Пайзиев Шермахамат Далиевичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Қаттиқ жисмли қуёш нури билан ишлайдиган неодим лазерлари», 01.04.11–Лазер физикаси (физика-математика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.2.DSc/FM52.
Илмий маслаҳатчи: Бахрамов Сагдилла Абдуллаевич, физика-математика фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ион-плазма ва лазер технологиялари институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Физика-техника институти, Ион-плазма ва лазер технологиялари институти, Самарқанд давлат университети, DSc.27.06.2017.FM/T.34.01 асосидаги бир марталик илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Ашуров Мухсин Хурамович, физика-математика фанлари доктори, профессор, академик; Кодиров Мумин Кодирович, физика-математика фанлари доктори; Нематов Шерзод Каландарович, физика-математика фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: қаттиқ жисмли лазер фаол муҳитларининг оптик, термик ва механик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, қуёш лазерлари тизимида содир бўладиган физик жараёнлар асосида қуёш энергиясини лазер нури энергиясига айлантиришнинг самарали усулларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
бир неча бор такрорланадиган қайтиш, синиш, ютилиш, фотолюминесценция жараёнларини моделлаштиришнинг янги услуби ишлаб чиқилган;
биринчи марта Катта Қуёш Печида нурланиш қуввати 80 Вт бўлган лазернинг тажриба намунаси яратилган;
яратилган компьютер модели концентрацияловчи тизимлар сифатларини киритган ҳолда, қуёш ёрдамида оптик дамланадиган лазер тизимларининг хусусиятларини ўрганиш бўйича рақамли тажрибалар ўтказиш имкони яратилган;
Катта Қуёш Печи ва кичик параболик концентраторларда Nd:YAG, Nd:Cr:YAG, Cr:GSGG лазерларини оптик дамлашнинг энг мақбул усули аниқланган;
илк бор Nd:YAG лазерлари самарадорлигини 30-32% даражага етказиш имконини берувчи қуёш нури спектри частотасини ташқи қайта ўзгартиргичга асосланган янги муқобил ёндашуви ишлаб чиқилган;
Cr:YAG, Сe:YAG Cr:GSGG, Cr:LICAF, Ti:Сапфир материалларини қуёш нури спектри частотасида қайта ўзгартиргич сифатида ишлатиш мумкинлиги асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Қуёш нури энергиясини лазер нури энергиясига айлантиришнинг турли механизмларини ҳамда GaAs кристалли асосидаги пассив затворлар ёрдамида ультра қисқа лазер импульсларини олиш имкониятларини тадқиқ қилиш асосида:
Катта Қуёш Печида нурланиш қуввати 80 Вт бўлган лазернинг тажриба намунаси яратилган (Ўзбекистан Республикаси Фанлар академиясининг 2017 йил 24 октябрдаги маълумотномаси). Яратилган лазер қуёш лазерларига нисбатан 5 баравар юқори самарадорликка эришиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга асосланган янги технологияларни ишлаб чиқиш имконини берган;
Nd3+:YAG, Nd3+:Cr3+:YAG актив элементлардан фойдаланиб концентрацияланган қуёш нури оқимини лазер нурига айлантириш бўйича олинган натижалар хорижий журналларда (Opt. Mater. Express 6, 552-557, 2016, IF : 2.591; International journal of hydrogen energy 39(26), (2014): pp.14227-14233, IF: 3.64; International Journal of Photoenergy, 2014, IF: 2.37) лазер материалларининг спектроскопик характеристикаларини назарий ҳисоб-китоб қилишда ва қуёш энергиясидан фойдаланиб водород олишнинг янги усулларини яратишда қўлланилган. Илмий натижалардан фойдаланиш керамик лазер материалларнинг спектроскопик характеристикаларининг назарий йўл билан аниқланган қийматларини ишончлилигини, қуёш энергиясидан фойдаланиб водород олиш самарадорлилигини асослаш каби муҳим натижаларга эришиш имконини берган;
GaAs кристалли ночизиқли оптик хоссаларини ўрганиш бўйича ишлаб чиқилган модель ва таклиф этилган янги ёндашувлар хорижий журналларда (Optics and Spectroscopy 119, no. 2 (2015), IF: 0.644; Optics and Spectroscopy, vol. 115, issue 3 (2013), IF: 0.673; Optics and Spectroscopy 121(5):710-712, 2016, IF: 0.716) пассив синхронизация жараёнини тадқиқ қилишда қўлланилган. Илмий натижалардан фойдаланиш Nd:YAG лазерларни самарали пассив синхронизация қилиш ҳамда A3B5 кристалларнинг оптик ютилиш коэффициентларининг ҳароратга боғлиқлигини батафсил тадқиқ қилиш имконини берган.