Sayt test rejimida ishlamoqda

Ражабова Маърифат Бақоевнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Алишер Навоий ижодида фольклор жанр, мотив ва образлар стилизацияси», 10.00.02 – Ўзбек адабиёти (филология фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.2.DSc/Fil220.
Илмий раҳбар: Ўраева Дармон Саидаҳмедовна, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат университети. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Бухоро давлат университети. DSc.03/04.06.2021.Fil.72.09.
Расмий оппонентлар: Қаюмов Олим Садириддинович  филология фанлари доктори, доцент; Дилором Салоҳий, филология фанлари доктори, профессор; Юсупова Дилнавоз Раҳмоновна, филология фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Қарши давлат  университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Алишер Навоийнинг ўз ижтимоий, тасаввуфий қарашларини фольклорнинг анъанавий жанр, мотив, образларини новаторона услубда стилизация қилиш орқали бадиий ифодалаш маҳоратини очиш асосида ўзбек мумтоз адабиётида жанрларнинг бойитилиш йўллари, поэтик қонуниятлари, шаклий-услубий янгиланишларнинг омиллари, фольклоризм типларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Алишер Навоий ижодининг мифология ва халқ поэтик анъаналарига ижодий ва янгича муносабати, фалсафий, илоҳий-ирфоний мазмундаги агиографик афсона ва ривоятларни ўзида бадиий синтезлаштиргани, халқ тарихи, санъати, этнографияси тасвири асосида этнографик, оғзаки ижод, жанр, мотив, образлари замирида стилизацион фольклоризмларни вужудга келтиргани аниқланган;
шоир ижодида ўзбек фольклорининг миф, афсона, ривоят, эртак, достон, латифа сингари эпик, лирик ва маросим қўшиқлари, йиғи-йўқловлар ҳамда паремик характердаги мақол, топишмоқлар, шунингдек олқиш, қарғиш каби сўз сеҳрига ишончни ифодаловчи кичик жанрлар стилизациясига хос шаклий ва мазмуний хусусиятлари далилланган;
Алишер Навоий ижодида халқ томоша санъати, маданияти, маросим ва урф-одатлари тасвири асосида вужудга келтирилган этнографик фольклоризмларнинг диний, мифологик, реал турмуш билан боғлиқ тарихий-ижтимоий илдизлари, ҳаётий уйдурмага асосланган бадиий мазмун асосида аниқланган;
Алишер Навоийнинг халқ достонлари, мотам маросими қўшиқлари, топишмоқ, олқишлар асосида яратган достон, марсия, марсия-ғазал, марсия-таркиббанд, луғз (чистон), муаммо, муножот, рубоий-олқиш, таърих-олқиш сингари жанрлар билан ўзбек мумтоз адабиётининг жанрлар таркибини бойитгани исботланган;
мифологик жанг, телбалик, фарзандсизлик, туш, сеҳрли рақамларга алоқадор фольклор мотивлари, аждар, дев, пари, Семурғ каби асотирий, фаришта, шайтон, жин, Хизр сингари диний-афсонавий, Наврўз, деҳқон, арус (келин), лўли, бозор, ит, тириклик суви каби образларидан тасаввуфий, илоҳий-ирфоний қарашларни ифодалашдаги шоир маҳорати асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Алишер Навоий ижодида фольклор жанр, мотив ва образлари стилизацияси масаласини тадқиқ этиш бўйича олинган илмий натижалар қуйидаги йўналишларда жорийланган:
Алишер Навоий ижодининг мифология ва халқ поэтик анъаналарига муносабати, фалсафий, илоҳий-ирфоний мазмундаги агиографик афсона ва ривоятларни ўзида бадиий синтезлаштиргани юзасидан чиқарилган илмий хулосаларидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтида бажарилган Ф1-ФА-0-43429, ФА-Ф1, ГОО2 рақамли «Қорақалпоқ фольклори ва адабиёти жанрларининг назарий масалаларини тадқиқ этиш» (2012-2016 йй.) мавзусидаги фундаментал илмий лойиҳаларда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қарақалпоғистон бўлимининг 2021 йил 19 февралдаги 24/01-сон маълумотномаси). Натижада оғзаки ижод жанр, мотив, образлари замирида стилизацион фольклоризмлар вужудга келиши аниқланган;
шоир ижодида ўзбек фольклорининг миф, афсона, ривоят, эртак, достон, латифа сингари эпик, лирик ва маросим қўшиқлари, йиғи-йўқловлар ҳамда паремик характердаги мақол, топишмоқлар, шунингдек, олқиш, қарғиш каби сўз сеҳрига ишончни ифодаловчи кичик жанрлар стилизациясига доир назарий хулосалардан ФА-Ф1-ОО5 «Қорақалпоқ фольклоршунослиги ва адабиётшунослигини тадқиқ этиш» (2017–2020 йй.) мавзусидаги фундаментал илмий лойиҳаларда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қарақалпоғистон бўлимининг 2021 йил 19 февралдаги 24/01-сон маълумотномаси). Натижада фольклор ва ёзма адабиёт жанрларининг назарий масалаларига оид таҳлилий маълумотлар такомиллаштирилган;
Алишер Навоийнинг ижтимоий, диний-тасаввуфий ғояларни ифодалашда афсона, ривоят, фольклорнинг анъанавий мотив ва образлари мазмунидан фойдаланишдаги маҳоратига доир илмий хулосалари 2018-2019 ўқув йили давомида Озарбайжон Республикаси Миллий илмлар академияси ва Баку давлат университетида амалиётга тадбиқ этилган (Озарбайжон-Туркманистон-Ўзбекистон адабий алоқалар бўлимининг 2021 йил 13 февралдаги 82-сон маълумотномаси). Натижада туркийзабон халқлар тасаввуф адабиётида муҳим аҳамиятга эга бўлган тасаввуфий ғояларнинг фольклор анъаналари воситасида ифода этилиши бўйича талабаларда янги тушунча ва кўникмаларни шакллантиришга, адабиёт таълими мазмунини чуқурлаштиришга, Озарбайжон Республикаси Баку давлат Миллий илмлар академиянинг «Озарбайжон – Туркманистон – Ўзбекстон адабий алоқалар» бўлимида ташкил этилган «Ўзбек адабиёти тарихи» ва «Шарқ халқлари тасаввуф адабиёти» курси юзасидан дарслар, семинарлар ташкил қилишга, соҳага оид ўқув қўлланмалар ва услубий кўрсатмалар яратиш режасини лойиҳалашга ёрдам берган;
фольклор буюк ўзбек мутаффаккири Алишер Навоий ижодиётининг ғоявий-бадиий такомилида, халқчиллиги таъминланишида асосий манбалардан бири эканлиги борасидаги илмий-назарий хулосалардан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Мир Араб олий мадрасасида «Тасаввуф», «Тасаввуф атамалари» сингари дарсларни ўқитишда, миллатимиз ифтихори саналган Мир Алишер Навоий таваллуди муносабати билан ўтказилган маънавий-маърифий тадбирларда тадқиқот натижаларидан фойдаланилган (Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Мир Араб олий мадрасасининг 2021 йил 17 июлдаги 82-сон далолатномаси). Натижада фаришта, шайтон, жин, Хизр сингари диний-афсонавий образлардан тасаввуфий, илоҳий-ирфоний қарашларини бадиий ифодалашдаги поэтик маҳорати билан боғлиқлиги асосланган;
Алишер Навоийнинг халқ оғзаки ижодига хос жанр, образ ва мотивлардан ижодий фойдаланиб, мумтоз адабиётда достон, чистон (луғз), муаммо, таърих, марсия сингари қатор жанрлар, турли мифологик ва афсонавий образ, мотивлар асосида ўз даври воқеликларини, ирфоний тушунчаларни ифодалашда санъаткорлик кўрсатгани, инсонни маънавий камолотга етакловчи  қарашларни халқ услубида  бадиий ифодалашга эришгани ҳақидаги илмий хулосалардан «Бухоро» телеканалининг «Долзарб мавзу», «Интервью плюс», «Ассалом, Бухоро», «Саккизинчи мўъжиза» кўрсатувларида фойдаланилган (Бухоро вилоят миллий телерадиокомпаниясининг 2021 йилнинг 16 мартдаги 1/78-сон маълумотномаси). Натижада мазкур ишнинг илмий натижалари воситасида ушбу телекўрсатувлар учун тайёрланган материалларнинг мазмуни мукамаллашуви, илмий-оммабоплиги, телетомошабинларнинг бадиий адабиётда комил инсонни камолотга етакловчи ғоялар, нафсни енгиш, покликка интилиш билан боғлиқ ахлоқий тушунча-қарашлари, билими кенгайиши, китобхонликка қизиқиши таъминланган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish