Sayt test rejimida ishlamoqda

Қосимова Гулнорахон Бахтиёржон қизининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи: “Гэнроку даври адабиётида анъана ва новаторлик (Ихара Сайкаку ижоди)” 10.00.05 – Осиё ва Африка халқлари тили ва адабиёти (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.2.PhD/Fil.830.
Илмий раҳбар: Мухтаров Тимур Аскадович, филология фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат шарқшунослик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳузуридаги илмий даражалар берувчи DSC.03/30.12.2019.Fil/Tar.21.01.
Расмий оппонентлар: Муҳибова Ульфатхон Учқуновна, филология фанлари доктори, профессор; Гафурова Хакима Шавкатовна, филология фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Ихара Сайкаку ижодининг тадқиқи асосида Гэнроку даври япон адабиётида анъана ва новаторлик масаласини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Гэнроку даври “шаҳар адабиёти” таълим ва саводхонликнинг барча қатламлар орасида кенг ёйилиши, тижорат босмахонларининг юзага келиши ва адабиётнинг элитарлик хусусиятини йўқотиши, бадиий санъат турларининг оммалашуви каби XVII аср япон ижтимоий-сиёсий ҳамда маданий ҳаётида кузатилган янгиланиш тамойиллари билан боғлиқ равишда ривожланганлиги асосланган;
XVII асрнинг насрий адабиёти – “каназоши”нинг ўтмиш адабий анъаналари қолипидаги ҳамда янги намуналарининг ички мазмуни, тузилиши, баён усули, бадиий тафаккур тарзи каби жанр хусусиятларини аниқлаш орқали, унинг ўрта аср япон адабиёти ва Сайкаку ижоди оралиғида боғловчи бўғин сифатида мавжуд бўлганлиги далилланган;
Гэнроку даври адабиётида анъана ва янгиланиш тамойилларининг барқарорликка эришиши, япон реалистик адабиётининг юзага келиш жараёни Ихара Сайкакунинг “укиёзоши” йўналишидаги ижоди билан бошланганлиги исботланган;
Ихара Сайкаку ижодида япон халқ оғзаки ижоди, Но ёки жёрури театрининг пьесалари, хитойча мумтоз асарларнинг сюжет қолипи, сюжет қурилишидан жой олган мотив, образлар прототипи кўринишида истифода этилганлиги, эпик қаҳрамонлар тўғрисидаги япон ва дидактик руҳдаги хитой ўтмиш манбаларини янгича талқин этишда кулги остига олиш усулига таянилганлиги аниқланган;
Сайкаку асарларининг тили мумтоз адабий ва жонли халқ тилларининг ўзаро уйғунлигидан юзага келганлиги, адибнинг бадиий услуби реалистик методи асосида ҳамда япон мумтоз шеъриятининг энго, какэкотоба, киго каби ассоциацияга асосланувчи риторика услулларига таянган хайкай шеърлари таъсирида шаклланганлиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Япон ўрта аср адабиёти, хусусан, Гэнроку даври адабиётида анъана ва новаторлик, Ихара Сайкаку ижоди тадқиқи бўйича олинган натижалар асосида:
Ихара Сайкаку Гэнроку даврининг насрнависи, “укиёзоши” насри, унинг ижодида анъана ва новаторлик масалаларига оид илмий натижаларидан ОТ-Ф1-67 рақамли “Буюк ипак йўли минтақаси халқлари фольклорининг типологияси, миллий ўзига хослиги ва ёзма адабиёт ривожида тутган ўрни” мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Тошкент давлат шарқшунослик университетининг 2021 йил 24 августдаги 01-04-01/171-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг амалиётга татбиқ этилиши япон фольклорида сэцува жанрига оид масалаларни ёритишга ёрдам берган;
диссертациянинг таҳлилий фикрлари ва илмий-назарий хулосаларидан Ўзбекистон-Япония аҳоли ресурслари тараққиёти марказида ўтказилган “XVII аср – Гэнроку даврида адабий жараёнлар ва уларнинг ўзига хос жиҳатлари” номли илмий семинарда фойдаланилди (Ўзбекистон-Япония Марказининг 2021 йил 4 майдаги, 46-сон маълумотномаси). Натижада ўқувчи ва тингловчиларда XVII аср – Гэнроку даври адабиёти, насрий ва назмий жанрларининг бадиияти ҳамда Ихара Сайкаку мероси билан боғлиқ билимларга эга бўлиш имкониятини яратган;
XVII аср, хусусан, Гэнроку даври япон шаҳар адабиётининг шаклланиш жараёнлари, ушбу даврнинг новатор адиби Ихара Сайкакунинг ижоди, анъана ва новаторлик масаласи нуқтаи назаридан унинг бадиий маҳорати, бадиий тили ҳамда услубини тадқиқ қилишга бағишланган таҳлилий фикрлари ва назарий хулосаларидан Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг “O‘zbekiston” радиоканали ДУК “Маданий-маърифий ва бадиий эшиттиришлар” муҳарририяти томонидан тайёрланган “Бедорлик”, “Адабий жараён”, “Жаҳон адабиёти” номли радио эшиттиришларда фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “O‘zbekiston” телерадиоканалининг 2021 йил 20 апрелдаги 04-25-602-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланиши адабиёт ихлосмандлари, ўзбек китобхонлари учун маълумот беришда, радио тингловчиларнинг чет эл адабиёти намуналаридан баҳраманд бўлишида муҳим аҳамият касб этади.

Yangiliklarga obuna bo‘lish