Мамажанов Рустам Рахимжановичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Темир йўл кўприклари оралиқ қурилмалари ресурсини ҳисоблаш усулларини техник диагностика натижалари асосида такомиллаштириш», 05.09.02–Асослар, пойдеворлар, ер ости иншоотлари. Кўприклар ва транспорт тоннеллари. Йўллар, метрополитенлар (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.PhD/Т123.
Илмий раҳбар: Ишанходжаев Абдурахман Асимович, техника фанлари доктори, профессор, академик.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплутацияси институти, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети, DSc.27.06.2017.Т.09.01.
Расмий оппонентлар: Рашидов Турсунбай, техника фанлари доктори, профессор, акдемик; Рузиева Мафура Васиковна, техника фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Тошкент темир йўл муҳандислари институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: эксплуатация қилинаётган темир йўл кўприкларидаги металл оралиқ қурилмалар ресурсини техник диагностика натижалари асосида ҳисоблаш усулларини такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
оралиқ қурилмаларни қуриш ва эксплуатация қилиш босқичида нуқсон ва шикастланишларнинг юз бериш сабабларини техник диагностика натижалари асосида аниқлаш усуллари ишлаб чиқилган;
ишқаланиш коэффициенти f асосида узеллардаги нотекисликлар ҳисобига ҳосил бўладиган шикастланишлар концентрация даражаси аниқланган;
техник диагностика натижалари асосида эксплуатациядаги темир йўл металл оралиқ қурилмаларнинг қолдиқ ресурсини ҳисоблаш усули ишлаб чиқилган;
эксплуатация жараёнида ҳосил бўлган шикастланишларни ҳисобга олган ҳолда оралиқ қурилмалар ресурсини ҳисоблаш усули, шикастланишлар тўпланиш назарияси асосида такомиллаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Темир йўл кўприклари оралиқ қурилмалари ресурсини ҳисоблаш усулларини такомиллаштириш бўйича олинган натижалар асосида:
техник диагностика натижалари асосида темир йўл металл оралиқ қурилмалар ресурсини ҳисоблаш усули «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ тасаруфидаги «Тошғузор-Бойсун-Қумқўрғон» темир йўл линиясидаги бешта металл кўприкларни лойиҳалаш жараёнига жорий этилган («Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг 2017 йил 4 сентябрдаги НГ/4034-17-сон маълумотномаси). Илмий натижанинг қўлланилиши лойиҳалаш жараёнида кўприк элементлари нуқсонларни тавсифлаш орқали 7–8% оралиғида маблағ тежаш ҳамда кўприк металл оралиқ қурилмалар ресурсини ҳисоблаш усулларини такомиллаштириш имконини берган;
мавжуд сунъий иншоотларни текшириш ва техник ҳолатини аниқлаш усули «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг йўл хўжалиги бошқармасига тегишли барча йўл ташкилотларига жорий этилган (Йўл хўжалиги бошқармасининг 2017 йил 10 августдаги 2013-П-сон маълумотномаси). Ушбу тадқиқотларни жорий этиш натижасида таъмирлаш сифатини ошириш, эксплуатация жараёнида харажатларни 10–12%га камайтириш, меҳнат унумдорлигини 15–20% ошириш имконини берган.