Sayt test rejimida ishlamoqda

Мамадиёров Фарход Дониёровичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Суғориладиган оч тусли бўз тупроқлар хоссаларига органик ўғитлар, дуккакли дон ва ем-хашак экинларнинг таъсири (Қашқадарё вилояти шароитида)”, 06.01.03 - Агротупроқшунослик ва агрофизика (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.2.PhD/Qx556.
Илмий раҳбар: Гафурова Лазиза Акрамовна, биология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти Қашқадарё филиали.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институти, DSc.25/30.12.2019.Qx/B.43.01.
Расмий оппонентлар: Қурвантаев Рахмонтой, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Закирова Саноатхон Хомдомовна, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Қашқадарё вилоятида тарқалган суғориладиган оч тусли бўз тупроқлар хоссаларига органик ўғитлар қўллаш, дуккакли экинларни экишнинг таъсирини аниқлаш орқали тупроқларнинг агрофизикавий хоссаларини яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
суғориладиган оч тусли бўз тупроқларда кузги буғдойга хамкор экин сифатида беда экиш ҳамда унинг кўк массани сидерат қилиш натижасида тупроқларнинг агрофизикавий хоссаларига ижобий таъсири – ҳажм оғирлигини камайиши, ғоваклиги, сув ўтказувчанлиги, намлиги ва озиқа моддалар миқдорларининг ортиши асосланган;
органик ўғитлар ҳамда дон ва дуккакли экинларни ресурстежамкор усулда экиш ва сидерат сифатида тупроққа киритиш тупроқ хоссаларига ижобий таъсири этиб агрокимёвий (гумус, NPK) кўрсатгичлари 5,5-46,9 - фоизгача ортиши аниқланган.
тупроқларнинг агрофизикавий (ҳажм оғирлиги, ғоваклиги ва сув ўтказувчанлиги каби) хоссалари билан кузги буғдой дон ҳосилдорлиги ҳамда ҳосил сифати ўртасида корелляцион боғлиқлик аниқланган;
органик ўғитлар тайёрлаш, қўллаш ҳамда дуккакли экинлар экиш ва уларнинг кўк массасини сидерат сифатида тупроққа қўллашга доир агротадбирлар ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Қашқадарё вилояти шароитида суғориладиган оч тусли бўз тупроқлар хоссаларига органик ўғитлар, дуккакли дон ва ем-хашак экинларининг таъсирининг аҳамияти бўйича олинган илмий натижалар асосида:
«Кузги буғдой экиш тизимида, тупроқ унумдорлик хоссаларини яхшилашда, органик ўғитлар тайёрлаб қўллаш, дуккакли ем-хашак экинларни экиш ва уларнинг кўк массасини тупроққа киритиш агротадбирлари» бўйича тавсиянома ишлаб чиқилиб қишлоқ хўжалик амалиётига жорий этилган. (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2021 йил 9 январдаги 02/021-67-сон маълумотномаси) Натижада, ушбу тавсиялар республиканинг барча вилоятлари қишлоқ хўжалиги бошқармалари ҳамда ғаллачиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликларида қўлланма сифатида хизмат қилган;
суғориладиган оч тусли бўз тупроқлар хоссаларини яхшилашда органик ўғитлар қўллаш, дуккакли экинлар экиш ва сидерат қилиш агротадбирлар ишлаб чиқилиб, ДДЭИТИ Қашқадарё филиали Қарши агроучасткасида 15 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2021 йил 9 январдаги 02/021-67-сон маълумотномаси). Натижада, суғориладиган оч тусли бўз тупроқларнинг ҳайдалма қатламида, тупроқнинг ҳажм оғирлиги 0,08 г/см3 га камайганлиги, тупроқнинг ғоваклиги 2,9 фоизга, сув ўтказувчанлиги 83 м3/га, гумус миқдори 0,021фоизга, умумий азот миқдори 0,003 фоизга, азотнинг ҳаракатчан шакли (N – NO3) 2,3 мг/кг га, ҳаракатчан фосфор (P2O5) миқдори 3,8 мг/кг га, алмашинувчан калий (K2O) миқдори 15,7 мг/кг га ортган;
суғориладиган оч тусли бўз тупроқлар хоссаларини яхшилашда органик ўғитларни қўллаш, дуккакли экинлар экиш ва сидерат қилиш агротадбирлари ишлаб чиқилиб, Қашқадарё вилояти, Нишон туманидаги «Истиқбол Нишонаси» фермер хўжалигида 24 гектар, «Қирқулоч Ифтихори» фермер хўжалигида 18 гектарда, жами 42 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2021 йил 9 январдаги 02/021-67-сон маълумотномаси). Натижада, кузги буғдойдан 57,4 ц/га дон ва бедадан 35,2 ц/га пичан етиштириш ҳамда тадқиқотнинг 3-йилида эса кузги буғдойдан 70,8 ц/га ҳосил олишга эришилган.
суғориладиган оч тусли бўз тупроқлар хоссаларини яхшилашда органик ўғитларни қўллаш, дуккакли экинлар экиш ва сидерат қилиш агротадбирлари ишлаб чиқилиб, ДДЭИТИ Қашқадарё филиали Қарши агроучасткасида 15 гектар, Нишон туманидаги «Истиқбол Нишонаси» фермер хўжалигида 24 гектар, «Қирқулоч Ифтихори» фермер хўжалигида 18 гектарда, жами 57 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2021 йил 9 январдаги 02/021-67-сон маълумотномаси). Натижада, иқтисодий самарадорлик кўрсаткичлари ўрта ҳисобда бир гектар кузги буғдой етиштиришга сарфланган ҳаражатлар 6,3 млн. сўм, соф даромад 2,2 млн. сўмни, рентабеллик даражаси 35,1 фоизни ташкил этган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish