Sayt test rejimida ishlamoqda

Хамраева Хулкар Хамидуллаевнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Ўзбек миллий рақс санъати терминлари тадқиқи», 10.00.01–Ўзбек тили (филология фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.3.DSc/Fil236.
Илмий раҳбар: Сайфуллаева Раъно Рауфовна, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Бухоро давлат университети, DSc.03/04.06.2021.Fil.72.09.
Расмий оппонентлар: Саидов Ёқуб Сиддиқович, филология фанлари доктори, профессор; Худайберганова Дурдона Сидиковна, филология фанлари доктори, профессор; Пардаев Азамат Бахронович, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Фарғона давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ўзбек миллий рақс санъати терминологиясининг мукаммал луғатини шакллантириш ва ўзбек лексикологиясидаги мавқеини белгилашдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ўзбек миллий рақс санъати терминларининг мазмуни, шакли, тузилиши, таркиби бўйича моҳияти очиб берилган ва уларнинг лексик сатҳдаги ўрни аниқланган, номинатив бирликларни яратиш тамойиллари далилланган;
ўзбек тилида миллий рақс санъати лексикаси муаммоси ҳамда терминлар тизими “Махсус мақсадли тил” концепциясининг таркибий қисми сифатида профессионал тил элементлари эканлиги асосланган;
миллий-маданий гуруҳни характерловчи рақс, либос ва безакларнинг ўрни, терминологик структурадаги ички гуруҳларни ифодаловчи номларнинг ўхшаш, фарқли ва ўзига хос хусусиятлари аниқланган;
ўзбек миллий рақс санъати терминларининг лексик-семантик, лингвокультурологик ва социолингвистик табиати вилоятлар кесими асосида далилланиб, ҳудудий рақс мактабларига оид терминологик бирликлар таркибий ва мазмуний жиҳатдан фарқланиши социолектлар тушунчаси доирасида асосланган;
Хоразм, Фарғона-Тошкент, Бухоро-Самарқанд рақс мактабларига оид рақс номлари артионимлар гуруҳига мансуб ономастик бирликлар исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбек миллий рақс санъати терминларини тадқиқ қилиш жараёнида олинган илмий натижа ва хулосалар асосида: 
ўзбек миллий рақс санъати терминологиясига оид хулосаларда А1-ХТ-О92997-сон “Ёшларни умуминсоний, миллий ва тарихий қадриятлар уйғунлиги асосида маънавий- ахлоқий тарбиялашнинг муаммолари” мавзусидаги лойиҳада фойдаланилган (Олий ва ўрта ўрта махсус таълим вазирлиги Ўзбекистон педагогика илмий-тадқиқот институти Қорақалпоғистон филиалининг 2021 йил 14 сентябрдаги 181-сон маълумотномаси). Натижада талаба-ёшлар ўзбек миллий рақс санъати терминлари, уларнинг лингвокультурологик тадқиқи хусусида маълумотга эга бўлишган;
миллий рақс санъати лингвокультурологиясига оид таклиф ва тавсияларидан Республика Маънавият ва маърифат марказининг 2020-2021 йилларда ўтказилган тарғибот фаолияти доирасида ҳамда 2017-2020 йилларда амалга оширилган “Шарқ Ренессанси даври алломалари ва мутафаккирлари асарларининг илмий-фалсафий ва бадиий-лингвистик тадқиқи” ҳамда “Глобаллашув шароитида тинчлик ва барқарорликка таҳдид солувчи ғоявий, мафкуравий ва ахборот хуружларига қарши курашнинг замонавий механизм ва технологияларини яратиш” мавзусидаги давлат грантларини амалга оширишда фойдаланилган (Республика Маънавият ва маърифат марказининг 2021 йил 10 сентябрдаги 02/08-1077-сон маълумотномаси). Натижада маърузалар ва мавзулар кўламининг бойишига, миллий рақс терминларининг лексик-семантик маъно гуруҳларини аниқлашга эришилган;
ҳудудий рақс мактабларига оид терминологик бирликлар таркибий ва мазмуний жиҳатдан фарқланиши хусусидаги илмий хулосалардан ФА-ФI-Г003-сон “Ҳозирги қорақалпоқ тилида функционал сўз ясалиши” мавзусидаги фундаментал тадқиқотни бажаришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар  илмий-тадқиқот институтининг 2021 йил 15 сентябрдаги 17-01-1215-сон маълумотномаси). Натижада қорақалпоқ миллий рақс санъати терминларининг бадиий-эстетик хусусиятлари миллий қадриятлар билан боғлиқлиги асосланган;
ўзбек луғатчилигида тил ва маданият муштараклигини таъминловчи лингвистик бирликлар тавсифи хусусидаги хулосалардан 5221000 – Филология ва тилларни ўқитиш (ўзбек тили) бакалавриат таълим йўналиши учун мўлжалланган “Ҳозирги ўзбек тили” (муаллиф Б.Менглиев) дарслигида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2021 йил 8 сентябрдаги 02-1489-сон маълумотномаси). Натижада луғатчилик ва терминология мавзусидаги маърузаларнинг илмийлиги таъминланган;
фольклор рақслари ва маросим рақсларига оид терминларни аниқлаш,ўрганиш ва тадқиқ қилиш, уларнинг лисоний салоҳияти параметрларини ҳисобга олиш тил-ифода тасвир воситалари ҳамда миллий қадриятлар ва анъаналарнинг лингвокультурологияси ҳақидаги назарий фикр ва амалий тавсиялардан Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтида 2017-2020 йилларда бажарилган ФА-Ф-I-005-сон “Қорақалпоқ фольклоршунослиги ва адабиётшунослиги тарихини тадқиқ этиш” мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтининг 2021 йил 13 сентябрдаги 241/1-сон маълумотномаси). Натижада лойиҳа доирасида тайёрланган монографияларнинг маросим рақслари ҳақидаги бобларининг илмий савиясини оширишга эришилган;
ўзбек миллий рақс санъати терминларининг моҳияти ҳамда уларнинг лексик сатҳдаги ўрнини аниқлаштириш, номинатив бирликларнинг тизимли таснифини яратиш билан боғлиқ жиҳатлари хусусидаги назарий хулосалардан ЎзМТРК «O’zbekiston» телерадиоканалининг «Таълим ва тараққиёт», ”Бедорлик”, «Адабий жараён» радиодастурларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси «O’zbekiston» телерадиоканалининг 2021йил 2 июндаги 89-03-1213-сон маълумотномаси). Натижалар тингловчиларнинг замонавий тилшунослик ва терминология масалалари борасидаги билимларини такомиллаштиришга хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish