Sayt test rejimida ishlamoqda

Маҳмадиёрова Чаросхон Эркиновнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Алмашинган дезоксипеганинлар ва уларнинг кислородли аналоглари синтези ҳамда реакциялари», 02.00.03 - Органик кимё (кимё фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.2.PhD/К112.
Илмий раҳбар: Элмурадов Бурхон Жураевич, кимё фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассасалар номи: Қарши давлат университети, Ўсимлик моддалари кимёси институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўсимлик моддалари кимёси институти, DSc.02/30.01.2020.К/Т.104.01.
Расмий оппонентлар: Махсумов Абдухамид Ғофурович, кимё фанлари доктори, профессор; Ходжаниёзов Хамид Уткирович, кимё фанлари доктори, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: моно- ва диалмашинган-дезоксипеганинлар, уларни айрим кислородли аналогларининг такомиллашган синтез усулларини ишлаб чиқиш, уларнинг мақсадли кимёвий модификациясини амалга ошириш, олинган натижаларни ўзаро таққослаш, синтез қилинган бирикмаларнинг тузилишини, физик-кимёвий ва биологик хоссаларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
дезоксипеганин, дезоксивазицинон ва унинг айрим гомологларини нитролаш реакциялари субстратлар тузилиши ва нитроловчи аралашма концентрациясига боғлиқ ҳолда кетиб тегишли моно- ёки динитро-ҳосилалар ҳосил бўлиши кўрсатиб берилган;
синтез қилинган моно- ва динитро-хиназолинларни турли шароитда қайтариш реакциялари уларнинг кислородли аналоглари - нитро-хиназолонларга нисбатан секин ва қийинроқ кетиши аниқланган; дезоксипеганинни ароматик альдегидлар билан реакцияси альдегидларнинг тузилишига қараб арилиден- ёки молекуласида хирал марказ сақлаган бирикмалар ҳосил бўлиши асослаб берилган;
алмашинган дезоксивазицинонлар ва макиназолинонлар қаторида альдегидлар билан конденсация реакцияларида асосли (ТЭА) ва ишқорий (NaOH) катализаторлар иштирокида фақат арилиден-маҳсулотлар ҳосил бўлиши аниқланган;
дезоксипеганиннинг молекуляр бром билан таъсирлашиши унинг кислородли аналогларига ўхшаш тарзда кетиши исботланган;
илк бор турли табиатли ўринбосар тутган макиназолинонлар мисолида кристалл тузилишларида молекуляр ўзаро таъсирлар аниқланган;
илк маротаба бром атоми ва амино гуруҳлари сақлаган хиназолонлар ва хиназолинлар иштирокида кросс-бирикиш ва диазотирлаш/кросс-бирикиш реакциялари бориши кузатилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Алмашинган трициклик хиназолинлар, хиназолонлар ва уларнинг янги ҳосилаларини синтез қилиш, кимёвий ўзгаришларини, олинган бирикмаларни тузилишини ва биологик хоссаларини аниқлаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
(4-нитрофенил)(1,2,3,9-тетрагидропирроло[2,1-b]хиназолин-3-ил) метанол моногидрат, 2-амино-6,7,8,9-тетрагидро-11Н-пиридо[2,1-b]хиназолин-11-он ва 2-нитро-6,7,8,9-тетрагидро-11Н-пиридо[2,1-b]хиназолин-11-онларнинг РТТ натижалари Кембридж марказий кристаллографик маълумотлар базасига киритилган (The Cambridge Structural Database, https://www.ccdc.cam, CCDC 834525, 2074781, 2074782). Натижада базага киритилган янги бирикмалар ўхшаш моддаларни тузилишини аниқлаш имконини берган;
аминодезоксипеганинлар синтези ва уларни ациллаш усуллари ВА-ФА-Ф- 11-110 рақамли “Ацетиламинобензимидазол асосида юқори самарали антигельминт препарат олиш технологиясини ишлаб чиқиш” мавзусидаги инновацион лойиҳада аминобензимидазолнинг 2-ацетил- ва -бензоил- аминоҳосилаларини синтез қилишда фойдаланилган (Фанлар академиясининг 2021 йил 22 сентябр №4/1255-2597 сонли маълумотномаси). Натижада биологик фаол 2-алмашинган-аминобензимидазолларни синтез қилишнинг самарали усулларини яратиш имконини берган;
1,2,3,9-тетрагидропирроло[2,1-b]хиназолин-7-сульфонамид, 9-оксо-1,2,3,9- тетрагидропирроло[2,1-b]хиназолин-7-сульфонамид, 9-оксо-1,2,3,9-тетрагидро- пирроло[2,1-b]хиназолин-7-сульфонилхлоридларни металл конструкциялар ва қурилмалар биокоррозиясига қарши ингибитор сифатида “Муборак газни қайта ишлаш заводи” МЧЖ да амалиётга жорий этилган (Муборак газни қайта ишлаш заводининг 2021 йил 23 июлдаги №732/GK-07-сонли маълумотномаси). Натижада, металл конструкциялари ва қурилмаларининг эксплуатацион хоссаларини ошириш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish