Sayt test rejimida ishlamoqda

Аминова Дилноза Хикматилла қизининг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Интернет журналистика контекстида миллий маданиятларнинг ўзаро таъсири тенденциялари ва муаммолари (Ўзбекистон, Буюк Британия ва Хитой етакчи интернет нашрлари мисолида)”, 10.00.09 – Журналистика (филология фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.3.DSc/Fil98.
Илмий маслаҳатчи: Маматова Якутхон Мухаммаджоновна, филология фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон давлат жаҳон тиллар университети,  DSc.03/30.12.2019.Fil/Ped.27.01.
Расмий оппонентлар: Норматов Карим Норматович, тарих фанлари доктори профессор; Худойқулов Мухтор филология фанлари доктори, профессор. Мухамедова Саодат Худойбердиевна, филология фанлари доктори, профессор. 
Етакчи ташкилот: Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади интернет журналистика контекстида миллий маданиятларнинг ўзаро таъсири тенденциялари ва муаммоларини Ўзбекистон, Буюк Британия ва Хитой етакчи интернет нашрлари фаолияти мисолида очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
интернет журналистикасининг илмий-назарий асослари жаҳондаги муайян минтақа ва мамлакат иқтисодий-технологик тараққиёти ҳамда интернет медиаларнинг фаоллашувига мос тарзда ривожланиши уч мамлакат  интернет журналистикасининг  Ўзбекистонда – 1996-2002, 2007 2010, 2010-2021 йилларда, Буюк Британияда – 2001-2006, 2009-2011, 2012-2021 йилларда, Хитойда – 1993-1996, 2000-2021 йиллардаги тадрижий такомили асосида далилланган; 
Ўзбекистон, Буюк Британия ва Хитой етакчи интернет ОАВда миллий маданиятни ёритиш тамойиллари, меъёрлари, жанр ва услубларини аниқлаш орқали интернет журналисти компетенциясининг муштарак (ранг, товуш, навигация, фото, аудио ва видео материаллар) ва фарқли (Ўзбекистонда - воқеа тафсилотлари, ҳиссий сўз бирикма ва кечинмалар, Буюк Британияда - аниқ фактлар, мультимедиа, кенг қамровли материаллар тафсилоти, Хитойда - катта ҳажмдаги визуал ва мультимедиавий имкониятлар) жиҳатлари очиб берилган; 
Ўзбекистон интернет ОАВнинг янги сифат даражасига кўтарилиши тамойиллари (мамлакат ижтимоий-маданий янгиланиши 2016-2021 йиллар) етакчи интернет нашрларининг кўп миллатли жамиятда бағрикенгликнинг қарор топишига  таъсири кўлами, шакл ва усуллари (контент, дизайн, матн, овоз, тасвир, инфографика) веб-сайтлардаги «Маданият» рукни материаллари асосида очиб берилган; 
уч мамлакат интернет ОАВда жанрлар эволюциясидаги тамойил ва қонуниятлар (Ўзбекистонда - фоторепортаж, фотолента, фотошарҳ, интервью, мониторинг, лонгрид, сторителлинг, Буюк Британияда - «тўнкарилган пирамида», таҳлилий ҳисобот, лонгрид, сторителлинг, Хитойда - ахборот, фотолента, фотошарҳ, кичик мақола, жанрлари)ни аниқлаш орқали уларнинг интеграцион фаолиятини таъминлашга қаратилган ижодий, ташкилий ва технологик  омиллар аниқланган;
турли маданиятлар вакиллари бўлган интернет журналистлари ижодий лабораториясининг таркибий унсурлари (контент воситасида аудитория билан тескари ва интерфаол алоқа ўрнатиш, тил, услуб, ёндашув хусусиятлари,  факт талқини)ни аниқлаш орқали Ўзбекистон интернет нашрларининг контент визуаллашуви, технологик заҳиралар, гиперматнлилик, интерфаоллик ва мультимедиавийликни фаоллаштиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Интернет ОАВда миллий маданиятларнинг ўзаро таъсири тенденциялари ва муаммоларини ёритишда олинган илмий натижалар ва амалий таклифлар асосида:
интернет журналистиканинг илмий-назарий асослари, маданиятлараро коммуникациянинг мазмуни, кўринишлари, интернет ОАВдаги ифодаларига доир илмий тадқиқотларнинг танқидий-қиёсий таҳлили юзасидан олинган натижалар асосида миллий маданиятни, Ўзбекистонда маданий ранг-баранглик, миллатлараро тотувликни  тарғиб қилишда Республика Маданият вазирлигининг 2019-2020 йилларга мўлжалланган режасига асосан ахборотларни кенг жамоатчиликка етказишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2020 йил 2 июндаги 01-12-14-2169-сон далолатномаси). Натижада вазирлик веб-сайтида миллий маданият мавзусини самарали ёритишга қаратилган илғор форматлар ва жанрларни қўллашга, контентни  визуаллашувига эришилган;
интернет ОАВда миллий маданиятни ёритиш тамойиллари, меъёрлари, жанр ва услублари, «Маданият» рукни материалларининг  тадқиқоти юзасидан олинган натижалар асосида «Qalampir.uz» ахборот-таҳлилий интернет нашрининг миллий ва хорижий кино, санъат, мусиқа ва театр масалаларига оид материалларни чоп этиш  ва маданият арбоблари билан интервью ўтказиш фаолиятини такомиллаштиришда фойдаланилган («Qalampir» МЧЖнинг 2020 йил 9 июндаги Q-09/06-сон маълумотномаси). Натижада ушбу интернет нашрда миллий маданият ва миллий ўзликни сақлаш ва ривожлантиришга оид туркум материаллар тайёрланган  ва чоп этилган; уларнинг жанрий ранг-баранглиги,  визуал захираларини яхшилашга эришилган, контент тизимига “Мамлакатлар ва маданиятлар” рукни киритилган;   
интернет ОАВда миллий маданият мавзусини ёритишда интернет журналисти маҳорати, муаллиф позицияси, холислик, бағрикенглик, кўпфикрлилик тамойилларининг ишлаши масалалари юзасидан олинган илмий натижалардан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси веб-сайтида 2019 йилнинг октябрь ойидан 2020 йилнинг май ойигача уюшма ташкил этган амалий анжуманлар, журналистлар ва ОАВ раҳбарлари учун ўтказилган қатор форумлар ва семинар-тренингларда Ўзбекистон интернет ОАВда маданий янгиланиш жараёнларининг ўзига хослиги, мультимаданий жамиятлар шароитида Буюк Британия ва Хитой интернет журналистикасида санъат, маданият фестиваллари хусусида ахборот тақдим этишда қўлланилган (Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг 2020 йил 9 июндаги 16/195-сон маълумотномаси). Натижада интернет журналистлари ва блогерлар учун маҳаллий ва хорижий ахборотларни  бериб бориш, аудиториянинг билим даражасини оширувчи назарий-методологик ахборотларга урғу бериш,   бунда ахлоқий тартиб-қоидаларига риоя этиш, контентни визуаллашуви инструментлари  каби касбий индикаторларни ишлаб чиқиш имконини берган;
интернет ОАВда жанрлар эволюциясидаги тамойил, қонуният ва тенденциялар юзасидан олинган хулосалар асосида мамлакатнинг миллий маданиятини сақлаш ва ривожлантириш бўйича жонбозлик кўрсатувчи Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси веб-сайтини такомиллаштиришда фойдаланилган (Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг 2020 йил 3 июндаги 1-146-сон маълумотномаси). Натижада  «Миллий тикланиш» Демократик партияси веб-сайти контентини партиянинг маданият жабҳасидаги ғоя ва мақсадларини оммалаштириш, унинг сайловолди кампанияси хусусидаги материалларни турли жанрларда бериш орыали сифатини оширишга ва бойитишга хизмат қилган; 
хорижий интернет ОАВнинг мультимедиавий имкониятлари, Ўзбекистон интернет нашрларининг контент визуаллашуви, технологик заҳиралар, гиперматнлилик, интерфаоллик ва мультимедиавийликни фаоллаштиришга қаратилган ижодий, ташкилий ва технологик омилларга доир олинган натижалардан Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан молиялаштирилган Ўзбекистон Республикаси Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институтининг 2019-2021 йилларга мўлжалланган «Камуфляж» ёпиқ инновацион лойиҳаси доирасида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари алоқа ҳарбий институтининг 2021 йил 18 январдаги 75-сон маълумотномаси). Натижада ушбу инновацион лойиҳа доирасида Ўзбекистон интернет медиалари фаолияти самарадорлигига таъсир этувчи мезонларни ишлаб чиқишга эришилган. 

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish