Sayt test rejimida ishlamoqda

Ҳасанов Абдуманнон Мажидовичнинг фалсафа доктори (PhD)диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
 
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбек адабий тилидаги лексик лакуналарнинг диалектал асослари”, 10.00.01 – Ўзбек тили (филология фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.2.PhD/Fil1263.
Илмий раҳбар: Тоғаев Тўлқин Маманазарович, филология фанлари номзоди, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, DSc.03/30.12.2019.Fil.19.01.
Расмий оппонентлар: Мухамедова Саодат Худойбердиевна, филология фанлари доктори, профессор; Усманова Шоира Рустамовна, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади адабий тил лексикасидаги лакуналарни тўлдиришда шева имкониятларини аниқлаш, лексик лакуналарнинг диалектал сўзлар билан тўлдириш меъёрлари ва мезонларини ишлаб чиқиш, ўзбек адабий тилининг бойиши ва ифода имкониятлари ошишида шева сўзларининг аҳамиятини ҳамда адабийлашиш имкониятларини очиб беришдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ўзбек адабий тили лексикасидаги бўшлиқларнинг шева сўзлари билан тўлдирилиш жараёнлари адабий тил лексикасининг сўнгги юз йилликдаги тадрижи мисолида очиб берилган ва мазкур жараёнда амал қиладиган қонуниятлар аниқланган;
тилшуносликда лакуна ҳодисасининг воқеланиши, унинг ёндош тушунчалардан, хусусан, реалиядан фарқланишига ойдинлик киритилган, лексик лакуналарнинг тилда доим учраб туриши, уларнинг англаниши ва тўлдирилиши тил лексикасининг тўкислашувига хизмат қилиши тил ва тафаккурнинг биргаликда ривожланишига боғлиқ тарзда очиб берилган;
адабий тилдаги лексик лакуналарни шевалар лексикасига қиёсан аниқлаш  меъёрлари белгиланган ҳамда мазкур лакуналарни диалектал сўзлар билан тўлдириш мезонлари ишлаб чиқилган; 
шеваларда фаол қўлланилувчи маиший турмуш ва кундалик хўжалик фаолияти билан боғлиқ муҳим диалектал сўзларнинг адабий тил лексикасидаги бўшлиқларни тўлдириш имкониятлари асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Адабий тил ва шевалар лексикасини қиёслашда аниқланган лексик лакуналар ва уларни тўлдиришга муносиб диалектал сўзлар таҳлили бўйича олинган илмий натижалар асосида:
соҳавий терминларни ўзбекчалаштириш, айниқса, соҳа лексикасида ҳали оммалашиб улгурмаган тушунчаларни ўзбекча номлашга доир амалий ва назарий хулосалардан ФЗ - 202001063  рақамли “Хореографик терминлар  изоҳли  луғати  ва унинг мультимедиа шаклини  яратиш” мавзусидаги (2020-2021) амалий лойиҳада фойдаланилган (Tошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2021 йил 25 сентябрдаги 04/1-1729-сон маълумотномаси). Натижада хореографик тушунчаларни номловчи  жаққу, мокки, муқомлар, силдирма, чағалак каби сўзлар хореографик терминлар изоҳли луғатига киритилган ва шу орқали соҳага оид айрим тушунчаларнинг ўзбекча номланишига эришилган;
адабий тил ва шевалар лексикасининг фарқланиши, уларнинг ўзаро таъсирлашуви борасидаги илмий-назарий хулосаларидан ПЗ-2017-1024335 рақамли “Ўзбек шеваларининг лингвокультурологик тадқиқи” мавзусидаги (2018-2019) амалий лойиҳанинг назарий қисмида фойдаланилган (Tошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2021 йил 25 сентябрдаги 04/1-1729-сон маълумотномаси). Натижада нашр этилган монография дамкач, кампирўлди, биқтирма, ғилминди, болғиштак каби диалектал сўзларнинг адабийлашув имкониятлари, лингвомаданий хусусиятларига доир илмий маълумотлар билан бойитилган; 
адабий тилдаги лексик лакуналар ва уларни тўлдиришга муносиб шева сўзлари ҳақидаги илмий хулосалар ва материаллардан “Ўзбекистон” телерадиоканали ДУК “Маданий-маърифий ва бадиий эшиттиришлар” муҳарририяти томонидан эфирга узатилган “Миллат ва маънавият”, “Адабий жараён”, “Таълим ва тараққиёт” радиоэшиттиришлари сценарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон” телерадиоканали ДУКнинг 2021 йил 20 майдаги 04-25-769-сон маълумотномаси). Натижада радиоэшиттиришларнинг фактик материаллар билан бойитилишига ва мазмунли бўлишига эришилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish