Sayt test rejimida ishlamoqda

Халиллаев Шерзод Алимбоевичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Зарарли хасва (Eurygaster integriceps Put.)нинг биоэкологик хусусиятлари ва унга қарши кураш чоралари», 03.00.06–Зоология (биология фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.2.PhD/B56.

Илмий раҳбар: Холматов Бахтиёр Рустамович, биология фанлари номзоди, катта илмий ходим.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Зоология институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Зоология институти, Ўзбекистон Миллий университети, DSc.29.08.2017.В.52.

Расмий оппонентлар: Кимсанбоев Хужамурат Хамрокулович, биология фанлари доктори, профессор; Зокиров Исломжон Илхомжонович, биология фанлари номзоди.

Етакчи ташкилот: Тошкент давлат педагогика университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: зарарли хасванинг биоэкологик хусусиятлари, табиий кушандалари тур таркиби, аҳамияти ва унга қарши кимёвий инсектицидларнинг биологик самарадорлигини аниқлашдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

зарарли хасванинг барча босқичларида унинг ривожланиш муддатлари ва давомийлиги, қишлаш ва кўпайиш хусусиятлари, биологик потенциалини тана вазни оғирлигига боғлиқлиги аниқланган;

зарарли хасва имагосида паразитлик қилувчи фазия пашшаларининг 3 та кулранг фазия (Phasia subcoleoptrata), олачипор фазия (Ectophasia crassipennis), қорамтир фазия (Helomiya lateralis) турлари ва уларнинг хасва популяцияси миқдорини чеклашдаги роли аниқланган;

зарарли хасва тухум паразитлари тур таркиби ва уларнинг “паразит-хўжайин” муносабатлари очиб берилган;

Ўзбекистонда зарарли хасвадан Aspergillus flavus (Link.), Scopulariopsis brevicaulus (Sacc.) Bain., Paecilomyces sp. ва Cordyceps sp. замбуруғ турларининг хасва энтомопатоген микроорганизми сифатидаги аҳамияти исботланган;

Beauveria brangniarti энтомопатоген замбуруғининг ВД-85 штамми хасва имагоси ва личинкаларига нисбатан патогенлиги исботланган;

кузги буғдой агроценозларида зарарли хасвага қарши кураш самарадорлигини ошириш учун фойдаланиладиган фенологик календари тузилган;

зарарли хасвага нисбатан турли гуруҳга мансуб бўлган инсектицидларнинг биологик самарадорлиги аниқланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:

Ўзбекистонда кузги буғдой агроценозларида зарарли хасвага қарши кураш чора-тадбирлари бўйича олинган илмий натижалар асосида:

зарарли хасвага қарши жами 6 номдаги кимёвий препаратлар Давлат Кимё комиссиясининг “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигида ўсимлик зараркунандалари, касалликлари ва бегона ўтларига қарши фойдаланиш учун рухсат этилган кимёвий ва биологик ҳимоя воситалари, дефолиантлар ҳамда ўсимликларининг ўсишини бошқарувчи воситалар рўйхати”га киритилган (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2017 йил 17 августдаги 07/23-654-сон маълумотномаси). Кимёвий препаратлар ғалла экинларини зарарли хасвадан ҳимоя қилиш ва унга қарши курашиш имконини берган;

кузги буғдой агроценозларида зарарли хасвага қарши Альфацид эм.к. (100 г/л), Децибан (25 г/л), Химфокс 40% эм.к. кимёвий препаратлари ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари далаларига жорий қилинган (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2017 йил 17 августдаги 07/23-654-сон маълумотномаси). Илмий тадқиқот натижалари зараркунандани 86-90% бартараф этиш ва кузги буғдой ҳосилдорлигини оширишга имкон берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish