Sayt test rejimida ishlamoqda

Бекбергенова Гулаим Айжарыковнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри: «Ҳозирги қорақалпоқ тилида отнинг субъектив баҳо формалари», 10.00.03 – Қорақалпоқ тили (филология фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.4.PhD/Fil1050.
Илмий раҳбарининг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони: Қудайбергенов Мамбеткерим Сарсенбаевич, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Нукус давлат педагогика институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Қорақалпоқ давлат университети, DSc.03/30.04.2021.Fil.20.01.
Расмий оппонентларнинг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони: Абдиназимов Шамшетдин Нажимович, филология фанлари доктори, профессор; Нажимов Пердебай Айманович, филология фанлари доктори, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот номи: Навоий давлат педагогика институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ҳозирги қорақалпоқ тилида отнинг субъектив баҳо формалари, уларнинг табиати, семантикаси, ифодаланиш усуллари ва услубий ўзига хосликлари, этномаданий хусусиятларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:    
ҳозирги қорақалпоқ тилидаги аффиксация, отнинг келишик ва эгалик формалари, кўплик қўшимчалари, қўшма сўзлар, жуфт ва такрорий отлар, баъзи сўз туркумларининг от билан бирга келишининг (отларга «деген» феълини қўшиб қўллаш, «биреў» сони, «мыш/-миш-/емиш» юкламаси) субъектив баҳо ясашдаги сўзловчининг маълум кишига, предметга бўлган субъектив муносабати, позицияси, баҳоси кўрсатилиб, инсонлар ўртасидаги турли эмоционал муносабатларни ифодалаш каби функционал аҳамияти аниқланган; 
Қорақалпоқ тилидаги отнинг субъектив баҳо формалари оғзаки нутқда гапга қўшимча кичрайтириш, эркалаш, ҳурмат, камситиш, киноя, менсимаслик, ёмон кўриш, нафратланиш каби эмоционал-экспрессив бўёқ бериши исботланган; 
от субъектив баҳо шаклларининг синтетик (махсус аффикслар ва аффиксоидлар) ва аналитик формалар (қисқартма киши исмлари, атоқли киши исмларининг қариндошлик атамалари) билан бирикиб келиши ҳамда қўшма сўзлар ва грамматик категориялар (келишик ва эгалик) ёрдамида ясалиши (такрор ва жуфт сўзлар) далилланган;
субъектив баҳо ясовчи отларнинг ифодалайдиган маъноларига кўра кичрайтириш, эркалаш, ҳурмат, камтарлик, рағбат ва камситиш-киноя шакллари ажратилган ҳолда, бу маънолар махсус кичрайтириш аффикслари -ша//-ше, -шақ//-шек, -шық//-шик, эркалаш аффикслари –гене, -шақ, -лақ,-тай, ҳурмат, камтарлик, рағбат шакллари -ай/-ей, -й, -әке/ -еке, -шақ/ -шек, аффиксоидлар -жан, -хан, -тай, -әке/-еке, чиқиш келишиги, эгалик шакллари, шунингдек  киши исмларининг қариндошлик атамалари билан бирикиб  келиши ва киши исмларини қисқартириш орқали, такрор,  жуфт сўзлар ва баъзи сўз қўшиш ҳодисалари орқали ифодаланиши далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Қорақалпоқ тилида отнинг субъектив баҳо формаларини тадқиқ қилиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
ҳозирги қорақалпоқ тилидаги отнинг субъектив баҳо формаларининг ифодаланиш усуллари ва уларнинг функционал аҳамиятини аниқлаш натижалари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтида 2012-2016 йилларда бажарилган ФА-Ф1-Г003 рақамли «Ҳозирги қорақалпоқ тилида функционал сўз ясалиши» мавзусидаги лойиҳани амалга оширишда, айниқса от субъектив баҳо формаларининг шаклланиш жараёнлари, грамматик шаклларнинг субъектив баҳони ҳосил қилишдаги вазифаси тадқиқотда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг 2021 йил 21 апрелдаги 82/1-сон маълумотномаси). Натижада, қорақалпоқ тилидаги от субъектив баҳо формаларининг адабий тилга хос услубий қўлланилиши, орфографик, грамматик ўлчовлар асосида ёзилиши таъминланган;
субъектив баҳо формаларининг оғзаки нутқда гапга қўшимча эмоционал-экспрессив маъно бериш хусусиятлари қорақалпоқ халқининг миллий этика қадриятларини қайта тиклаш, этномаданиятини акс эттириш билан боғлиқ материаллар Қорақалпоғистон телерадиокомпаниясининг «Адабиёт бўстони», «Гавҳар сўзлар», «Ассалому алайкум, Қорақалпоғистон» ҳамда «Ёшлар учун», «Мерос» радиоэшиттиришлари орқали кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилган (Қорақалпоғистон Республикаси телерадиокомпаниясининг 2021 йил 20 апрелдаги 01-02/238-сон маълумотномаси). Натижада, от субъектив баҳо формаларининг сўз ясалиши, грамматик формаларнинг шаклланиши билан боғлиқ лингвистик маълумотлар ва материалларнинг кенг жамоатчиликка таништирилиши орқали кўрсатув ва эшиттиришларнинг маданий-маърифий аҳамиятининг оширилишига эришилган;
от субъектив баҳо шаклларининг синтетик, аналитик формалар ва грамматик категориялар ёрдамида ясалиши Бердақ номидаги Қорақалпоқ адабиёти тарихи давлат музейида шоир ижодида ўз аксини топган субъектив баҳо шаклларининг лингвистик таҳлилига оид илмий маълумотлар олишда самарали фойдаланилган (Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2021 йил 19 апрелдаги 2-03/800-сон маълумотномаси). Натижада, шоир Бердақ асарлари матнидаги субъектив баҳо формаларининг семантик, услубий вазифалари, эмоционал-экспрессивликнинг ифодаланиши, уларнинг шаклланишида халқ тилининг тутган ўрни, илмий салмоғи ҳақида батафсил маълумотлар беришга эришилган;
субъектив баҳо формалари ижтимоий асослар билан боғлиқ амалий тавсиялар тарзида  кичик мактаб ёшидаги болалар билан дискурсларда оғзаки нутқ услубида услубий хатоларни бартараф этишда фойдаланилган (Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг 2021 йил 19 апрелдаги 02-01/5-1954-сон маълумотномаси). Натижада, кичик мактаб ёшидаги ўқувчилар билан дискурсларда мактаб ўқувчилари билан ишлаш жараёнида амалиётга адабий тил меъёрлари татбиқ этилган ва ёш авлодни миллий-маънавий қадриятлар асосида тарбиялашда, сўз этикети меъёрларини сақлаш, услубий қоидалар асосида фикр алмашишига эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish