Зунунова Гулчехра Шавкатовнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Тошкент шаҳри ўзбекларининг моддий маданияти трансформацияси (ХХ аср ва ХХI аср бошлари)», 07.00.07–Этнография, этнология ва антропология (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: 2017.1.DSc/Tar39.
Илмий маслаҳатчи: Арифханова Зоя Хамидуллаевна, тарих фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи-методик марказ, Тарих институти, Қорақалпоқ ижтимоий фанлар илмий-тадқиқот институти, DSc27.06.2017.Tar.01.04
Расмий оппонентлар: Дониёров Алишер Худойбердиевич, тарих фанлари доктори, профессор; Турсунов Сайфулла Нарзуллаевич, тарих фанлари доктори, профессор; Ҳакимов Акбар Абдуллаевич, санъатшунослик фанлари доктори, профессор, академик.
Етакчи ташкилот номи: Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ХХ аср ва ХХI аср бошларида Тошкент шаҳри ўзбекларининг моддий маданияти трансформациясини этнологик материаллар асосида очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ХХI асрда жаҳон миқёсида содир бўлган глобализация ва вестернизация жараёнлари таъсирида ўзбек халқининг кундалик турмуш тарзи, маданияти, анъаналари билан бирга моддий маданият билан боғлиқ дунёқараши ҳам трансформациялашганлиги этнографик материаллар асосида аниқланган;
мустақиллик йилларида тарихий мерос, миллий анъаналарни қайта тиклашга оид давлат сиёсати ва бу борада амалга оширилган амалий ишлар моҳияти, миллий ўзликни англаш ҳамда моддий маданиятни ўзаро уйғунлашуви тарихий-этнографик маълумотлар асосида очиб берилган;
Тошкент шаҳри ўзбекларининг кундалик ва маросимий ҳаётидаги ашёвий дунёқараш билан боғлиқ қарашларни ўзгариш динамикаси ҳамда анъанавий моддий маданиятга янгиликларнинг кириб келиши ва уларнинг аҳоли турли қатламларида тарқалиши йўналишлари аниқланган;
шаҳар аҳолиси моддий маданиятидаги икки сатҳли тизим асосида дунёқарашнинг қўш қатламли – периферия ва ўзагини ифодаловчи кундалик ва маросимий хусусиятлари илмий асосда исботлаб берилган;
совет ҳокимияти йилларида моддий маданиятнинг ўзгаришига таъсир қилган жараёнлар, хусусан, диний дунёқарашдан ҳоли «унификациялашган совет кишиси»ни яратиш, «совет турмуш тарзи»да «моддий ашёлар» ва янги рамзлар аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларнинг жорий қилиниши:
Тошкент шаҳри ўзбекларининг моддий маданияти трансформациясини тадқиқ этиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Тошкент шаҳри ўзбеклари моддий маданиятига оид тадқиқот натижаларидан Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 9 октябрдаги «Замонавий талабларга жавоб берувчи ва мустақиллик ғоялари асосларига мос келувчи Ўзбекистон тарихи музейини реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида музейнинг Ўзбекистон тарихининг қадимдан ҳозирги кунгача бўлган даврига оид экспозициялар қисмининг VII «Ҳунармандчилик» ва «ХIХ– ХХ асрларда Ўзбекистон» бўлимларидаги экспозицияларни қайта шакллантириш жараёнида фойдаланилган (Фанлар академиясининг 2016 йил 16 августдаги 3/1255-1042-сон маълумотномаси). ХХ аср ўзбек халқи моддий маданияти билан боғлиқ илмий қарашлар совет мустабид тузумининг моддий маданиятни сиёсийлаштириши, анъанавий қадриятлардан маҳрум қилишга қаратилган сиёсий шароитда ўзбек халқининг миллий ўзлиги ва маданий меросини сақлаб қолиш бўйича хулосаларни такомиллаштириш ҳамда музей экспозицияларини қайта шакллантиришга асос бўлиб хизмат қилган;
ўзбек халқи анъанавий моддий маданиятининг ривожланиш босқичларига, хусусан, совет ҳукумати йилларида ўзбекларнинг маросимий анъаналарига доир янги илмий қарашлардан «Қиёсий маданиятшунослик ва диншунослик» (Вашингтон университети, АҚШ) (2003–2005 йй.) мавзусидаги халқаро илмий лойиҳада фойдаланилган (Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасининг 2016 йил 30 майдаги ФТК-03-13/336-сон маълумотномаси). Бу этнологлар учун собиқ иттифоқ даврида ўзбекларнинг маросимий турмуш-тарзи ва анъаналарини илмий холислик мезонлари асосида ўрганишда муҳим методологик асос бўлди;
ХХ асрда юз берган ижтимоий-сиёсий ва маданий жараёнлар таъсирида ўзбек халқининг миллий таомларидаги ўзгаришларга оид хулосалардан «Халқлар ва маданиятлар» туркумида нашр қилинган «Ўзбеклар» (Узбеки. –Москва, 2011.– 688 с.) номли фундаментал монографиянинг «Замонавий даврда анъанавий таомлар трансформацияси» ва «Тақвимий байрамлар, маросим ва урф-одатлар» қисмларида диссертантнинг этнографик материаллари асос бўлиб хизмат қилган;
Ўзбекистонда анъанавий ва замонавий тураржойлар ҳамда уларнинг трансформациясига оид илмий натижалардан ОТ-Ф8-146 «Ўзбекистонда шаҳарсозлик мероси ва замонавийлик» (2007–2012 йй.) мавзусидаги фундаментал лойиҳада Россия империяси, совет даври ва Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида Тошкент ўзбекларининг тураржойлари трансформациясига оид илмий хулосалардан фойдаланилган (Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасининг 2016 йил 30 майдаги ФТК-03-13/336-сон маълумотномаси). Бу Тошкент шаҳрида шаҳарсозлик муаммоларини илмий асосда ўрганиш жараёнида совет даврида бирхиллик тенденцияси устувор аҳамият касб этган бўлса, мустақиллик йилларида шаҳарсозликда миллийлик ва замонавийликнинг уйғунлашуви асос бўлганлигини илмий асосда ёритишда муҳим илмий асос бўлиб хизмат қилади.