Давлатов Олим Давлатовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Алишер Навоий шеъриятида Қуръон оятлари ва ҳадисларнинг бадиий талқини», 10.00.02–Ўзбек адабиёти (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.2.PhD/Fil117.
Илмий раҳбар: Муҳиддинов Муслиҳиддин Қутбиддинович, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Самарқанд давлат университети, PhD.27.06.2017.Fil.02.03.
Расмий оппонентлар: Қудратуллаев Ҳасан Самадович, филология фанлари доктори, профессор; Очилов Эргаш Зокирович, филология фанлари номзоди.
Етакчи ташкилотлар: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Тошкент ислом университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Алишер Навоий шеъриятида Қуръон оятлари ва ҳадисларнинг тутган ўрни ҳамда исломий ғояларнинг Навоий ижтимоий-фалсафий дунёқарашидаги даражасини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Алишер Навоий ижодий меросида исломий ғояларнинг ўрни ҳамда шоирнинг шеърий ва насрий асарларида оят ва ҳадисларнинг бадиий талқини асослари ишлаб чиқилган;
оят ва ҳадисларни бадиий матнда қўллашга доир иқтибос ва ақд санъатлари ҳақида илмий тушунчалар берилиб, шоир ижодидан ўрин олган инсонпарварлик ғояларининг оят ва ҳадислар мазмун-моҳиятига уйғунлиги аниқ мисоллар асосида исботлаб берилган;
мумтоз араб поэтикаси манбалари асосида ишора санъатига доир асосий тушунча ва қоидалар шакллантирилган, Қуръон оятлари ва ҳадисларнинг мазмунини шеърда ифодалашда ушбу поэтик воситанинг ўрни ва аҳамиятини талқин қилиш асослари ҳамда Муҳаммад алайҳиссаломнинг Навоий асарларида яратилган сиймоси тегишли оят ва ҳадислар ёрдамида далилланган;
бугунги глобаллашув даврида Алишер Навоий ижодидаги инсонпарварлик ғояларининг ёшларни диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик руҳида тарбиялаш учун кучли маънавий восита эканлиги асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Алишер Навоийнинг шеърий меросида исломий ғояларнинг ўрни ҳамда шоир ижодида илоҳий оят ва набавий ҳикматларнинг бадиий талқинини тадқиқ этиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Навоий ижодий меросида исломий ғояларнинг ўрни ҳамда шоирнинг шеърий ва насрий асарларида оят ва ҳадисларнинг бадиий талқини ҳақидаги илмий хулосалардан Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг илмий-маърифий ва диний-маърифий фаолиятида ҳамда «Ислом Энциклопедияси» учун диний-ирфоний мавзудаги мақолаларни тузишда фойдаланилган (Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2017 йил 24 октябрдаги 1660-сон ва 2017 йил 14 октябрдаги 1553-сон маълумотномалари). Натижада нашр этилувчи диний-маърифий адабиётлар ҳамда бошқа нашрларда исломий ғоялар, оят ва ҳадисларнинг бадиий адабиётдаги талқинидан кенг фойдаланишни йўлга қўйиш имконини берган;
Алишер Навоий ижодидаги ёшларни инсонпарварлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик руҳида тарбиялашдаги ғоя ва тушунчалардан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллигининг Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда тайёрланган телекўрсатув ва радиоэшиттиришларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2017 йил 20 октябрдаги 446-сон маълумотномаси). Натижада диний-маърифий мавзулардаги телекўрсатув ва раидоэшиттиришларнинг сифати ошган, уларни томоша қилувчи ва тингловчилар аудиториясининг кенгайишига хизмат қилган;
Алишер Навоий шеъриятидаги оят ва ҳадис матнларининг манбаларини аниқлаш, мазкур байтларнинг ғоявий-бадиий моҳиятини очиб бериш, асл матнни туркий мисраларда сингдириш усулларини белгилаш орқали «Қўлёзма манбаларнинг миллий-маънавий ва адабий мерос тарғиботидаги аҳамияти» мавзусидаги Самарқанд давлат университетида бажарилган ОТ-F8-027-рақамли фундаментал лойиҳада татбиқ этилган (Фан ва технологиялар агентлигининг 2017 йил 11 октябрдаги ФТА-02-11/843-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши Алишер Навоий шеъриятидаги оят ва ҳадис матнларининг миллий-маънавий ва адабий мерос тарғиботидаги аҳамиятини англаш ва баҳолаш имконини берган.