Sayt test rejimida ishlamoqda

Азимов Саидумар Саидовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): «Камерал солиқ текширувини ташкил этишда ташқи манба маълумотларидан самарали фойдаланиш», 08.00.07 – Молия, пул муомаласи ва кредит (иқтисодиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.4.PhD/Iqt1504.
Илмий раҳбар: Ниязметов Исламбек Машарипович, иқтисодиёт фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат иқтисодиёт университети, DSc.03/10.12.2019.1.16.01.
Расмий оппонентлар: Бурханов Актам Усманович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Нуруллаев Абдулазиз Сирожиддинович, иқтисодиёт фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот номи: Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Камерал солиқ текширувини ташкил этишда ташқи манба маълумотларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
корхонада ходимлар сонининг яширилиш ҳолатларини олдини олиш
ва солиқларни тўғри ҳисоблаш мақсадида Давлат хизматлари маркази томонидан лицензиялар беришда иш берувчилар томонидан ходимларнинг солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР) ва Жисмоний шахснинг шахсий идентификацион рақами (ЖШШИР) ёзилишини жорий этишнинг мақсадга мувофиқлиги асосланган;
корхона таъсисчиларининг улуши сотилиши, текинга берилиши, ҳадя қилиниши, гаровга қўйилиши бўйича солиқ мажбуриятларини назорат қилиш мақсадида Давлат хизматлари марказларида рўйхатдан ўтказилган таъсис улушлари ўзгаришларини Давлат солиқ қўмитаси маълумотлар базаси билан интеграциялаш таклиф этилган;
хуфёна фаолият юритаётган хўжалик субъектларининг манзилларини аниқлаш мақсадида Давлат хизматлари агентлиги орқали уларни рўйхатдан ўтказиш вақтида кадастр рақамларини ҳамда корхоналарнинг фаолият юритиш манзилларини кўрсатиш талабини жорий этишнинг мақсадга мувофиқлиги асосланган;
хўжалик субъектлари томонидан топшириладиган (солиқ, статистика ва меҳнат) ҳисоботларнинг маълумотларидаги тафовутларни бартараф этиш мақсадида ўхшаш ва бир-бирини такрорловчи ахборотларни бирлаштириш ҳамда ягона электрон тизим орқали юбориш таклиф этилган.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Камерал солиқ текшируви учун ташқи манба маълумотларидан самарали фойдаланишни тадқиқ қилиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
корхоналарда ходимлар сонининг яширилиш ҳолатларини олдини олиш ва солиқларни тўғри ҳисоблаш мақсадида Давлат хизматлари маркази томонидан лицензиялар беришда иш берувчилар томонидан ходимларнинг солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР) ва Жисмоний шахснинг шахсий идентификацион рақами (ЖШШИР) ёзилишини жорий этиш таклифи Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Адлия вазирлиги ўртасидаги 2020 йил «Йўл харитаси»да тасдиқланган ва шу асосида ташкилотлар ўртасида маълумотлар базалари интеграция қилинган (Давлат хизматлари агентлигининг 2020 йил 15 январдаги 3/6-66/6-сон маълумотномаси). Натижада хўжалик субъектлари ходимлари маълумотларини рақамлаштириш орқали камерал солиқ текшируви ўтказилишига замин яратилган. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасининг ўзида 1 йилда 5 та йўналишда 150,1 млн сўм бюджетга қўшимча даромад манбалари аниқланган;
корхона таъсисчиларининг улуши сотилиши, текинга берилиши, ҳадя қилиниши, гаровга қўйилиши бўйича солиқ мажбуриятларини назорат қилиш мақсадида Давлат хизматлари марказларида рўйхатдан ўтказилган таъсис улушлари ўзгаришларини Давлат солиқ қўмитаси маълумотлар базаси билан интеграциялаш таклифи Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги давлат хизматлари маркази ва Давлат солиқ қўмитаси ўртасида тузилган йўл харитасида ўз аксини топган (Давлат хизматлари агентлигининг 2020 йил 15 январдаги 3/6-66/6-сон маълумотномаси). Таклифнинг амалиётга жорий этилиши натижасида мазкур йўналишда маълумот алмашинуви йўлга қўйилиб, биргина Қорақалпоғистон Республикасининг ўзида 1 йилда ўртача 187 та юридик шахслар бўйича 779,2 млн сўмлик бюджетга қўшимча даромад манбалари аниқланган;
хуфёна фаолият юритаётган хўжалик субъектларининг манзилларини аниқлаш мақсадида Давлат хизматлари агентлиги орқали уларни рўйхатдан ўтказиш вақтида кадастр рақамларини ҳамда корхоналарнинг фаолият юритиш манзилларини кўрсатиш талабини жорий этиш таклифи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 июлдаги «Электрон ҳукумат тизимини янада ривожлантириш, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг ўз фаолияти бўйича жамоатчилик олдида электрон ҳисобот бериши тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 444-сон қарори билан тасдиқланган «Маълумотларни бошқариш ахборот тизими орқали давлат органлари ва ташкилотлари маълумотларини йиғиш, қайта ишлаш ва таҳлил қилиш тартиби тўғрисида»ги Низомда ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2020 йил 3 сентябрдаги 44-8/5050-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалиётга жорий этилиши хўжалик субъектларининг солиқ ва бошқа ташкилотларга юборадиган ҳисоботлари сони қисқариши, шунингдек, мазкур маълумотлардан самарали фойдаланиш орқали юқоридаги ҳолатларни автоматлаштирилган ҳолда таҳлил этиш ва солиқ рискини қисқа муддатда аниқлаш имкониятларини яратган;
хўжалик субъектлари томонидан топшириладиган (солиқ, статистика ва меҳнат) ҳисоботларнинг маълумотларидаги тафовутларни бартараф этиш мақсадида ўхшаш ва бир-бирини такрорловчи ахборотларни бирлаштириш ҳамда ягона электрон тизим орқали юбориш таклифи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги ПФ-5953-сон Фармони билан тасдиқланган «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури»нинг 139-бандида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги лойиҳа бошқарув миллий агентлигининг 2020 йил 13 майдаги 01-61-сон маълумотномаси). Таклиф қилинган механизмнинг жорий қилиниши натижасида давлат солиқ ва статистика органлари маълумотларидаги тафовутларни бартараф этиш орқали камерал солиқ текшируви самарадорлигини ошириш имконияти яратилди. Бунинг натижасида Қорақалпоғистон Республикасининг ўзида 1 йилда ўртача 685,7 млн сўм қўшимча даромад манбалари аниқланган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish