Sayt test rejimida ishlamoqda

Каримов Махмуд Муратовичнинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Карбоксил  гуруҳ тутган полимерларни олиш, уларнинг физик-кимёвий хоссаларини ва қўлланилиш соҳаларини ўрганиш», 02.00.06–Юқори молекуляр бирикмалар (кимё фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.DSc/К11.

Илмий маслаҳатчи: Бабаев Туйғун Мирзаахмедович, кимё фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Миллий университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Полимерлар кимёси ва физикаси институти, DSc.27.06.2017.FM/K/T.36.01.

Расмий оппонентлар: Магрупов Фарход Асадуллаевич, кимё фанлари доктори, профессор; Каримов Аминжон Каримович, кимё фанлари доктори, профессор; Рафиқов Адхам Салимович, кимё фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот: Ўсимлик моддалари кимёси институти.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: таркибида карбоксил гуруҳи тутган сувда эрийдиган ва эримайдиган полимерларнинг мақсадли синтези, уларнинг физик-кимёвий, тиббий-биологик хоссаларини ва қуйи молекуляр бирикмалар билан таъсирлашиш жараёнларини аниқлаш, улар асосида анти-протозой хоссали дори воситасини олишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

илк бор полиметакрил кислотасининг ва комплекс туз-дипропионат 3,3-бис-(2-имидазолинил-2)-карбанилиднинг поликомплекслари синтез қилинган;

имидокарб полиметакрил кислотаси билан таъсирлашганда, кимёвий тузилишининг сақланиб қолиши ва унинг полимерда иммобилланишида кооператив боғланиши исботланган;

илк бор полиметакрил кислотаси ва имидокарбнинг юқори концентрацияли эритмалари ўзаро таъсирлашганда, имидокарб молекулаларининг полимер комплекслари шаклида 1-турли фазовий ўтиш имкониятлари аниқланган;

органик молекуласи қарши иони табиатининг полиэлектролитлар билан таъсирлашиш жараёнларига таъсир қилиши исботланган; 

илк бор поливинилхлоридни аминосирка, аминокапрон, о-, м-, п-аминобензой кислоталари билан модификациялаб донадор сорбентлар олишнинг муқобил шароитлари аниқланган;

поливинилхлоридни аминокислоталар билан модификациялашда аминогуруҳнинг асослилигидан ташқари қўшни функционал гуруҳларнинг фазовий жойлашиши ҳам таъсир қилиши исботланган;

поливинилхлоридни аминосирка ва м-аминобензой кислоталари билан модификациялаш реакцияларининг регрессия тенгламалари тузилган ва ушбу жараёнларга турли омилларнинг таъсир даражаси аниқланган;

поливинилхлоридни аминокислоталар билан модификациялашдан олинган сорбентларнинг физик-кимёвий хоссалари, техник-ишлатиш кўрсаткичлари ва тузилиши ҳамда морфологияси аниқланган;

олинган сорбентларнинг доривор моддаларни иммобиллашда асос сифатида ва биологик фаол моддаларни тозалашда ҳамда сувнинг қаттиқлигини юмшатишда ион алмашинувчи материал сифатида ишлатиш имкониятлари асосланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:

Карбоксил гуруҳи тутган полимерларни олиш, уларнинг физик-кимёвий хоссалари ва ишлатилиш соҳаларини тадқиқ қилиш натижалари асосида: 

узоқ антипротозой таъсир қила оладиган полиметакрил кислотаси ва 3,3-бис-(2-имидозолинил-2)-карбанилиднинг поликомплексини олиш усули учун Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтиро патенти олинган (№ IAP 04616, 2012 й.). Натижада импорт ўрнини босувчи, кам зарарли, узоқ антипротозой таъсир қилувчи ветеринария дори воситаси олиш технологиясини яратиш имконини берган;

амин ва карбоксил гуруҳлари тутган полиамфолитлар олиш усули учун Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтиро патенти олинган (№ IAP 05281, 2016 й.). Натижада ичимлик сувининг қаттиқлигини юмшатиш, биологик фаол моддаларни ажратиш ва тозалашда қўлланиладиган сорбентлар олишнинг осон ва содда усулини яратиш имконини берган;

яратилган «ПОЛИКАРБ» дори воситаси Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси тизимидаги муассасаларда қорамоллар пироплазмидозларини даволаш ва унинг олдини олиш бўйича амалиётга жорий этилган (Давлат ветеринария қўмитасининг 2017 йил 30 августдаги 02/24-192 сон маълумотномаси). Натижада давомий таъсир қилувчи ва кам зарарли «ПОЛИКАРБ» дори воситасини қўллашда профилактик самарадорлик 99% бўлишига эришилган. 

Yangiliklarga obuna bo‘lish