Sayt test rejimida ishlamoqda

Боймуродов Ғуломжон Абдуғаффоровичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Катта болдир суяги проксимал қисми синишларида жарроҳлик даволаш усулларини такомиллаштириш», 14.00.22 – Травматология ва ортопедия (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.3.PhD/Tib1049.
Илмий раҳбар: Дурсунов Ахмад Маликшаевич, тиббиёт фанлари доктори, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази. DSc.04/30.12. 2019.Tib.62.01.
Расмий оппонентлар: Асилова Саодат Убайевна,  тиббиёт фанлари доктори; Валиев Эркин Юлдашевич, тиббиёт фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Андижон давлат тиббиёт институти.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади катта болдир суяги проксимал қисми синишларини миниинвазив хирургик усули ёрдамида такомиллаштиришдан иборат.  
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
катта болдир суяги проксимал қисми синишлари турларига нисбатан  дифференциал ёндашув асосида стабил функционал остеосинтез имконини берувчи мини-инвазив ташқи сих-стерженли аппарат такомиллаштирилган;
катта болдир суяги проксимал қисми синишларини таклиф этилган мини-инвазив ташқи сих-стерженли аппарат билан хирургик даволашда тизза бўғимида эрта харакатни таъминланиши ва суяк консолидациясини  оптималлаштирилиши исботланган;  
катта болдир суяги проксимал қисми бўғим ичи ва атрофи шикастланишлари бўлган беморларда ўтказилган электронейромиографик ва ультратовушли допплерографик текширувлар орқали миниинвазив ташқи сих-стерженли аппарат қўлланилган беморларда тизза бўғимининг эрта функцияси ва фаол ҳаракатнинг бошланиши туфайли нейротрофик ва микроциркулятор ўзгаришлар хавфининг камайиши исботланган;
ишлаб чиқилган мини-инвазив ташқи сих-стерженли аппарат ва анъанавий Илизаров аппарати конструкцияларининг солиштирма мустахкамлиги хамда аппарат деформацияси орасидаги боғлиқлик математик ва компьютерли моделлаштириш ёрдамида исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Катта болдир суяги проксимал қисми синишларини ташхислаш, даволаш ва олдини олишга замонавий ёндашув асосида олинган илмий натижалар асосида:
катта болдир суяклари синишларини компрессион-дистракцион аппарат даволаш асосида ишлаб чиқилган «Компрессион–дистракцион аппарат»га  Интеллектуал мулк агентлиги патенти олинган (FAP 00571,  18.08.2010 йил). Олинган натижалар катта болдир суяклари синишларини хирургик даволашда самара  олиш имкониятини берган;
катта болдир суякларини даволаш бўйича тадқиқотнинг илмий натижалари асосида «Катта болдир суяги синишларида сих-стерженли аппарат ёрдамида стабил-функционал остеосинтез» номли услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2010 йил 3 ноябрдаги 8н-д/184-сон маълумотномаси). Олинган илмий натижалар катта болдир суяги проксимал қисми синишларини ташхислаш ва даволашнинг замонавий самарадор усулларини такомиллаштириш имконини берган;
катта болдир суяги проксимал қисми бўғим ичи ва бўғим атрофи синишларида даволаш тактикасини ишлаб чиқилган бўйича олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш амалиётига, хусусан Республика ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий марказида, Бухоро вилояти Когон шахри тиббиёт бирлашмасида, Самарқанд вилояти  Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази иш фаолиятига татбиқ этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 30 ноябрдаги 8н-д/65-сон маълумотномаси). Олинган натижаларнинг амалиётга жорий қилиниши натижасида катта болдир суяги проксимал қисми синишлари бўлган беморларни даволаниш муддатларининг  10,7 кунга қисқариши имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish