Sayt test rejimida ishlamoqda

Боқиев Анвар Ахмедовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Окс цивилизациясининг ижтимоий характери”, 07.00.01– Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.1.PhD/Tar.601.
Илмий раҳбар: Шайдуллаев Шопўлат Бозорович, тарих фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Термиз давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Термиз давлат университети, PhD.03/30.12.2019.Tar.78.02.
Расмий оппонентлар: Абдуллаев Уткир Исмаилович, тарих фанлари доктори (DSc), доцент; Аллаева Нигора Ашировна, тарих фанлари доктори, катта илмий ходим. 
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Окс цивилизацияси ривожланиш босқичларини ва ижтимоий характерини ёзма ва археологик манбалар асосида очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Ўзбекистон тарихини даврлаштиришда археологик, хронологик, этнографик, сулолавий, формацион ҳамда цивилизациявий ёндашувлар таққосланиб, ижтимоий ва моддий ҳаётнинг эволюцион тараққиётини кўрсатувчи, ушбу жараёнларда халқ оммасининг тутган ўрнини яққол очиб берадиган цивилизациявий усулнинг мақбуллиги асосланган;
Окс цивилизациясининг ижтимоий ва моддий белгилари аниқланиб, унинг Қадимги Шарқ цивилизацияларидан фарқ қилувчи ўзига хос жиҳатлари, жумладан меъморчиликда йирик ғиштлардан уйлар, сарой ҳамда ибодатхоналар бунёд этилганлиги, фортификацияда уч қаторли мудофаа деворларининг лабиринт тизимда қурилганлиги (Сополлитепа, Даштли), гипс, тупроқ ва сомон қоришмасидан пол ясаш ва деворларни суваш анъанасининг кузатилганлиги, тақинчоқлар ясашда техник жиҳатдан кескин фарқ қилувчи усуллар ҳамда жинсий дифференция, майитларга муносабатдаги доимий инновацияларнинг қабул қилинганлиги очиб берилган;
Окс цивилизациясининг тадрижий тараққиётида маҳаллий илдизлар ва миграцияларнинг катта роль ўйнаганлиги, милоддан аввалги III минг йиллик охири-II минг йиллик давомида Мурғоб, Сурхон, Даштли, Вахш ҳамда Кафирниҳон воҳаларининг ўзлаштирилганлиги ва бу аҳолининг ўзига хос юқори моддий маданият яратганликлари, Месопотамия ва Ҳиндистон билан яқин маданий алоқада бўлганликлари, Жанубий Туркманистоннинг Олтинтепа ва бошқа бир қатор ёдгорликларида Окс цивилизациясининг маҳаллий илдизлари вужудга келганлиги далилланган;
Окс цивилизацияси аҳолиси ўртасида милоддан аввалги 1600-1500 йиллардан бошлаб ашёвий ёзувнинг кенг тарқалганлиги, Шимолий Афғонистоннинг Даштли, Жанубий Туркманистоннинг Ахалтекин ва Мурғоб воҳасидаги Намозгоҳ VI даври ва Жанубий Ўзбекистоннинг Сополлитепа (29 та белги), Жарқўтон (52 та белги), Арабулоқ, Тиллабулоқ ҳамда Ғоз ёдгорликларида аниқланган пиктографик белгилар асосида Марказий Осиёда ёзувнинг бронза даврида шаклланганлиги асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Окс цивилизацияси ижтимоий характери мавзуси бўйича олиб борилган тадқиқот иши асосида:
Окс цивилизациясининг моддий ва ижтимоий белгилари аниқланиб, унинг Қадимги Шарқ цивилизацияларидан фарқ қилувчи ўзига хос жиҳатлари қиёсий таҳлил қилиш асносида қўлга киритилган маълумотлар Сурхондарёнинг туристик объектлари бўйича тайёрланган тарғибот материалларини янги маълумотлар билан бойитиб боришда ҳамда янги тадқиқотлар натижаларига бағишланган илмий кўрсатувларни ёритишда кенг фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2020 йил 4 сентябрдаги 05-16/4084-сон маълумотномаси). Натижада, Ўрта Осиё минтақасининг жанубий ҳудудларида бронза даври жамоаларининг миграцияси, ўтроқ турмуш тарзи, хўжалик ҳаёти, пиктографик белгилар ҳақидаги маълумотлар таҳлили бронза даврида минтақа аҳолиси ҳаётида қўлланилган қадимги ёзув тўғрисида томошабинларда қўшимча маълумотлар ўзлаштирилишига хизмат қилган;
Ўзбекистон тарихида бронза даври маданиятларига илк цивилизациялашув жараёнлари кечган давр сифатида ва археология фанида Сополли, Намозгоҳ, Даштли каби номлар билан аталаётган маданиятларга нисбатан цивилизация нуқтаи назардан қараш тушунчалари бўйича берилган маълумотлардан «Ўзбекистон тарихи» телеканалининг «Мавзу» ва «Тақдимот» кўрсатувларининг сценарийларини ёзишда фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси «Ўзбекистон телерадиоканали» ДУКнинг 2021 йил 30 апрелдаги 02-40-660-сон маълумотномаси). Натижада ушбу кўрсатувлар кенг жамоатчилик ўртасида Ўрта Осиёнинг стратегик жиҳатдан қулай ўрнини ишғол этган Ўзбекистон ҳудудларида илк шаҳар-давлатлар вужудга келишининг тарихий омиллари, Окс цивилизациясининг шаклланиши, тараққиёт босқичлари ҳамда инқирозга юз тутиши сабабларини кенгроқ тушунишга имкон берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish