Пардаев Азамат Бахроновичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзбек тили ёрдамчи сўз туркумларининг лисоний тизимдаги ўрни ва лингвопрагматикаси», 10.00.01–Ўзбек тили (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.DSc/Fil7.
Илмий маслаҳатчи: Каримов Суюн Амирович, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, DSc.27.06.2017Fil.19.01.
Расмий оппонентлар: Собиров Абдулҳай Шукурович, филология фанлари доктори, профессор; Маматов Абдимурод Эшонқулович, филология фанлари доктори, профессор; Набиева Дилора Абдуҳамидовна, филология фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Фарғона давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади: ўзбек тили ёрдамчи сўзларининг лисоний тизимдаги мақомини аниқлаштириш, уларнинг бойиш манбалари ва усуллари, тарихий-тадрижий тараққиёти ҳамда функционал-стилистик ва субстанциал-прагматик хусусиятларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
формал, субстанциал ва дискурсив таҳлил усуллари ёрдамида ёрдамчи сўзларнинг субстанциал-прагматик хусусиятлари аниқланган;
ўзбек тилидаги ёрдамчи сўзларнинг шаклланиш босқичлари ва вазифавий-семантик хусусиятлари очиб берилган;
ёрдамчи сўзларнинг тил соҳиблари томонидан сўз сифатида қабул қилиниб, грамматик вазифа бажаришга хосланганлиги асосланган;
мустақил лексемаларнинг ёрдамчи сўзларга ўтишида грамматикализация ҳодисасининг алоҳида роли мавжудлиги аниқланган, улардаги умумий ва хусусий грамматик маъно муносабатлари ойдинлаштирилиб, бу бирликларнинг «сўз» – «морфема» зидланишида оралиқ учинчи мавқеда эканлиги далилланган;
ёрдамчи сўз туркумларининг ўзаро (кўмакчининг боғловчига, боғловчининг юкламага, юкламанинг боғловчига) кўчиши асосланган ва бу бирликларда пресуппозитив ишора мавжудлиги аниқланган;
формал, субстанциал ва дискурсив таҳлил усулларини биргаликда қўллаш натижасида ёрдамчи сўзлар шакл-вазифа жиҳатидан тизимий таснифланган ва ўнга яқин параметр бўйича очиб берилган;
ёрдамчи сўзларнинг матнда муаллифнинг бадиий ниятини юзага чиқариш билан боғлиқ турли хил прагматик мазмунлар ифода этиши далилланган ва юкламаларда янги матнни «жонлантириш», унга дискурс руҳини бериш каби вазифа шаклланаётганлиги асосланган;
ўзбек адабий тили алоқа имкониятларининг кенгайиб бораётганлиги натижасида барча сўз туркумлари қаторида ёрдамчи сўзларнинг таркибига ҳам янги-янги бирликлар киритилаётганлиги ва уларнинг грамматик ҳамда прагматик имкониятлари ҳам ортиб бораётганлиги аниқ мисоллар ёрдамида очиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Ёрдамчи сўзлар (кўмакчи, боғловчи, юкламалар)нинг тил ва нутқдаги ўрни, аҳамияти, формал, субстанциал ва прагматик хусусиятларини очиб бериш жараёнида маънавий-маърифий тизимни такомиллаштириш бўйича белгиланган тадбирлар асосида:
тилимиздаги 100 дан ортиқ мустақил сўзлар (тақдирда, қўлтиғида, гирдида, домида, замирида, заминида, замонда, касрига, кезларда, оғушида, паллада, қирғоғида, қўйнида, ҳолатда, ниятида, оқибатда, маҳалда, теграсида каби) семантик структурасида ёрдамчилик вазифаси шаклланганлигини кўрсатишга, 40 дан ортиқ ёрдамчи сўзларнинг (аммо, ва, лекин, бироқ, -у, -ю, -да, -ми, -чи, -ку, агар, гарчи, башарти, гўё, гўёки, гарчанд, балки, мабодо, шекилли, на..., на... каби) бошқа ёрдамчи сўз туркумларига доимий кўчиб туришини изоҳлашга оид хулосалардан ФА-Ф8-034 рақамли «Ўзбек тили лексикаси ва терминологиясининг ривожланиш тамойиллари» фундаментал лойиҳа доирасида кўп жилдли «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да фойдаланилган (Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасининг 2016 йил 4 июлдаги ФТК-03-13/439-сон маълумотномаси). Илмий натижалар асосида кўплаб луғавий бирликларнинг изоҳлари мукаммаллаштирилган;
айрим атамаларнинг (ёрдамчи сўз, кўмакчи, боғловчи, юклама каби) тавсифини такомиллаштиришда, ёрдамчи сўзларнинг семантик ва грамматик, функционал-стилистик имкониятларини аниқлашга оид назарий хулосалар ФА-Ф1-ГО41 рақамли «Ўзбек тили лексикаси ва терминологиясининг мустақиллик даври тараққиётини тадқиқ этиш» (2012–2016) номли фундаментал лойиҳага татбиқ этилган (Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасининг 2016 йил 17 октябрдаги ФТК-0313/693-сон маълумотномаси). Илмий натижалар асосида ўзбек тили терминлар тизими бойиган, ёрдамчи бирликлар маънолари очиб берилган;
кўпвазифалилик, серқирраликнинг моҳиятини тушунтиришда ёрдамчи сўзлардаги умумийлик-хусусийлик муносабати, улардаги хусусий маънонинг сон-саноқсиз бўлиши нутқий имкониятларнинг чексизлигини таъминлашига оид назарий хулосалар 7Ф-4.13 рақамли «Шарқ мумтоз адабиётида комил инсон концепцияси» (2003–2007) номли фундаментал лойиҳага қўлланилган (Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасининг 2016 йил 10 ноябрдаги ФТК-0313/784-сон маълумотномаси). Илмий натижалар асосида бирликнинг серқирралик моҳияти ёритиб берилган;
Самарқанд вилоят телерадиокомпаниясининг «Таълим ва тараққиёт», «Жараён», «Талқин»,«Тафаккурдан томган томчилар» кўрсатувлари ҳамда «Мутахассис маслаҳат беради» эшиттиришларида тадқиқотчи томонидан тавсия этилган тил тараққиётидаги ўзгаришлар, мулоқот жараёни, ёрдамчи сўзларнинг нутқни безаш хусусияти, матндаги вазифаси билан боғлиқ айрим мулоҳазалари ҳамда тил имконияти, сўзловчининг сўз танлаш маҳоратига оид фикрларидан фойдаланилган (Самарқанд вилоят телерадиокомпаниясининг 2017 йил 11 сентябрдаги 05-15/1056-сон маълумотномаси). Натижада айни кўрсатувларнинг илмий-оммабоплиги таъминланган ва янги манбалар билан бойиган.