Sayt test rejimida ishlamoqda

Усаров Умиджон Абдимавляновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Россия империясининг Туркистон ўлкасидаги ер-сув муносабатларига оид сиёсати”, 07.00.01. – Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.2.PhD/Tar248.
Илмий раҳбар: Юнусова Хуршида Эркиновна, тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон миллий университети, DSc.03/30.12.2019.Tar.01.04.
Расмий оппонентлар: Шадманова Санобар Базарбаевна, тарих фанлари доктори, профессор; Ғаффоров Шокиржон Сафарович, тарих фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини  механизациялаш муҳандислари институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади XIX асрнинг иккинчи ярми–ХХ аср бошларида Россия империясининг Туркистон ўлкасидаги ер-сув муносабатларига оид сиёсатини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Туркистон ўлкасида илгари мавжуд бўлган мулкий ерлардан олинадиган солиқларни империя манфаатларига мос равишда қайта кўриб чиқиш, вақф ажратилган мулкларни қисқартириш ва назоратга олиниши, генерал-губернаторлик томонидан бу ерларга қўшимча солиқлар жорий этилиши унда банд бўлган аҳоли ва таълим муассасаларининг молиявий аҳволини оғирлашишига олиб келганлиги аниқланган;
мустамлака ҳукумати ўлкадаги суғориш тизимини такомиллаштиришда қўшимча сарф-харажатлар қилмасдан, асрлар давомида шаклланиб келган ирригация иншоотлари (сепоя, тўғон) асосида бостириб суғориш, жўяк олиш, жўяклар орасида сув оқимини тенг тақсимланиши каби усулларни сақлаб қолишни афзал кўрганлиги очиб берилган;
Туркистонда доимий суратда кузатилиб турган сув тақчиллиги даврида генерал-губернаторлик томонидан турли низоли вазиятларни олдини олишда сайи-ҳаракат кўрсатган оқсоқоллар ва миробларга, ариқларни таъмирлаш ҳамда қазиш ишларида фаоллик кўрсатган шахсларга, сувдан фойдаланишда тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилганларга сув тақсимоти ва навбатида имтиёзлар берилганлиги асосланган;
империя расмий амалдорлари бошқарув тизимини мустаҳкамлаш мақсадида ўлка ер-сув муносабатларини йўлга қўйиш учун ташкил этилган махсус тафтиш комиссиялари ер эгалиги турлари ва вақф ерлари масаласида йўл қўйилган хатолар ва камчиликлар оғир оқибатларга олиб келиши, маҳаллий аҳолининг ҳукуматига бўлган ишончини янада пасайтириши мумкинлиги ҳисобга олиниб, ерларнинг маълум қисмини давлат ихтиёрига ўтказа олмаганликлари исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Россия империясининг Туркистон ўлкасидаги ер-сувга доир сиёсати борасидаги илмий хулоса ва таклифлардан:
Туркистон генерал-губернаторлиги маҳкамаси ва унинг ҳузуридаги “молия ва хўжалик ишлари”, “ер солиғи ва ирригация ишлари” бўлимлари, вилоятлар ҳарбий губернаторлари маҳкамаси ва ўлка расмий амалдорлари томонидан тузилган комиссия ҳамда империя ҳукумати томонидан ўлкада ўтказилган махсус тафтиш комиссияларининг ер-сув муносабатларига оид фаолияти натижаларидан “O‘zbekistonning davlat muassasalari tarixi” дарслигида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2017 йил 28 июндаги гувоҳномаси, рўйхатга олиш рақами: 434-148). Ушбу дарслик олий ўқув юрти талабаларини давлатчилик тарихи, мустамлака маъмуриятинниг Туркистон ўлкасидаги ер-сув муносабатлари бўйича сиёсатига доир билимларини янада оширишга хизмат қилган;
XIX асрнинг иккинчи ярми–ХХ аср бошларида Россия империясининг Туркистон ўлкасидаги ер-сув муносабатларига оид сиёсатининг ўзига хос хусусиятлари, империя ҳукуматининг ўлкада мустамлака сиёсатини амалга оширишда ер эгалиги турлари ва мулкчилик муносабатларидаги ўзгаришлар, сув манбалари ва суғориш тизими аҳволи ҳамда қишлоқ хўжалигига оид аграр сиёсати метрополия манфаатларидан келиб чиққан ҳолда олиб борилганлиги маҳаллий аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига таъсири ва унинг оқибатлари каби жиҳатлардан “O‘zbekiston tarixi” телеканалида эфирга узатилган “Taqdimot” кўрсатуви сценарийсини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон” телерадиоканали давлат унитар корхонасининг 2020 йил 12 декабрдаги 02-40-1236-сон маълумотномаси). Кўрсатувда ўз аксини топган илмий материаллар телетомошабинларнинг Ўзбекистонда ер-сув муносабатлари тарихига доир билимларини оширишга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish