Sayt test rejimida ishlamoqda

Сулайманова Мехринса Ибрахимовнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзбек ва қирғиз фольклорида тақинчоқлар образлантирилишининг спецификаси», 10.00.08 – Фольклоршунослик (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.3.PhD/Fil1006.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Андижон давлат университети.
Илмий раҳбар: Ўраева Дармон Саидаҳмедовна, филология фанлари доктори, профессор.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, DSс.02/30.12.2019.Fil.46.02.
Расмий оппонентлар: Қаюмов Олим Садириддинович, филология фанлари доктори; Алламбергенов Ҳамза Камалович, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD);
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади ўзбек ва қирғиз фольклорида тақинчоқлар образининг келиб чиқиш илдизлари ҳамда поэтикасига хос типологик, специфик хусусиятларни аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ўзбек ва қирғиз фольклорида тақинчоқлар образининг ўрни, тизими аниқланиб, уларнинг фетишизмга алоқадор қадимий мифологик инонч-эътиқодлар, магик характердаги маросимлар асосида келиб чиққани, ижтимоий ҳаёт воқеликлари асосида турли рамзий-тимсолий маъноларда эпик, лирик, паремик турдаги жанрларда образлантирилгани асосланган;
ўзбек ва қирғиз фольклоридаги тақинчоқлар образи ўзида ҳар иккала халқнинг заргарлик санъати ва касбида эришган ютуқларини бадиий намоён этиши, оғзаки поэтик анъанадан ўрин олган бошқа образлар билан функционал-семантик жиҳатдан муштараклиги, улар билан боғлиқ ахлоқий қарашлар ифодаси аниқланган;
иккала халқ лирик ва маросим қўшиқларида инсон бош, бўйин, кўкрак, қўл, бел қисм аъзоларига тақиладиган тақинчоқлар образлантирилишининг мифологик асослари, поэтик талқинидаги типологик белгилар аниқланиши асосида туркий халқлар бадиий тафаккурининг генетик алоқадорлиги ҳамда этнофольклористик нуқтаи назаридан ўзига хослиги исботланган;
қўшиқларда тақинчоқларнинг ўзак ё вазият рамзларини ҳосил қилиши, турли маъданлар номи орқали сифатланиши, заргар образи, заргарлик буюмларининг поэтик тасвирланиши, айрим (тишқали, лотиба, хапавант, уку ва ҳоказо каби) унутилаётган фалеронимларнинг фольклор тилида сақлангани адабий тил тарихини бойитиш учун муҳим манба вазифасини бажариши очиб берилган.
IV.    Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбек ва қирғиз фольклорида тақинчоқлар образлантирилишининг спецификаси мавзуси доирасида амалга оширилган ишлар асосида:
ўзбек ва қирғиз халқининг тақинчоқлар билан боғлиқ эътиқодий қарашлар тизими, тақинчоқларнинг маросимлардаги ўрни, тақинчоқлар билан боғлиқ ахлоқий қарашларнинг бадиий ифодаси ҳақидаги назарий хулосалардан Ф1-ФА-043429, ФА-Ф1, Г002 “Қорақалпоқ фольклори ва адабиёти жанрларининг назарий масалаларини тадқиқ этиш” (2012-2016 йй.) ҳамда ФА-Ф-1-005 “Қорақалпоқ фольклоршунослиги ва адабиётшунослиги тарихини тадқиқ этиш” (2017-2020 йй.) мавзусидаги фундаментал илмий лойиҳаларда фойдаланилган (ЎзР ФА Қорақалпоғистон бўлимининг 2021 йил 17 январдаги 163-сон маълумотномаси). Натижада, илмий тадқиқот хулосалари ўзбек ва қирғиз фольклорида тақинчоқлар образи талқинига хос типологик  ва специфик хусусиятларни аниқлашга хизмат қилган;
ўзбек ва қирғиз халқ қўшиқларида сирға образининг берилиши ва у билан боғлиқ эътиқодлар, ўқувчиларнинг этномаданий билимларини ривожлантиришда заргарлик буюмлари образи иштирок этган халқ қўшиқларини синфдан ташқари ўқитишнинг аҳамиятини очиб беришда фойдаланилган (Қирғизистон Республикаси Миллий ёзувчилар уюшмасининг 2021 йил 12 майдаги 1128/1-сон маълумотномаси). Натижада қирғиз ва ўзбек фольклоридаги рамзий буюмлар образини қиёсий ўрганиш, туркий халқлар фольклорининг типологик жанр, мотив ва образлари тизимини аниқлаш, шунинг билан бирга, уларни таснифлаш аҳамияти каби масалалар ойдинлаштирилган;
Қирғизистон Республикаси “ЭлТР” давлат телерадиокомпаниясининг “Билим жана Илим” каналининг “Кол ѳнѳрчүлүк” (“Қўл ҳунармандчилиги”), “Адабият айдыӊы” (“Адабиёт сарчашмалари”), “Жан дүйнѳ” (“Маънавий олам”), “Бабалар баскан бараан жол” (“Боболар босган улкан йўл”) номли теледастурларини тайёрлашда ўзбек ва қирғиз фольклорида тақинчоқлар образининг поэтик тасвири,  генетик алоқадорлиги, типологияси ва уларнинг специфик хусусиятларига оид илмий қарашлар ва хулосалардан фойдаланилган (Қирғизистон Республикаси “ЭлТР” давлат телерадиокомпаниясининг “Билим жана Илим” каналининг 2021 йил 25 августдаги 01-8/47-сон маълумотномаси). Натижада юқорида кўрсатиб ўтилган кўрсатувларнинг бадиий жиҳатдан янада қизиқарли, мазмунли ва жонли чиқишига эришилган.
Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси Андижон вилояти телерадиокомпаниясининг “Маънавият – қалб кўзгуси”, “Хазинамсан китоб” кўрсатувлари, “Маънавият сарчашмаси” ва “Радиомутолаа” эшиттиришларини тайёрлашда ўзбек ва қирғиз фольклоридаги тақинчоқлар образи тизими, типологияси ҳамда спецификасига оид умумлашмалардан фойдаланган (2021 йилнинг 22 сентябрдаги 20-24/241-сон маълумотномаси). Натижада ўзбек ва қирғиз фольклорининг ўзига хос жиҳатлари очиб берилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish