Бобомирзаев Пирназар Хурсановичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзбекистоннинг жанубий минтақасида қаттиқ буғдой етиштириш технологиясини мақбуллаштириш», 06.01.08–Ўсимликшунослик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.DSc/Qx23.
Илмий маслаҳатчи: Халилов Насриддин, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд қишлоқ хўжалик институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти, DSc.27.06.2017.Qx.42.01.
Расмий оппонентлар: Атабаева Ҳалима Назаровна, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Сиддиқов Равшанбек Иномжонович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори; Ибрагимов Одилжон Олимжонович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Қашқадарё вилоятининг суғориладиган ва лалмикор ерлари шароитида қаттиқ буғдой навларидан юқори ва сифатли дон ҳосили олишни таъминлайдиган агротехнологик тадбирлар мажмуини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор республиканинг жанубий минтақаси суғориладиган ерларида Давлат реестрига киритилган қаттиқ буғдой навларининг биологик хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда етиштириш технологияси элементлари мақбуллаштирилган;
жанубий минтақалар суғориладиган ва лалми ерлари шароитида қаттиқ буғдой навларининг ўсиши, ривожланиши, илдиз тизими шаклланиши, фотосинтетик фаолияти, дон ҳосили ва сифати аниқланган ҳамда мос навлари танланган;
қаттиқ буғдойдан мўл ва сифатли дон етиштиришни таъминлайдиган суғориладиган ерларда Давлат реестрига киритилган қаттиқ буғдой навларнинг мақбул экиш меъёри ва муддати, суғориш тартиби ва минерал ўғитларни қўллаш меъёрлари аниқланган;
қаттиқ буғдой навларини лалмикорлик шароитида етиштиришда экиш ва минерал ўғитлар билан озиқлантириш меъёрлари аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Республиканинг жанубий минтақалари шароитида қаттиқ буғдой етиштириш агротехнологиясини мақбуллаштириш бўйича олиб борилган тадқиқотлар асосида:
Ўзбекистоннинг жанубий минтақасида қаттиқ буғдой етиштириш технологиясини мақбуллаштириш бўйича «Суғориладиган ерларда қаттиқ буғдой етиштириш технологияси», «Лалмикор ерларда буғдой етиштириш технологияси» мавзуларидаги тавсияномалар ишлаб чиқилган (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2017 йил 2 октябрдаги 02/23-520-сон маълумотномаси). Бунда фермер хўжаликларида қаттиқ буғдой етиштириш технологиясини мақбуллаштириш бўйича зарур тавсиялар берилган;
Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг суғориладиган ва лалмикор ерларидаги фермер хўжаликларида 2011–2016 йилларда қаттиқ буғдойнинг Давлат реестрига киритилган навларини етиштиришнинг мақбул агротехнологияси 1070,8 гектар майдонга жорий этилган (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2017 йил 2 августдаги 02/09-4250-сон маълумотномаси). Бунда қаттиқ буғдойни етиштиришда мақбул агротехнология қўлланганда анъанавий усулга нисбатан суғориладиган ерларда қаттиқ буғдойдан 12,2–13,8 центнергача қўшимча дон ҳосили ва гектаридан 812,1–918,6 минг сўмгача, лалмикор ерларда эса 4,2–4,8 центнер қўшимча дон ҳосили ва 279,5–319,5 минг сўмгача қўшимча соф даромад олишга эришилган.