Sayt test rejimida ishlamoqda

     

Бафоев Фарруҳ Садриддинович
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): “Ўзбек ва немис халқ мақолларининг қиёсий-типологик тадқиқи”,10.00.08 – Фольклоршунослик (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.1.PhD/Fil760.
Диссертация бажарилган муассаса номи: ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти.
Илмий раҳбар: Эшонқулов Жаппор Салиевич, филология фанлари доктори, профессор.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёт ва фольклори институти, Dsc.02/30.12.2019.Fil.46.02.
Расмий оппонентлар: Алламбергенов Кенесбай Алламбергенович, филология фанлари доктори, профессор; Сайитқулов Илҳом Абдусаламович, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD);
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ўзбек ва немис мақолларининг ўзига хос хусусиятлари, тематикаси, тузилиши, бадиияти ва образлар тизимини типологик нуқтаи назардан аниқлаш ва шу орқали келажакда тузиладиган ўзбек ва немис мақоллари, фразеологик луғатларига назарий асос тайёрлаш, электрон таржима дастурлари учун манба яратишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ўзбек ва немис халқ оғзаки ижодида қўлланадиган ибратли, тугал фикрни ифодаловчи жанрларга нисбатан ишлатилувчи терминларнинг, ўзбек ва немис фольклоршунослигида мақолларнинг келиб чиқиши, жанр тематикаси, структураси, бадиияти, образлар тизимидаги ўхшаш ва фарқли жиҳатлар икки халқ мақолларидан олинган мисоллар ёрдамида аниқланган;
ўзбек ва немис халқ мақолларида учровчи икки компонентли мақолларнинг маъно муносабатига кўра 4 тури (АБ=АБ, АБ˂АБ, АБ˃АБ, АБ↔АБ) аниқланиб, уларнинг бир-биридан мазмуни, асосий фикрни ифода этувчи қисмнинг жойлашиш ўрни, паремиологик бирликларнинг компонентлари орасида зиддий ёки нозиддий муносабатнинг ифодаланиши каби асосий фарқлари очиб берилган;
ўзбек ва немис халқ мақолларида энг кўп ва кам мурожаат этилган мавзулар, мақоллардаги тематик тафовутнинг ушбу паремиологик бирликларни ижод этган халқнинг миллий ўзига хослиги, эътиқоди, турмуш тарзи билан боғлиқ бўлган сабаблари очиб берилган, ҳар икки халқ оғзаки ижодида учровчи ўзаро муқобил мақоллар шакл ва мазмун жиҳатидан уч типга ажратилиб, уларнинг пайдо бўлиш ва тарқалиш илдизлари далилланган;
ўзбек ва немис халқ мақолларида энг кўп қўлланган образлар, икки халқ мақолларининг образлар тизимидаги инсонлар, ҳайвонлар, нарса-предметлар ва воқеа-ҳодисалар рамзлари билан боғлиқ ўхшашликлар ва мақоллар матнида қўлланган образларнинг ўзбек ва немис халқлари тафаккурида шаклланган маънолари билан боғлиқ фарқли жиҳатлари аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбек ва немис халқ мақолларининг қиёсий тадқиқи бўйича олинган илмий натижалар асосида:
халқ мақолларининг ўзига хос хусусиятларига доир илмий-назарий натижаларидан Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида бажарилган “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари” 100 жилдлигини нашрга тайёрлаш ва уни текстологик ўрганиш масалалари” фундаментал илмий лойиҳада фойдаланилган (ЎзР Фанлар академиясининг 2021 йил 6 сентябрдаги 3/1255-2437-сон маълумотномаси). Натижада  “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари” 100 жилдлиги таркибидаги нашрга тайёрланиши режалаштирилган ўзбек халқ мақолларининг алифбо тартибига асосланган уч жилдлиги учун зарур фактик материаллар жамлашда, хусусан, халқ мақолларига оид материалларни саралаш, уларнинг турли вариантларини жамлаш ва бадиий жиҳатдан энг мукаммал намуналар асосида таянч матнлар базасини яратишда иш давомида тўпланган фактик материаллар, жумладан, Бухоро вилоятидан ёзиб олинган ва турли адабий-бадиий манбалардан йиғилган мақоллардан фойдаланилишига эришилган;
қадимги манбалар асосидаги халқ мақолларини саралаш, уларнинг асл ва ўзгарган муқобилларини аниқлаш, семантик маъно талқинларини шарҳлаш ва таснифлаш борасидаги натижалардан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида бажарилган “Қадимги даврлардан ХIII асргача бўлган туркий ёзма манбалар тадқиқи” амалий лойиҳасида фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2021 йил 12 октябрдаги 01/4-1866-сон маълумотномаси). Натижада лойиҳа халқ оғзаки ижоди ва ёзма адабиёт муносабатлари, образлар тизими, фольклорнинг ёзма адабиётга кўчиб ўтиш жараёни ёритилган бой манбалар билан тўлдирилган;  
ўзбек ва немис халқ мақолларини қиёсий ўрганиш ишини кенг омма орасида тарғиб қилишда тадқиқотнинг илмий-назарий хулосаларидан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон” телеканалининг “Ибратга йўғрилган умр”, “Таълим ва тараққиёт” ва “Ойдин ҳаёт лайф” кўрсатувларида   ҳамда “Ўзбекистон тарихи” телеканалининг “Махзан” кўрсатувлари сценарийларини тузишда фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг 2020 йил 17 декабрдаги 02-14-1307 ҳамда 2021 йил 12 октябрдаги 02-13-1604-сон маълумотномалари). Натижада ўзбек ва немис халқ мақолларининг  ўзига хос хусусиятлари, уларнинг халқ педагогикасидаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб қилишга эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish