон маълумотномаси). Натижада, ўрмон участкаларида тарқалган қуруқлик моллюскаларнинг тур таркибини аниқлаш, уларнинг геоахборот маълумотларини шакллантириш, ўрмон участкасида биохилма-хилликни ва ноёб моллюска турларини сақлаб қолиш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish