Sayt test rejimida ishlamoqda

Исомиддинов Юнусжон Юсуббоевичнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Коррупциянинг давлат ва жамият бошқаруви барқарорлигига таъсирини камайтириш механизмлари (ижтимоий-фалсафий таҳлил)”, 09.00.04 – Ижтимоий фалсафа (фалсафа фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.1.PhD/Fal419.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат чет тиллар институти. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Самарқанд давлат университети, DSc.03/30.12.2019.F.02.02. 
Илмий раҳбар: Ғайбуллаев Отабек Мухаммадиевич, фалсафа фанлари доктори, профессор. 
Расмий оппонентлар: Яхшиликов Жўрабой Яхшиликович, фалсафа фанлари доктори, профессор; Мухторов Азамат, фалсафа фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Термиз давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади коррупциянинг давлат ва жамият бошқарувидаги таъсирини камайтиришда ижтимоий институтлар ҳамкорлигининг самарадорлигини ошириш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат ва жамият бошқаруви сиёсатини кенг жамоатчилик онгига трансформациялашнинг рақамли ва ошкораликка асосланган мезони ҳамда тарғибот-ташвиқот ва таълим-тарбия тизими фаолиятига янада кўпроқ эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ эканлиги фалсафий жиҳатдан далилланган;
коррупцияни ижтимоий ҳодиса сифатида тушунишга оид бугунги ҳуқуқий, илмий, фалсафий ёндашувлар бевосита ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, ҳалоллик, ўзини тийиб туриш, ватанпарварлик, касбга ва меҳнатга содиқлик, инсоний қадриятларни эъзозлаш каби ҳис-туйғуларни янада оширишнинг концептуал устуворлиги асосланган;
коррупциянинг ижтимоий воқеликдаги таъсирини камайтиришда объектив, субъектив омиллар аралашувини йўқотиш, ривожланган мамлакатлар тажрибасидан самарали фойдаланиш, қонун устуворлигини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш механизмларини  оптималлаштириш зарурияти фалсафий жиҳатдан асосланган; 
коррупцияга қарши курашда фуқаролик жамияти институтларининг жамоатчилик назорати, тартибга солиш, чора кўриш (уялтириш, жамоада ошкор қилиш) сингари функционал механизмларининг услубий, методологик, амалий жиҳатларини янада такомиллаштириш бирламчи асосга эга эканлиги мантиқий далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Тадқиқот натижасида коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат ва жамият бошқаруви механизмларини ривожлантиришга доир ишлаб чиқилган илмий натижалар асосида:
коррупциянинг замонавий жамият ҳаётидаги ўрни, ижтимоий воқеликнинг қурилиши ва ижтимоий воқеликнинг демитологизацияси назариясини ижтимоий-фалсафий таҳлилини ўтказишга имкон берадиган услубий ёндашувларга доир тавсиялардан “Миллий ғоя тарихи ва назарияси” номли дарслигининг “Миллий ғоя типологияси”  ва “Ёт зарарли ғояларнинг кўринишлари, уларнинг олдини олишда миллий ғоянинг ўрни ва аҳамияти” деб номланувчи 20-бобини тайёрлашда фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 2 ноябрдаги 89-03-4337-сон маълумотномаси). Натижада, давлат ва жамият бошқарувида коррупцияга қарши курашиш жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги оширишга хизмат қилган;
коррупцияга қарши курашда ахлоқий нормаларнинг асосий таркибий қисмлари (ҳаромдан ҳазар қилиш, бировнинг ҳаққини емаслик, ҳалоллик) ва ички механизмлар (уялтириш, жамоада ошкор қилиш)нинг самарадорлиги аниқланганлигига доир таклиф –тавсиялардан Самарқанд давлат чет тиллар институти билан ҳамкорликда Европа Иттифоқи Эрасмус+ дастурининг 2016-2018 йилларга мўлжалланган 561624-ЕРР-1-2015-UK-EPPKA2-CBHE-SP-ERASMUS + CBHE IMEP: “Ўзбекистонда олий таълим тизими жараёнларини модернизациялаш ва ҳалқаролаштириш” номли инновацион тадқиқотлар  гранти лойиҳасининг ижросини таъминлашда фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 3 ноябрдаги 89-03-5297-сон маълумотномаси). Натижада, давлат бошқарувида коррупциянинг олдини олишда ёш кадрлар учун мантиқий тафаккур ва инновацион ғояларнинг зарурлигини ҳал қилишда самарали хизмат қилган;
коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларнинг самарадорлигини оширишда давлат ва жамият бошқаруви сиёсатини кенг жамоатчилик онгига сингдириш бўйича механизмлар ишлаб чиқилганлигига оид тавсиялардан Самарқанд вилояти телерадиокомпаниясида 2020 йил 12  октябрь куни эфирга узатилган “Кун мавзуси” кўрсатувининг навбатдаги сони сценарийсини тайёрлашдафойдаланилган (Самарқанд вилояти телерадиокомпаниясининг 2020 йил 3 ноябрдаги 09-01/320-сон маълумотномаси). Натижада, олинган маълумотлар давлат ва жамият бошқарувида коррупцияга қарши курашиш механизмларини фуқаролар ижтимоий онгига сингдирилишига хизмат қилган;
коррупциянинг ижтимоий ҳодиса сифатида тушунишга оид турли ёндашувлар таҳлил қилинганлиги, унинг фуқаролик жамияти институтлари концептуал илмий аппаратини такомиллаштиришдаги зарурати аниқланганлигига доир илмий, амалий ва методологик ғоялари, таклиф ва тавсияларидан Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг Самарқанд вилоятидаги 1097 та маҳалла фуқаролар йиғинларида фаолият олиб бораётган ходимлар ўртасида коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан тадбирлар сценарийларини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг 2020 йил 14 ноябрдаги 02-04/1561-сон маълумотномаси). Натижада, коррупциянинг жамиятга таҳдиди ва унинг маҳаллалар фаолиятида қонунлардан ташқарида амал қилишига қарши курашишга хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish